Ассалому алайкум! Ишхонамизда ишлайдиган бир аёл эрталаб ишга келаётганимизда қатлама (патир) пишириб чиқибди. Боламнинг мазаси бўлмади шунга қатлама қилгандим енглар деди. Мен хам индамай олиб едим. Бундай қилиш динимизда йўқ эканлигини биламан, лекин айта олмадим. Хаммамиз ойлик маошга кун кўрамиз. Лекин у аёл эри билан ажрашган фарзандлари вояга етмаган. Мен эса кейин ёнимдаги ишчига эртага ойлик олсак озгина пул йиғиб пулини берайлик, чунки бу фарзандларини ризқи бизга халол бўлмайди дедим. Бу гапим тўғрими ёки умаман емаслигимиз керак эдими?
– Ва алайкум ассалом! Динда “қатлама пишириб эҳсон қилса бемор тузалади” деган кўрсатма йўқ. Агар ўша қатламани ўзининг ҳалол молидан тайёрлаган бўлса ейишингизнинг зарари йўқ.
“Жамиъу аҳкаамиссиғор” китобида “Ота-она боланинг молига муҳтож бўлса ёш боланинг мулкидан эҳтиёжи даражасида ейиши мумкин. Агар ўзининг моли бўлсаю, лекин чўл каби жойда пулсиз қолиб боланинг молидан еса, еганининг қийматини тўлайди” дейилган. Шунинг учун еганингларни ҳаққини болага тўлаб қўйинглар. Сизга янада тушунарли бўлиши учун бир масалани айтиб берамиз.
Болани хатна қилинди, одамлар ҳадялар келтиришади ва боланинг олдига қўйишади. Бу сурат икки ҳолатдан иборат бўлади. Бу бола учун ҳадя дейилади(бу нарсалар боланинг шахсий мулкига кириб унда ҳеч кимни ҳаққи бўлмайди). Ёки бола учун эканлиги очиқ-ойдин айтилмайди. Иккинчи ҳолатда икки жавоб бўлади. Агар ҳадя фақат болага хос нарсалар бўлса масалан ёш болларни кийими ёки ёш болалар истеъмол қиладиган насалар бўлса бу ҳадя урф-одатга биноан боланинг мулки ҳисобланади. Агар ҳадя ота-оналар ҳам ишлатса бўладиган нарсалардан бўлиб, болага тегишли нарса бўлмаса масалан пул ёки уй жиҳозлари каби, бунда қаралади, агар ҳадя қилувчи отанинг қариндоши ёки танишларидан бўлса ҳадя отанинг мулки ҳисобланади. Агар ҳадя қилувчи онанинг қариндоши ёки танишларидан бўлса онанинг мулки ҳисобланади.
Юқорида кўриб турганингиздек эр-хотин, бола булар бир оиланинг аъзолари бўлса ҳам мулклари алоҳида бўлиш, бир-бирининг мулкига тажовуз қилиши, рухсатисиз ишлатиши, вафот топса кимдан мерос қолиши, ёш бола бўлса рухсат берса ҳам унинг насрасидан фойдаланмаслик келиб чиқади. Валлоҳу аълам!