Ассалому алайкум! Ушбу машинани, бугун, бировдаги ҳаққим эвазига олганлигимни айтиб, унинг яхши ёки ёмон жихатлари бор ёки йўқлигини билмаслигимни айтиб, уни яхшилаб кўриб кейин бай қилиши кераклигини айтиб, бир мошинафурушга соттим. Олувчи машинани 100% текшириб, ҳамма жойларини кўриб, кейин бай қилиб олди. Эртасигаёқ яхшигина фойдасига сотди. Шунда хам тўймасдан, 100% текшириб олган машинани, газ балони темир эмас экан деб, мендан $300 пул қайтариб беришимни талаб қиляпти. Мен эса, Ундай бўлса, сиз байни бузяпсиз, машинамни қайтаринг, пулингизни 100% тўлиқ қайтараман деяпман. Агар воқеа, айнан шундай бўлган бўлса, димиз қоидаларига кўра мен хақлиманми ёки у хақлими?
– Ва алайкум ассалом! Агар ҳолат айнан сиз ёзгандек бўлса, ўша харидор савдони бузишга ёки нархнинг бир қисмини қайтаришни талаб қилишга ҳаққи йўқ. Чунки сотувчи молнинг айби чиқса қуйидаги масала бўлади.
Хиёри айб.
(Сотилаётган нарсада бирор айб бўлса, ҳоҳласа олиш ҳоҳласа қайтариб бериш ихтиёри).
Сотувчи сотаётган нарсасини харидорга айбсиз ҳолда топшириши лозим. Агар сотилаётган нарсада бирор айб бўлса, сотиш вақтида унинг айбини айтиши керак. Айиб айтилгандан кейин ҳам харидор уни сотиб олса, савдо дуруст бўлади ва кейинчалик харидор ўша айб сабабли савдони буза олмайди. Аммо сотувчи сотилаётган нарсанинг айбини айтмаса ва харидор билмасдан уни сотиб олса, сотувчи гуноҳкор бўлади. Бир ҳадисда зикр қилинишича Пайғамбаримиз алайҳиссалом
“Ким айбли нарсанинг айбини айтмасдан сотса, Аллоҳ таолонинг ғазабида бўлади ва Малоикалар унга доим лаънат айтиб туради”, яъни, кимки бирор айби бор нарсани айбини айтмасдан сотса, Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди ва Фаришталар ҳам унга лаънат айтиб турадилар, деганлар. Яна бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом
“Кимки алдаса биздан эмас” яъни, кимки бизга (мусулмонларга) фриб бериб алдаса, у биздан эмас, деганлар.
Бу суратда харидор бирор нарсани сотиб олса ва унда тижоратчиларнинг урфида “айб ёки нуқсон” саналадиган бирор айб топилса, харидор ўша савдони бузиш ҳуқуқига эга бўлади. Харидор бу ҳуқуқга қуйидаги суратларда эга бўлади.
1. Сотилаётган нарсанинг айби харид қилингандан кейин эмас, балки сотувчининг олдида бор бўлганда.
2. Харидор харид қилаётганда ёки қўлга олаётганда ўша нарсани айбидан бехабар бўлда.
3. Сотувчи сотаётган нарсасидаги барча айбларга ёки маълум бир айбга алоқаси йўқлигини билдирмаганда.
Масалан; сотаётган нарсасини “Бу нарса қандай ёки қаерда бўлса, шундайлигича сотаман кейинчалик айби чиқса ҳам қайтариб олмайман”-деб айтмаса. Аммо, сотувчи мазкур сўзларни айтиб “Харидор ўзи ҳам ўйлаб кўрсин. Мени ундаги айбга ҳеч қандай алоқам йўқ”- деган маънони мақсад қилган бўлса, шундан сўнг бирор айб сабабли харидор савдони бузиш ҳуқуқига эга бўла олмайди.
4. Сотилаётган нарсадаги айб осонликча йўқ бўлмайдиган бўлганда.
5. Харидор харид қилгандан кейин ўша нарсада сотувчи қайтариб олаолмайдиган даражада бирор бир айб пайдо қилиб қўймаганда.
6. Харидор ундаги айбни билгандан сўнг уни харид қилишга розилигини изҳор қилмаган бўлса.
Хиёри айбнинг ҳукми.
Сотилган нарсада бирор айб бўлиб, харидор уни ҳоҳласа олиш ёки қайтариб бериш имкони бўлган савдода харидор сотувчидан ўша айбнинг эвазини тўлаб беришни талаб қилиши мумкин эмас. Яъни, харидор олган нарсасидаги айибнинг миқдоридаги пулни ундириш учун сотувчини тўлаб беришга мажбур қилиши мумкин эмас. Харидор сотилаётган нарсада айб бор бўлишига қарамай харид қилишни ҳоҳласа, унинг тўлиқ пулини беради ёки шундайлигича қайтариб беради. Агар сотувчи ўз ихтиёри билан ўша айб сабабидан харидордан олган пулни маълум бир миқдорни қайтариб берса ёки кейинчалик оладиган пулни маълум бир миқдорини кечса жоиз.
Хиёри айбнинг муддати.
Сотилган нарсада бирор айб бўлиб, харидор уни ҳоҳласа олиш ёки қайтариб бериш имкони бўлган савдода савдони бекор қилиш учун бирор муддат таъйин қилинмаган. Бундай савдо мобайнида харидор вафот этиб қолса, савдони бекор қилиш ёки бекор қилмаслик ҳуқуқи унинг меросхўрларига ўтади. Яъни, меросхўрлар олинган нарсани сотувчига қайтариб, берилган пулни қайтариб олишлари мумкин.
Хиёри айб савдосида бирор бадалга келишиш.
Сотувчи сотган нарсасида айб бор эканлигига иқрор бўлмаса ва харидор у билан келишишни ҳоҳлаб “Бу айбли нарсангизни қайтариб олсангиз ва мен берган пулдан озроғини олиб, қолганини қайтариб берсангиз”-деса, бундай келишувлари жоиз. Агар сотувчи сотган нарсасини айбли эканини тан олса ва қайтариб олаётганда харидордан олган пулдан ҳам маълум бир миқдорни олиб қолишни талаб қилса жоиз эмас. Чунки, бундай қилиш судхўрлик ҳисобланади.
Харидор сотиб олган нарсасида айб борлиги учун сотувчига қайтариб бериши уни қўлга киритишидан олдин бўлса, сотувчининг розилигисиз ҳам қайтариб бераверади. Агар уни қўлга киритгандан кейин қайтариб бермоқчи бўлса, сотувчининг розилиги ёки маҳкаманинг ҳукми зарур бўлади.
Мазкур ҳолатдаги савдода харидор олган нарсасини сотувчининг олдига олиб келса ва сотувчи ҳам индамай уни олиб қолиб пулини қайтариб берса жоиз ва у яна сотувчининг жавобгарлигида бўлади. Яъни, ўша нарса сотувчи олиб қолганидан кейин ҳалок бўлса, сотувчининг ўзини зарарига бўлади. Аммо, харидор қайтариб олиб келсаю, сотувчи пулини қайтариб бермаса, қатариб берилди деган ҳукмда бўлмайди ва у сотувчининг ҳузурида омонат бўлиб туради. Сотилаётган нарсадаги ҳолат тижоратчилар орасида айбли ёки айбсиз дейилишида ихтилоф бўлса, у нарса айбсиз ҳисобланади.
Харидор харид қилаётганда “Мен бу нарсани қанақа айби бўлса ҳам олавераман”-деса ёки “У нарса қандай ёки қаерда бўлишидан қатий назар олавераман”-деса ундан кейин ўша нарсада бирор айб топилиб қолса қайтариб бера олмайди. Агар сотувчи сотаётган нарсасидаги асосий айбни айтмасдан қандайдир арзимас айбини айтса ва харидор ўша арзимас айбга рози бўлиб олсаю, кейин ўша асосий айбни кўрса савдони бекор қилиши мумкин.
Хиёри айб қачон тугайди?
(Харид қилинган нарсада бирор айб бўлса, қачонгача уни олиш ёки қайтариб бериш мумкин?).
Сотилаётган нарсада қачон бирор айб кўзга ташланса, харидор уни олиш ёки қайтариб бериш ҳуқуқига эга бўлади. Қуйидаги ҳолатлардан сўнг харидорга бундай ихтиёр қолмайди.
1. Уни айбли бўлишига қарамай олишга розилигини билдирса.
2. Айбини билганидан кейин ҳам уни ўзининг нарсаси каби ишлатиб юборса.
3. Уни учинчи шахсга сотиб юборса ёки ижарага бериб юборса.
4. Уни тузатса ёки у бирор жонивор бўлсаю уни даволаса.
5. Уни бирор кишининг олдига гаровга қўйса.
6. Уни бирор кишига совға қилиб юборса.
Хиёри айбда қайтариб бериш мумкин бўлмаса харидорнинг ихтиёри нима бўлади?
Қуйидаги суратларда хиёри айб сабабли қайтариб бериш мумкин бўлмайди. Аммо харидор айбли ва айбсиз нарсанинг орасидаги фарқни сотувчидан ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
1. Харид қилгандан сўнг у нарсада янги айб пайдо бўлса.
2. Харидор материални тикиш учун қирқиб олганидан ёки у нарса жонвор бўлиб уни сўйганидан кейин унинг айбли экани маълум бўлса.
3. Материални қирқиб олганидан кейин сотиб юборган бўлса.
4. Талқонни сотиб олгандан кейин унга сувни аралаштирса ёки унни сотиб олгандан кейин уни хамир қилиб қўйса.
5. Харид қилган ерига дарахт экиб қўйса ёки унга бирор бино қуриб қўйса.
6. Хомашёни эритиб қўйса, кейин ўша нарсадан талаб қилинган нарсанинг ҳосил бўлмаслиги маълум бўлса.
Ушбу барча суратларда қайтариб бериш имкони бўлмайди. Аммо харидор сотувчидан ўша нарсанинг қийматини фарқини ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Валлоҳу аълам!