Баъзи биродарларимиз хотинга йўғон гапириш мубоҳ деб ҳисоблашадилар. Масалан: 1)Бир кишининг хотинининг феъли жуда оғир муроса қилиб яшаши учун қоп-қоп ваъдалар бериб туради. Аслида амалда уни бажара олмаслигини жуда яхши билса ҳам, жанжал вақтида берилган ваъдалар самара бериб, маълум вақтгача тинчлик сақланади. 2)Хотинни кўнглини олиш учун йўғон ишлатиш. Масалан: Чимилдиқда-“Сенга фалон нарса олиб бераман, фалон нарса қилиб бераман”- деб (бир киши Россияга кетишдан олдин хотинига сенга икки қаватли уй қуриб бераман деб ваъда бериб кетгани ва ўша келинчакни кўчадаги аёлларга мақтаниб юрганини кўрганман. Астағфируллоҳ! ). Аслида бундай ваъдалар қиз болани кўнглини олиш учун тўйдан олдинги ношаръий учрашувлар асносидан бошланади. 3)Тотув яшаётга оилаларда эр хотинга ва хотин эрга йўғон ҳазилни кўп қилиши. Шундай ҳолатларда йўғон гап ва ваъда мубоҳ ҳолати борми?
Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бу аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи муҳожиралардан бўлган эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас. Хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан.
«Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган уч нарсадан бошқага рухсат берганларини эшитмаганман: уруш, одамлар орасини ислоҳ қилиш ҳамда эрнинг хотинига ва хотиннинг эрига гапириши», деди у».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Абу Довуднинг лафзида:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уч нарсадан бошқада ёлғонга рухсат берганларини эшитмаганман. «Уни ёлғончи деб ҳисобламайман» дер эдилар: одамлар орасини ислоҳ қилган одамни. У бир гапни айтса, унда ислоҳдан бошқани ирода қилмайди. Урушда (ҳийла учун) сўз сўзлаган кишини ва хотинига сўз айтган эрни ҳамда эрига сўз айтган хотинни», дейилган.
Шарҳ: Исломда ёлғон ҳаром ва катта гуноҳ ҳисобланса ҳам, ундан каттароқ зарарни қайтариш учун истисно тариқасида уч ҳолатда ёлғон ишлатишга рухсат берилган.
1. Одамлар орасини ислоҳ қилиш.
Мусулмонларнинг бир-бирлари билан уришиб юришлари жуда ҳам ёмон иш. Бу ёмон иш оқибатида инсонлар ва жамиятлар ораси бузилади. Кишиларнинг бир-бирлари билан хусуматлашишлари, уришишлари барча бало-офатларнинг бошидир. Шунинг учун бу ҳолат пайдо бўлиши билан қандай қилиб бўлса ҳам, уни бартараф қилишга ўтмоқ зарур. Бу йўлда ҳатто ёлғон гапиришга ҳам рухсат бор. Чунки одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирган одам фақатгина яхшилик учун ёлғон гапиради.
2. Урушда ғалаба қилиш учун.
Душман билан бўлаётган қуролли қарама-қаршилик ҳаёт-мамот жанги бўлади. Бу жангда душман қўлидан келган барча ишларни, жумладан, ёлғонни ҳам ишга солади. Агар аскар енгилса, барча уммат ва миллат душман асорати остида қолади. Шунинг учун ҳам кўпчиликнинг манфаати йўлида душманни доғда қолдириш учун ёлғон гапиришга рухсат берилган.
3. Оиланинг аҳиллигини сақлаб қолиш учун.
Ҳар бир жамиятда оиланинг аҳиллиги алоҳида аҳамият касб этади. Аҳил оилада ўсган болалар салоҳиятли фуқаро бўлиб ўсадилар. Ота-онанинг жанжаллари садоси остида ўсган болалар эса салоҳиятли фуқаро бўлишлари қийин. Шунинг учун ҳам эр-хотин орасидаги ўзаро аҳиллик жуда ҳам муҳимдир. Ана ўша аҳилликни сақлаб қолиш мақсадида эр-хотинга бир-бирларига яхши маънода ёлғон гап айтишларига рухсат берилган.
Истисно тариқасида рухсат берилган ушбу уч ҳолатдан бошқа ҳолларда ёлғон гапириш мумкин эмас.
Албатта, сиз айтгандек ростдан ёлғонни кўпайтирб юборишга рухсат йўқ.