Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бозордаги ишчи

19:57 / 20.02.2022 | Jalol | 959

Ассалому алайкум! Мен бозорда ишчи сифатида ишлиман. Ойлигим кунбай ва оладиганим аниқ, лекин савдо сустроқ бўлган пайт ойликни ярим беришади бугун кам бўлди кўрдилаку деб. Бошқа куни Савдо зўр бўлиб кетса қўшимча пул сўрасак кунбайга шу пулга гаплашганмиз деб туради ва савдо кам бўлганда кам олган пулимизни қўшиб ҳам бермайди. Бу инсонга қандай йўл билан тушунтириш мумкин? Оҳиратда жавобгар бўлиб қолиши мумкинми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Савдо кам бўлган куни ҳам яхши бўлган куни ҳам келишилган миқдорни бериши шарт. Акс ҳолда ҳадисда келган ваъид остига тушади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قَالَ اللهُ تَعَالَى: ثَلَاثَةٌ أَنَا خَصْمُهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: رَجُلٌ أَعْطَى بِي ثُمَّ غَدَرَ، وَرَجُلٌ بَاعَ حُرًّا فَأَكَلَ ثَمَنَهُ، وَرَجُلٌ اسْتَأْجَرَ أَجِيرًا فَاسْتَوْفَى مِنْهُ وَلَمْ يُعْطِهُ أَجْرَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Аллоҳ таоло: «Мен қиёмат куни уч тоифанинг хусуматчиси бўлурман: Мен билан (аҳд) бериб, кейин алдаган одамнинг, ҳурни сотиб, баҳосини еган одамнинг ва мардикор ёллаб, ишлатиб, ҳаққини бермаган одамнинг», деди», дедилар». 
Бухорий ривоят қилган. 
Шарҳ: Ушбу ҳадисда уч тоифа энг ёмон одамлар ҳақида сўз бормоқда. Чунки қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи хусуматчи бўлиши енгил иш эмас.
1. «Мен билан (аҳд) бериб, кейин алдаган одамнинг». 
Ўзаро муомалаларда ишонч катта ўрин тутади. Шунинг учун ҳам одатда шерик тарафни ўзига ишонтириш учун баъзилар Аллоҳ таолони ўртага қўшадилар. Аллоҳ таолонинг номи билан ваъда берадилар. Иккинчи томон Аллоҳ таолони ўртага қўшиб гапиряпти-ку, алдамас, деб унга ишонади, керакли нарсага рози бўлади. Кейин эса ҳалиги Аллоҳ таолонинг номи билан аҳд берган одам аҳдни бузади – иши битиб олгандан кейин хиёнат қилади. Бу нобакор одам роса бопладим, қойил қилдим, деб хурсанд бўлиши ҳам мумкин. Лекин қиёмат куни шармандаси чиқади. Қиёмат кунининг эгаси бўлмиш Зот – Аллоҳ таолонинг Ўзи унга хусуматчилик қилади.
Қиёмат куни Аллоҳ таоло хусуматчилар орасида ҳукм чиқаради. Аммо У Зот ўша куни Аллоҳ номи билан аҳд бериб туриб, кейин алдаганларга нисбатан Ўзи хусуматчи бўлади. Ҳукм чиқарувчи қозининг ўзи хусуматчи бўлган одамнинг ҳоли қандай бўлишини билиб олиш қийин эмас. Шунинг учун ҳам зинҳор Аллоҳнинг номи ила аҳд бериб туриб, алдамаслик керак.
2. «Ҳурни сотиб, баҳосини еган одамнинг».
Инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган энг улкан неъматлардан бири ҳурриятдир. Бу неъматни ундан тортиб олиб, уни қул қилиш энг катта жиноятлардан биридир.
Шунинг учун ҳам ҳур инсонни қул қилиб сотиб, баҳосини еган одамга Аллоҳ таолонинг Ўзи қиёмат куни хусуматчи бўлади. Бу шаклда молу мулк топиш энг ҳаром ишлардан саналади.
Жоҳилият вақтида бу ишни қиладиган одамлар кўп эди. Мисол учун, Зайд ибн Ҳориса, Салмон Форсий, Суҳайб Румий ва Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳумлар ҳур кишилар бўлиб, уларни мушриклар зулм ила қул қилиб юборишган эди.
Ислом қулчиликка қарши кураш олиб бориш жараёнида қулларни озод қилиш учун кўрган барча чора-тадбирлар билан бир қаторда, ҳурларни қул қилиш йўлларини ҳам тўсди.
Ушбу ҳадиси шариф ҳам бу борада кўрилган энг кучли чоралардан биридир. Ҳурни сотиб, баҳосини еганга Аллоҳ таоло ҳусуматчи бўлади.
3. «Мардикор ёллаб, ишлатиб, ҳаққини бермаган одамнинг».
Бировни маълум ҳақ бераман, деб ишга ёллаб, ишлатиб олгач, ҳаққини бермай юрган одам ҳам катта гуноҳ қилган, бировнинг ҳаққини еган бўлади.
Аввалги ҳолатда инсоннинг ҳуррият ҳаққи поймол этилган бўлса, бу ҳолларда унинг меҳнат ҳаққи поймол қилинмоқда. Инсон ҳуқуқларини поймол қилган кишига ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи қиёмат куни хусуматчи бўлади.
Кимки қиёмат куни Аллоҳ таоло менга хусуматчи бўлмасин, деса, ишлатган ишчисининг ҳаққини ўз вақтида тўлиқ берсин, меҳнаткашнинг ҳаққини поймол қилмасин. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).  Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat