Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳадисни тушунмадим

15:30 / 22.12.2022 | Furkat | 622

Ассалому алайкум! Мўминдан бошқани соҳиб тутма ва таомингни тақводордан бошқаси емасин - деган ҳадисни ўқиб қолдим. Бу нима дегани?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳадиси шарифда қуйидагича келади:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ يَقُولُ: «لَا تُصَاحِبْ إِلَّا مُؤْمِنًا، وَلَا يَأْكُلْ طَعَامَكَ إِلَّا تَقِيٌ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мўминдан бошқани соҳиб тутма ва тақводордан бошқа таомингни емасин», деганлар.
Термизий, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига уларнинг динида ва дунё ҳаётида манфаат берадиган, ўзаро муносабатларини мустаҳкамлайдиган ҳар бир ишни таълим беришга ҳарис эдилар. Мусулмонлар бир-бирларига нисбатан муҳаббатли, иноқ ва аҳил бўлишларига алоҳида эътибор қаратар эдилар. Ушбу ҳадиси шарифдаги буйруқ ҳам айнан шу жиҳатга йўналтирилган бўлиб, у ўзининг, аҳли оиласининг ва инсонлар билан муносабатининг яхши бўлишига қаратилган набавий иршоддир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мўминдан бошқани соҳиб тутма” дедилар. Бу билан киши иложи борича дўст танлашда эътиборли бўлиши, энг яқин дўст ва суҳбатдош танлашда мўминларни ихтиёр қилиши тавсия қилинмоқда. Чунки иймонли дўст ўз дўстини иймонга, ҳидоятга ва яхшиликка чақиради. Ғайридин эса мўмин дўстига динида зарар бериши мумкин. Сўзларининг давомида “Тақводордан бошқа таомингни емасин” дедилар. Бу эса таом тайёрлаб меҳмон чақирганда тақводорларни ихтиёр қилиш лозимлигига кўрсатмадир. Чунки тақводор инсон таом билан Аллоҳнинг тоат-ибодати учун қувват олади. Ўзганинг уйига кирганда унинг сирларидан воқиф бўлишга интилмайди ва ман қилинган ҳудудига ўтмайди. Борди-ю бирор кўнгилсизликка кўзи тушса уни яширади. Фосиқлар эса бунинг аксидир.
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса бундай дейилган:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Яхши ва ёмон суҳбатдошнинг мисоли мушку анбар ташиган (аттор) ва босқончининг мисолига ўхшайди. Мушку анбарни ташиган одам ё ундан сизга беради ёки сиз ундан сотиб оласиз ёхуд ундан хушбўй ҳидни оласиз (ҳис этасиз). Босқончи эса ё кийимингизни ёқади ёки ундан бадбўй ҳидни оласиз (ҳис этасиз)» (Имом Бухорий, Имом Муслим.).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суҳбатдошнинг яхшилик ва ёмонлик нисбатига қараб, салбий ёки ижобий таъсирлари борлигини айтиб ўтдилар ҳамда яхши суҳбатдошга мушку анбарни кўтариб юрган одамни ташбеҳ қилдилар. Чунки бу одам билан бирга ўтирсангиз, ундан сизга учта хислат кўчиб ўтади: ё у сизга мушкдан беради ёки ундан мушкни сотиб оласиз ёхуд ўзингиз, танангиз ва кийимларингизга унинг ширин ҳиди уради. Бинобарин, яхши суҳбатдошдан фойдаланасиз. Солиҳ ва саховатпеша одамлар билан бирга ўтириш манфаатлари ҳақида бир оздан кейин гапириб ўтамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон суҳбатдошни босқончига ўхшатдилар. Босқон – олов пуфланадиган ва ғализ теридан қилинган (темирчилик) асбоби(и) бўлиб («Умдатул Қорий»), ё ундан сачраган ёнилғи зарралари кийимингизни куйдиради ёки ҳеч бўлмаганда танангиз ва кийимингизга ундан чиққан қўланса ҳид ўрнашади. Бинобарин, сиз ёмон суҳбатдошлардан салбий таъсирлар оласиз ва бунинг тафсилотлари келгусида баён қилинади.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис ҳақида шундай дедилар: «Ушбу ҳадисда солиҳ ва эзгу ишларни қиладиган одамлар, мурувватли ва намунали ахлоқ эгалари билан бирга ўтиришнинг фазилати, бадкирдор, бидъатчи, ғийбатчи, ишсиз, фосиқ ва бошқа бадхулқ нарсалар билан шуғулланадиган одамлар билан суҳбатдош бўлишни таъқиқлаш баён қилинган» («Шарҳу Саҳиҳи Муслим»).
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Ҳадисда суҳбатдош бўлиш билан дин ва дунёга зарар берадиган одамлар ила бирга ўтиришга таъқиқ, дин ҳамда дунёга фойдаси бўлган одам билан бирга ўтиришга эса тарғиб бордир» («Фатҳул Борий»).
Саъдий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис ҳақида шундай дейдилар: «Мазкур икки мисол билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни баён қилдилар: «Сиз солиҳ суҳбатдошнинг барча ҳолатларида яхшилик ва катта фойдаларни қўлга киритасиз. У қўлидаги мушкини ё совға қилиш ёхуд сотиш билан сизга манфаат келтирадиган атторга ўхшайди. Унинг олдида озгина ўтирсангиз ҳам, келган мушк бўйларидан кўнглингиз фарах туяди. Солиҳ киши билан ҳамсуҳбат бўлиш эса ўткир ҳидли мушкдан кўра фойдалироқ бўлган яхшиликларга эришишга сабабдир. Чунки у сизга ё динингиз ва дунёингизга фойдали бўлган нарсани ўргатади ёки насиҳат қилади ёхуд зарарли ишларингиздан огоҳлантириб, Аллоҳ таолога итоат этиш, ота-онага яхшилик қилиш, қариндош-уруғлар билан борди-келиш қилишга ташвиқ қилади, хатоларингизни айтади, гаплари, ишлари ва ҳолатлари билан олийжаноблик ҳамда гўзал ахлоққа чақиради. Чунки одамзот ўз дўсти ва суҳбатдоши билан таъсирланадиган қилиб яратилган. Табиат ва руҳлар эса сафарбар қилинган аскарлар бўлиб, бир-бирини яхшилик ёки ёмонликка етаклайди. Ҳеч бўлмаганда солиҳ суҳбатдошдан оладиган ҳамда ҳеч камситилмайдиган фойда – у билан бўлган дўстликни ўйлаб, яхшилик қилишда рақобатлашиб, ёмонликлардан узоқ туриб, қабоҳат ва гуноҳларга қўл урмайсиз. У сизни борлигингизда ҳам, йўқлигингизда ҳам унутмайди ҳамда муҳаббати ва дуолари тириклигингизда ҳам, ўлганингиздан кейин ҳам фойда беради. Сизнинг унга боғлиқлигингиз ва унинг сизга бўлган муҳаббати туфайли сизни доимо мудафаа қилади. Чунки сизнинг бошингизга шундай ишлар келиши мумкинки, ўзингиз ўзингизни бевосита ҳимоя қила олмайсиз. Жумладан, у сизга фойдаси тегадиган шахс ва ишларни тавсия қилиши ҳам мумкин...». Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat