Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қабристонни обод қилиш

22:40 / 27.11.2022 | Улуғбек | 1287

Ассалому алайкум! Биламизки марҳумлар хаққига қилинган дуо ва ўқилган оятларда мархумларга савоби етиб боради. Қабристонни обод қилинишида маййитларга ёки обод қилганларга хайр ёки савоб борми? Обод қилиш деб қурилиш ва тартибга солиш ишлари назарда тутиляпди.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Қабристонни ўлим ва охиратни эслаш учун зиёрат қилиш мустаҳабдир. Зиёратчиларга енгиллик қилиш учун унга олиб борувчи йўлни тозалаш, атрофидаги азият берувчи нарсаларни кетказиш ва молни зоеъ қилмаган ҳолда бошқа енгилликлар яратиш жоиз. Бунда зиёратчилардан машаққатни даф қилишни ният қилса ажр олади. Қабрни хорлаш, таҳқирлаш, ҳурматини топташ ва шунга олиб борувчи барча ишлар жоиз эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто қабрнинг устига ўтиришдан ҳам қайтарганлар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрни бўр билан сувашни, унинг устига ўтиришни ва унинг устига бино қуришни наҳйи ман қилганлар”.
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Термизийнинг лафзида:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларнинг бўр билан сувалишидан, уларнинг устига ёзилишидан ва уларнинг устига бино қурилишидан ва босилишидан қайтарганлар”, дейилган.

Қабр зийнатланмайди, устига бино қилинмайди ва унга ўтирилмайди

Шу ўринда айтиш лозимки, фақат Имом Шофеъий қабрни лой билан суваб қўйишга рухсат берганлар, холос.
Қабр устига бошқа ҳар қандай нарсани қилиш мумкин эмас. Албатта, олдин ўтган ҳадисда айтилганидек, белги учун тош қўйиш бундан мустасно.
Қабрлар инсон хотирасидаги муҳим нарсалардан бўлгани учун ва ўтган умматларнинг залолатга кетиши сабабларидан бири айнан қабрлар бўлгани сабабли Исломда бу масалага алоҳида эътибор билан қаралган.
Ушбу ҳадисда қабрларга нисбатан қайтарилган ишларнинг бир нечаси санаб ўтилмоқда:
1. “Қабрни бўр билан суваш”.
Бўрсувоқ лойсувоқдан бир оз зийнатли чиқиши, оқ бўлиши эътиборидан қабрга нисбатан бу иш ман қилинган. Чунки бу ишда тириклар учун керакли бўлган молни зое қилиш бор. Исломда эса ҳар қандай молни зое қилиш ҳаромдир. Шундай экан, бўрсувоқ ман қилинганидан кейин, қабр устига ундан кўра кўп маблағ кетадиган нарсаларни қилиш умуман мумкин бўлмайди. Бинобарин, турли бошқача сувоқлар қилиш, тош-мармарлар қўйиш, занжир, панжара тортиш, сурат чиздириш, гул қўйиш ва ҳоказолар мутлақо мумкин эмас.
Иккинчидан, қабрнинг устига агар тилла суви юргизилганда ҳам, қабрнинг ичидаги ўликка, ёки у ишни қилган тирикка, ёки бошқа бирор жонзотга ҳеч бир фойда бўлмайди. Бефойда ишни қилиш эса мусулмон инсон учун ҳаром.
Учинчидан, қабр оддий, табиий ҳолида турса, қор-ёмғир таъсирида қабр устида ўсган ўт-ўланлардан қабр ичидаги маййитга фойда тегади. Қабр устини турли нарсалар билан ёпганлар эса маййитни бу хайрдан маҳрум қилган бўладилар. Юқорида айтилган ишларни қилувчилар бошқа миллатларга ёки ўтганларга эргашишларини ҳужжат қиладилар. Лекин уларнинг ҳеч бир шаръий далиллари бўлмай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадисга хилоф қиладилар.
2. “Қабр устига ўтириш”.
Шунингдек, тик туриш ёки ётиш ҳам мумкин эмас. Чунки бу тасарруфда қабр ичидаги мусулмон бандага ва унинг яқин кишиларига нисбатан ҳурматсизлик бор.
3. “Қабр устига бино қуриш”.
Бунда ҳам бўр билан сувашдаги каби, қабрни зийнатлаш ва молни зое қилиш бор.
Баъзи уламолар: қабри устига бино қуришни васият қилган одамнинг васиятига амал қилинмайди, шунга биноан, қабрлар устига қурилган нарсалар бузиб ташланиши керак», деганлар.
4. “Қабрнинг устига ёзиш”.
Жумҳур уламолар: «Қабр устига унинг эгасининг исмини ҳам, бошқа бирор нарсани ҳам ёзиш мумкин эмас», деганлар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари эса: «Қабрнинг йўқолиб кетиши ёки хорланишининг олдини олиш учун белгига ҳожат тушса, белги бўладиган нарсани ёзса бўлади», деганлар.
Ушбу нарсани яхшилаб ўрганиб, шариат бўйича иш кўришга айниқса ҳозирги кунда жуда катта эҳтиёж бор. Баъзи жойларда ушбу таълимотларга амал қилмай қўйилган. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat