Ассалому алайкум, Шайх Ҳазратлари! Аллоҳ илмингизни бунданда зиёда айласин, бизларнинг бахтимизга умрингизни узоқ килсин! Сиздан бир масалада маслаҳат сўрамоқчиман. Бомдод намозидан сўнг дам олаётганимда тушимда қуйидаги ҳолатга дуч келдим. Аёлим билан мен машинада анҳор бўйлаб бир кўчадан кетаётганимизда аввалига қисқагина, лекин йўлни кўрса бўладиган туманга дуч келдик, бир оз юргач, бу туман бутунлай тарқаб кетди. Шу пайт йўл бўйидаги уйлардан бирининг деворига менинг исмим ёзилган бир ёзувни кўриб қолдим. Диққатимни жамлаб ёзувни ўқишга ҳаракат қилдим ва ундан бир аёлнинг унинг ёш қизчасини асраб олиш маъносидаги илтимосини уққандай бўлдим. Шу ёзув битилган уйдан ёши каттароқ бир аёл чиқди ва ундан бу ёзувдаги аёлнинг илтимосида кўрсатилган қиз ҳақида сўрагандим, бу аёл қизнинг исми, фамилияси ёзилган бир кичик тиббий маълумотномани кўрсатди, маълумотномада қизнинг исми-шарифидан ташқари, унинг камқонлик касали ҳақида ёзилганди. Мен аёлдан қизчани менга кўрсатишини илтимос қилгандим, қизча 2 ёшлар атрофидаги оппоқроқдан келган қизча экан. Аёлимнинг кўринишидан бу қизчани асраб олишимизга қарши эмаслиги маълум эди, қайтанга, "камқон касали бор экан холос" (яъни "тузатиб олса бўладику" деган маънода) деди. Шу пайт ўйланиб турсам, аёл менга "агар бу қизчани олмасангиз, Лутфуллоҳ исмли болани ола қолинг" деб қолди. Шу пайт уйғониб кетдим. Бу тушимни бир неча соат давомида мулоҳаза қилиб кўрдим ва шаҳримиздаги баъзи бир меҳрибонлик уйларига телефон қилиб, уларда тушимда кўрган қизнинг ва Лутфуллоҳнинг исми шарифини айтдим. Тасодифни қарангки, мени уйимдан унча узоқ бўлмаган бир меҳрибонлик уйида шундай исмли бир 11 ёш қиз тарбияланаркан. Суриштирсам, унинг онаси вафот этган, лекин отаси ва холалари бор экан. 2 йилдан бери меҳрибонлик уйида экан ... Ўзимнинг бир ўғлим (6 ёш) ва бир қизим (3 ёш) бор. Муҳтарам Ҳазрат, бу тушимнинг мазмуни нима бўлиши мумкин, бундай ҳолатда қандай маслаҳат берган бўлардингиз? Вақтингиз ва қимматли маслаҳатларингиз учун авввалдан миннатдорчилик билдириб қоламан. Ҳурмат билан,Мухлисингиз.