Ассалому алайкум! Мен 25 йилдан бери шифокор бўлиб ишлайман. Менга мурожаат қилганлар ичида соғлом бўла туриб, 5-10 кунга касаллик варақаси очиб беринг, тирикчилигимни қилиб олай деганлар топилади. Олдиндан бир нарсани кузатганман. Кўнгилчанлик қилиб касаллик варақаси берганларим нима касаллик ёзсам кейинчалик шу касаллик билан оғришарди. Шундан сўнг соғлом инсонларга мени ёмон кўришса ҳам касаллик варақаси бермайдиган бўлганман. Ўзим намозхон бўлганим учун ўйлаб қоламан. Соғ одамга берилган касаллик варақасига тўланган пуллар албатта халол бўлмаса керак. Лекин варақа берадиган шифокорлар хам топилади. Бу шифокорлар ҳаром нарсага аралашиб қолишмаяптими экан? Шарий йўл билан қандай тушунтирсам бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Соппа-соғ бўла туриб касаллик варақаси ёздириб олаётганлар гуноҳ ишга қўл ураяптилар. Шу соҳта қоғознинг ортидан топган ойликлари уларга ҳалол бўлмайди. Бу дунёда бу макрлари ўзларига ўхшаган инсонларга ўтаётган бўлса ҳам охиратда Аллоҳнинг ҳузурида ўтмайди, балки ўзларининг зарарига хат-хужжат бўлиб қолади. Буларни ёлғон эканини била туриб ёзиб бераётганлар ҳам тенгма-тенг гуноҳкордирлар. Ҳадиси шарифларда бундай дейилади:
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سُئِلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْكَبَائِرِ، قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَقَتْلُ النَّفْسِ، وَشَهَادَةُ الزُّورِ». تَابَعَهُ غُنْدَرٌ وَأَبُو عَامِرٍ وَبَهْزٌ وَعَبْدُ الصَّمَدِ عَنْ شُعْبَةَ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан катта гуноҳлар ҳақида сўрашди. У зот: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дедилар».
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي بَكْرَةَ، عَنْ أَبِيهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» قُلْنَا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ». وَكَانَ مُتَّكِئًا فَجَلَسَ فَقَالَ: «أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ وَشَهَادَةُ الزُّورِ، أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ وَشَهَادَةُ الزُّورِ». فَمَا زَالَ يَقُولُهَا حَتَّى قُلْتُ: لَا يَسْكُتُ
Абдурраҳмон ибн Абу Бакра отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳой! Сизларга кабираларнинг энг каттасини маълум қилайми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули» дедик. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар. У зот суяниб ўтирган эдилар, ўтирдилар-да: «Ҳой, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам! Ҳой, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам!» дедилар. У зот буни айтавердилар, ҳатто тўхтамасалар керак, деб қолдим». ("Олтин силсила" китобидан "Саҳиҳул Бухорий"). Валлоҳу аълам!