Ассалому алайкум! Уйланганман битта қизим бор сал инжиқ кечаси билан ухламайди биз аёлим билан 5 вахт номоз ўқиймиз қизим ёш 5 ойли кечаси билан аёлим қизимга қараб тўғри дам ололмайди ерталаб бомдодга уйгатаман ериниб уйганади айрим пайт ёк окимайман боринг озиз окий веринг дейди мажбурлаган кунларимхам болган олдин унака мас еди нима килай маслахат беринг илтимос олдиндан рахмат жавоб
– Ва алайкум ассалом! Сиз ҳикмат билан чақиришда давомли бўлинг. Аллоҳ таоло "Таҳрим" сурасида марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ
6. «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлу аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар».
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ўзларини ва аҳли аёлларини охират оташидан сақлашга буюрмоқда.
«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг».
Мазкур дўзах оловидан сақлаш гуноҳларни тарк этиш ва тоат-ибодат қилиш билан бўлади. Охират оташ-олови бу дунёнинг оловидан фарқ қилади. Унинг ёқилғиси одамлардан ва тошдан иборат бўлади. Яъни бу дунёда иймонга келмай, гуноҳ қилиб, Аллоҳнинг амрига бўйсунмай, осий ўтган бандаларнинг жасади ўша ўтга ёқилғи бўлади. Фақат инсон танасининг ўзи куйса, унча қизимай қолмасин, деб тош ҳам қўшимча ёқилғи қилинади. Эҳтимол, ушбу оятлар нозил бўлган даврда тошнинг ёқилғи бўлиши кишиларнинг тасаввурига келмагандир. Аммо тошкўмир чиққандан кейин тош қанчалик юқори иссиқлик берувчи ёқилғи экани ҳаммага маълум бўлди.
Дўзахнинг яна бир даҳшатли томони – унинг қўриқчилари қўпол ва шафқатсиз фаришталардир.
«Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар».
Улардан ҳеч ким қочиб, қутула олмайди. Шу билан бирга, мазкур фаришталар Аллоҳ таолога мутлақ итоатдадирлар, нимага амр қилса, ўшанга оғишмай амал қиладилар.
Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканига ушбу ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй» деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича, эр хотин учун, ота фарзандлари учун ҳам масъулдир. Қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради. Ушбу оят маъносидаги ҳадиси шарифлар ҳам бор.
Ҳазрати Умар ушбу ояти карима нозил бўлгандан сўнг:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ўз нафсимизнику сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Набий алайҳиссалом:
«Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади», деб жавоб берганлар.
Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.
Ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: «Эй аҳлим, намоз ўқинг, рўза тутинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг, шоядки, Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса», деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деганлар.
Демак, ҳар биримиз хотинимиз, ўғлимиз, қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо ўз вақтида бажаришларини қатъият билан талаб қилиб туришимиз керак. Валлоҳу аълам!