Ассалому алайкум! Ёш болаларнинг балоғат ёшигача бўлган гуноҳлари учун ота онага ёзиладими? Биламизки, болалар гуноҳ қилсалар улар қиёматда жавобгарликка тортилмайди. Лекин гуноҳи кабира ёки гуноҳи сағиралар учун ҳам ушбу қоида амал қиладими? Ўртоқларим билан тортишиб қолдик. Балоғатга етмасдан вафот этган бола жаннатга кириши ҳақидаги заиф ҳадис ҳақида биламиз. Лекин болаларнинг кабира гуноҳлари учун ота она жавоб берадими? Ўртоқларим: Нега унда Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли Аллоҳга осий бўлганда Нуҳ алайҳиссалом жавобгар бўлмаган, балоғатга етиш давомидаг ҳам ўгли Аллоҳга шаҳодат келтирмаганку дейишмоқда. Илтимос яхшироқ тушунтириб берсангиз шу масалани. Аллоҳ қилаётган ишларинг учун Ўз фазлини кўпайтириб берсин.
– Ва алайкум ассалом! Ҳар бир банда ўз амали учун жавобгардир. Барча ўзи қилган гуноҳи учун жазо, ибодати учун мукофот олади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади.
أَلَّا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَى وَأَنْ لَيْسَ لِلْإِنْسَانِ إِلَّا مَا سَعَى
Албатта, ҳеч бир гуноҳкор бошқанинг гуноҳини кўтармас. Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ. (Нажм сураси 38-39 оятлар).
Шунга кўра, ота-оналарнинг бўйнига фарзандларининг қилган гуноҳлари тўғридан тўғри юкланмайди. Лекин, ота-оналар ўз фарзандларини ҳаром ва ҳалолни ажратадиган, ибодатларни қоим қиладиган, гуноҳ ва маъсиятларга қўл урмайдиган қилиб тарбия қилмаганликлари учун жавобгар бўладилар.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلائِكَةٌ غِلاظٌ شِدَادٌ لا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ
Эй, иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар. (Таҳрим сураси 6 оят)
عن عبد الله بن عمر رضي الله عنهما أنَّهُ سَمِعَ رَسولَ اللَّهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ يقولُ: كُلُّكُمْ رَاعٍ ومَسْؤُولٌ عن رَعِيَّتِهِ؛ فَالإِمَامُ رَاعٍ وهو مَسْؤُولٌ عن رَعِيَّتِهِ، والرَّجُلُ في أهْلِهِ رَاعٍ وهو مَسْؤُولٌ عن رَعِيَّتِهِ، والمَرْأَةُ في بَيْتِ زَوْجِهَا رَاعِيَةٌ وهي مَسْؤُولَةٌ عن رَعِيَّتِهَا، والخَادِمُ في مَالِ سَيِّدِهِ رَاعٍ وهو مَسْؤُولٌ عن رَعِيَّتِهِ. قالَ: فَسَمِعْتُ هَؤُلَاءِ مِن رَسولِ اللَّهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ، وأَحْسِبُ النَّبيَّ صلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ قالَ: والرَّجُلُ في مَالِ أبِيهِ رَاعٍ وهو مَسْؤُولٌ عن رَعِيَّتِهِ، فَكُلُّكُمْ رَاعٍ وكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عن رَعِيَّتِهِ.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир. Имом мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Эркак ўз оиласида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Аёл эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Ходим ўз хожасининг молу мулкида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Демак, ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир». Ҳа, мен буларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим. Менимча, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эр киши отасининг молида мутасаддидир ва у ўз раиятига масъулдир. Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагиларига масъулдир», ҳам деганлар».
Имом Бухорий ва Муслим ривояти. Валлоҳу аълам!