Ассалому алайкум! Интернетда кўп тарқаёткан бир малумот бор қазо номози хақида. Унда айтилишича рамазоннинг охирги жумасида жума намозидан кейин аср намозидан олдин 4 ракат қазо намози ўқилса 400 йилли қазо намози ўқагандек бўлар экан. Шу гап ростми?
– Ва алайкум ассалом! Сиз келтирган гап динимизга туҳмат, ёлғон ва тўқима гап. Шу гапни ёзиб чиқарганлар ҳам уни тарқатаётганлар ҳам Аллоҳдан қўрқишсин.
عَنْ عَبْد ِاللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ آيَةً، وَحَدِّثُوا عَنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا حَرَجَ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят ривоят қилганлар.
Шарҳ: Билиб туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани у зотдан, деб гапириш шунчалар ёмон нарсаки, ким шу ишни қилса, дўзахий бўлиши турган гап. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқилишининг олдини олиш лозим. Билиб-билмай, турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳақийқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, ҳадис айтиш яхши эмас. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!