Ассалому алайкум! Бир қариндошим менга қимматбахо уй жихози хадя қилган эди (нархи тахминан 500 доллар сум). Орадан кунлар ўтиб ўша қариндошимдан 200 доллар қарз олдим. Қарзни сентябрь ойи охиригача қайтаришга келишдик. Гувохлар бор эди. Кейинчалик орамизда тушунмовчилик юзага келди. Қариндошим мени уйимдан, уйда хеч ким бўлмаганда ўзи хадя қилган уй жихозини олиб кетди ва энди менга "Қарзингни қайтар" деяпти. Бу холатда мен қарзимни қайтаришим керакми? Шариат бўйича қайтаришим керак бўлса ин шаа Аллоҳ қайтараман.
– Ва алайкум ассалом! Ўша жиҳозни ҳадя қилаётган вақтда эвазига бирор нарса олишни шарт қилмаган бўлса эндиликда уни қайтариб олиши тўғри бўлмаган. Сиз унга ўша қарзни, у эса ўша ҳадяни қайтариши зарур. Ҳадяни қайтариб олиш қуйидаги ҳадисга биноан қусган қусуғини қайта оғзига олиш билан баробардир.
النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نِسَاءَهُ فِي أَنْ يُمَرَّضَ فِي بَيْتِ عَائِشَةَ. وَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْعَائِدُ فِي هِبَتِهِ كَالْكَلْبِ يَعُودُ فِي قَيْئِهِ
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳибасини қайтиб олган киши қусуғини қайтиб олган ит кабидир», деганлар.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَيْسَ لَنَا مَثَلُ السَّوْءِ، الَّذِي يَعُودُ فِي هِبَتِهِ كَالْكَلْبِ يَرْجِعُ فِي قَيْئِهِ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизда ёмон хислат бўлмайди. Ҳибасини қайтиб олган қусуғини қайтиб олган ит кабидир», дедилар». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Валлоҳу аълам!