Ассалому алайкум! Мен биовдан 2 гектар ер олмоқчи эдим эгаси бориб кўринглар деди ер эгаси ўзи йўқ бўлгани учун маҳалладан қўшнимни оволдим. У менга ерни қаерда эканини билишини айтди ва биз у жойни кўрдик менга мақул бўлди лекин менга ерни кўрсатиш мақсадида борган қўшним Укасига қўнғироқ қилиб укасига ерни эгасини фикридан қайтарди. У ерни эгаси укасини таниши экан Мен ерни эгасига қўнғироқ қилсам ер сотилди кимга сотганини айтмади, лекин мен ерни ўша қўшним олганини биламан. Бу ерда қўшним тўғри савдо йўли билан ерни қўлга киритдими.
– Ва алайкум ассалом! Ўзганининг савдоси устига савдо қилиш ҳаромдир. Аммо сиз ҳали ўша ерни сотиб олмаган бўлсангиз, уларнинг қилган иши савдо устига савдо қилиш дейилмайди.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «لَا يَبِعِ الرَّجُلُ عَلَى بَيْعِ أَخِيهِ، وَلَا يَخْطُبْ عَلَى خِطْبَةِ أَخِيهِ إِلَّا أَنْ يَأْذَنَ لَهُ». وَفِي رِوَايَةٍ: «لَا يَسُمِ الْمُسْلِمُ عَلَى سَوْمِ أَخِيهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин, ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Фақат унга ўзи изн берса, майли», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
Бошқа бир ривоятда:
«Мусулмон ўз биродарининг савдолашиши устига савдолашмасин», дейилган.
Ушбу ҳадиси шарифда савдода содир бўлиб турадиган икки хил ишдан наҳйи қилинмоқда:
1. Бировнинг битирган савдоси устига савдо қилиш.
Бу икки хил кўринишда бўлиши мумкин:
Биринчи кўринишда бировдан нарса сотиб олган одамга: «Савдонгни бузиб, нарсасини қайтариб бер, мен сенга худди шу нарсани арзон нархга бераман», дейди.
Иккинчи кўринишда эса: «Бировга нарса сотган одамга: «Савдонгни бузиб, нарсангни қайтариб ол, мен сенга ундан кўра кўпроқ пул тўлайман», дейди.
Бу кишилар ўртасида келишмовчилик, уруш-жанжал келтириб чиқарадиган бузғунчиликдан иборат ишдир. Эркин бозор қоидасига, одамларнинг баъзилари баъзиларидан фойда олишига зид нарсадир. Шунинг учун ҳам бу нотўғри иш шариатда ман қилинган.
2. Бировнинг савдолашиши устига савдолашиш.
Яъни бир киши бир нарсанинг устида савдолашиб қўйди, ҳали бир йўла сотиб олгани йўқ. Шунда бир одам келиб, сотувчига: «Менга сотсанг, ундан кўп нарх бераман», дейиши мумкин эмас. Ёки харидорга: «Менинг худди шу савдолашган нарсангга ўхшаш нарсам бор, сенга арзонга бераман», дейиши мумкин эмас. Савдо битса, битиб кетди, битмаса, учинчи киши ўз мақсадини айтса бўлади. Бу ишда ҳам бошқаларга зарар келтириш борлиги учун ҳаром қилинган.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бозор ва савдо соҳасида келиб чиқадиган кўпгина уруш-жанжал, келишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган масаладир. Кишиларнинг Ислом таълимотларидан бехабарликлари, хабардорларнинг мазкур таълимотларга амал қилмасликлари оқибати нима бўлишини шундан ҳам билиб олаверсак бўлади. Валлоҳу аълам! («Бозор ва унга боғлиқ масалалар» китобидан).