Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ароқ ҳақида

21:15 / 30.12.2021 | Sarvar | 1244

Ассалому алайкум! Бир киши намоз ўқийдиган оғайнисига агар бир ҳақ бериб битта ароқ олиб берсанг янги йилдан намозга ўтаман деган. Сўзим жиддий деяпти. Оғайниси эса ароқ олиб беролмайман мумкин эмас деяпти. Айтингчи агар бу инсон ростдан ҳам бу ишдан кейин намоз ўқиши аниқ бўлса унга бир марта ароқ олиб бериб намозга киришига сабабчи бўлиш мумкинми? Яъни бу инсон яхшилик йўлида ёлғон мумкинку деб бу масалага мисол келтирмоқда.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳаром. Олиб бермасин. Олиб берса гуноҳига шерикдир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ хамрни, унинг ичувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, сотиб олувчисини, сиқувчисини, сиқтирувчисини, кўтарувчисини ва кўтартирувчисини лаънатлади», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Савдо» китобида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хамрга алоқадор ўн кишини лаънатлаганлари ҳақида ҳадис келиб, унда ҳам ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинаётган баъзи шахслар тилга олинган эди.
Аммо бу ҳадиси шарифда лаънатлаш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан эмас, Аллоҳ таоло томонидан бўлмоқда. Шунинг ўзи иш қанчалар жиддий эканини кўрсатади. Аввало Аллоҳ таоло хамрнинг ўзини лаънатлаши таъкидланмоқда, сўнгра эса, унга алоқадор шахсларнинг лаънати келмоқда.
Келинг, бир оз такрор бўлса ҳам ушбу ҳадисда хамр туфайли Аллоҳ таолонинг лаънатига учраган шахслар билан яқиндан танишайлик, шояд улардан йироқда бўлишимизда фойда берса. Аллоҳ таоло хамрни ва унга алоқадор қуйидаги шахсларни лаънатлайди:
1. Ичувчисини.
Хамрга алоқадор тоифалар ичида асосий айбдор тоифа шу тоифадир. Қолган барча тоифалар ҳам шу тоифа учун ҳаракат қилади. Ушбу хамрни сотиб олиб ичувчи маълум тоифанинг пулини олишга ҳаракат қилади.
 2. Қуйиб берувчисини.
Бу ҳам, яъни ароқхўрларга косагуллик қилиш ҳам хамр ва унинг ҳукмидаги нарсалар равнақи учун хизмат. Шунинг учун бу ишни қилувчи одам ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди.
3. Сотувчисини.
Хамр ва хамр ҳукмидаги барча нарсаларни сотувчиларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг лаънатига дучор бўладилар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани сотгандан кейин бошқа нарса бўлиши ҳам мумкин эмас.
Ҳозирги кунимизда маст қилувчи ичимликларни, наркотик моддаларни сотувчилар инсониятга қанчалар зарар келтиришлари яна ҳам очиқ-ойдин намоён бўлиб турибди. Инсонлар чиқарган қонунлар қонун чиқарувчиларга зарар келтирмайдиган нарсани сотганларни жазоламайди.
Мисол учун, ҳозир фақат наркотик моддаларни сотадиган қочоқ савдогарларгина жазога тортилади. Келажакда бу моддаларни ҳам маст қилувчи ичимликлар каби қонунлаштириб олишлари ҳеч гап эмас. Илоҳий қонунлар эса инсониятга зарар етказувчи ҳар бир нарсани сотганни жазога лойиқ деб топади. Бу ҳолни яхши тушунмоғимиз лозим.
4. Сотиб олувчисини.
Хамр ва унинг ҳукмидаги ҳаром, маст қилувчи нарсаларни сотиб олувчи, ўзи уларни истеъмол қиладими-йўқми, барибир гуноҳкордир. Мазкур нарсаларни сотиб олиш, ўша ҳаром нарсанингларни ривожига ҳисса қўшмоқдир. Бу эса, Аллоҳнинг лаънатига яраша ишдир.
5. Сиқувчисини.
Ўша вақтда хамр сиқиб тайёрлангани учун шундоқ дейилган. Бу сўзни бугунги кунимиз тилида айтадиган бўлсак, тайёрловчиси, деймиз. Демак, маст қилувчи ичимлик ва моддаларни тайёрловчилар Аллоҳнинг лаънатига учрайдилар. Улар учун бу дунёдаги барча тузумларнинг лаънати, қамоғи, турли жазолари етарли эмас. Охиратда Аллоҳ дўзахга ҳам солади.
6. Сиқдирувчисини.
Бу тоифа сиқувчи тоифадан ҳам ёмондир. Чунки, биринчи тоифани ишга соладиган ҳам шу тоифадир. Инсонлар учун зарарли бўлган турли маст қилувчи ичимликлар ва турли сархуш қилувчи моддаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўювчилар шулардир. Буларга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлади. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун амр берганлар ҳам шулар қаторидадир.
7. Кўтарувчисини.
Мазкур ҳаром нарсага ҳаммоллик қилувчи киши ҳам Аллоҳнинг лаънатига сазовордир. Хом ашёни тайёрлаш, жойига олиб боришда ҳаммоллик қиладими ёки тайёрлаш жойидами, сотиш жойидами ёки сотиш жойидан истеъмол жойигами – барибир. Ҳозирги кунда бутун дунё қарши курашаётганига қарамай лаънати ҳаммолларнинг фаолияти туфайли қора дори ва унга ўхшаш ҳаром нарсалар бутун дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни беҳуда лаънатламаган эканлар.
8. Кўтартирувчисини.
Ароқ ва унинг ҳукмидаги ҳаром нарсаларнинг ҳаммолларини ишга солувчи, уларга пул бериб ишлатувчи ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига қолгай.
Хамр тўғрисидаги огоҳлантиришлар ичида ушбу ҳадиси шарифга ўхшаш қаттиқ ҳукмга далолат қилувчиси бўлмаса керак. Биз, одатда, агар ўта диндор бўлсак, хамр истеъмол қилувчига нафрат қилиш билан кифояланиб қоламиз. Аслида эса хамрга алоқадор барча шахслар Аллоҳ таолонинг лаънатига қолган эканлар. Шунинг учун уларнинг ҳаммасидан нафратланишимиз лозим. Уларга насиҳат қилиб, ҳалол-пок йўлга чорлашимиз лозим.  Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat