Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Аввал эшитган ҳадис

14:00 / 09.11.2017 | Дилшод | 5747

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, мен бир ҳадисни чамаси 15 йил  олдин ўқиганман. Бугун шунга ўхшаш бир ҳадисни эшитдим. Қайси бири саҳиҳлигини билмоқчиман. Ҳадисни эслаганимча ёзиб бераман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари(адашмасам Оиша онамиз) билан тунда кўчада туришганида уларни 2 киши кўриб  қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб бу мени аёлим(ёмон хаёлларга бормаслиги учун) деб айтган. Шундан сўнг ҳижоб ояти тушган. Эслаганимча ёздим(узр).
2). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига хар хил одамлар бир юмуш билан келишган. Шунда Умар розияллоҳу анҳу уйизга яхши ёмон одам киряпти, Оиша онамизи ёнизда ўтирмаслигини сўрайди ва шундан сўнг ҳижоб ояти нозил бўлади(қисқача ёздим). Бу иккала ҳадис саҳиҳдур балким, балки ҳижобда адашгандурман. Аниклик киритиб берсангизлар, илтимос.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар келтирган ривоятда София онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Мен кечаси у кишининг зиёратларига келдим. Бир оз гаплашдим, сўнг уйим томон турдим. У киши мени кузатгани мен билан турдилар. (У кишининг (Софиянинг) уйи Усома ибн Зайднинг масканида эди). Бас, ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Шунда у зот: «Икковингиз шошилманг, бу София бинти Ҳуяйдир», дедилар. «Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. «Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани ёки ёмонликни отишидан қўрқдим», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътикоф ўтирган бўлсалар ҳам, София бинти Ҳуяй онамизни кузатиб чиқишлари у зотнинг бу онамизни юқори даражада қадрлашларининг ёрқин далилидир. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).

عَنْ عَائِشَةَ رَضِي اللهُ عَنْها: أَنَّ أَزْوَاجَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كُنَّ يَخْرُجْنَ بِاللَّيْلِ إِذَا تَبَرَّزْنَ إِلَى الْمَنَاصِعِ - وَهُوَ صَعِيدٌ أَفْيَحُ - فَكَانَ عُمَرُ يَقُولُ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: احْجُبْ نِسَاءَكَ. فَلَمْ يَكُنْ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَفْعَلُ، فَخَرَجَتْ سَوْدَةُ بِنْتُ زَمْعَةَ زَوْجُ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَيْلَةً مِنَ اللَّيَالِي عِشَاءً، وَكَانَتِ امْرَأَةً طَوِيلَةً، فَنَادَاهَا عُمَرُ: أَلَا قَدْ عَرَفْنَاكِ يَا سَوْدَةُ. حِرْصًا عَلَى أَنْ يَنْزِلَ الْحِجَابُ، فَأَنْزَلَ اللهُ آيَةَ الْحِجَابِ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари қазои ҳожат учун тунда маносиъга* чиқишарди. У баланд ва кенг жойдир. Умар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Аёлларингизни парда ортига олинг», дер эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса буни қилмас эдилар. Кечаларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Савда бинти Замъа оқшом вақти ташқарига чиқди. У бўйи узун аёл эди. Умар ҳижоб (ҳақида оят) тушишини қаттиқ истаганидан унга: «Ҳой Савда, биз сени таниб бўлдик!» деб бақирди. Кейин Аллоҳ ҳижоб оятини нозил қилди». •    «Маносиъ» деб аслида баланд ва кенг жойга айтилади. Бу ерда эса ўша даврда Мадина шаҳри ташқарисидаги қазои ҳожат учун чиқиладиган махсус кенглик назарда тутилган. (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Аллоҳ таоло “Аҳзоб” сурасида:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتَ النَّبِيِّ إِلَّا أَن يُؤْذَنَ لَكُمْ إِلَى طَعَامٍ غَيْرَ نَاظِرِينَ إِنَاهُ وَلَكِنْ إِذَا دُعِيتُمْ فَادْخُلُوا فَإِذَا طَعِمْتُمْ فَانتَشِرُوا وَلَا مُسْتَأْنِسِينَ لِحَدِيثٍ إِنَّ ذَلِكُمْ كَانَ يُؤْذِي النَّبِيَّ فَيَسْتَحْيِي مِنكُمْ وَاللَّهُ لَا يَسْتَحْيِي مِنَ الْحَقِّ وَإِذَا سَأَلْتُمُوهُنَّ مَتَاعًا فَاسْأَلُوهُنَّ مِن وَرَاء حِجَابٍ ذَلِكُمْ أَطْهَرُ لِقُلُوبِكُمْ وَقُلُوبِهِنَّ وَمَا كَانَ لَكُمْ أَن تُؤْذُوا رَسُولَ اللَّهِ وَلَا أَن تَنكِحُوا أَزْوَاجَهُ مِن بَعْدِهِ أَبَدًا إِنَّ ذَلِكُمْ كَانَ عِندَ اللَّهِ عَظِيمًا۝

53. Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Сизларга таомга изн берилганидагина, унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб, (қолиб) кетманг. Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берур. У эса сизлардан ҳаё қиларди. Аллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан ҳаё қилмайдир. Қачонки улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир. Сиз учун Расулуллоҳга озор бериш ва ундан кейин унинг жуфтларини никоҳингизга олишингиз ҳеч қачон мумкин эмас. Албатта, бундай қилмоғингиз Аллоҳнинг наздида буюк(гуноҳ)дир. Ушбу ояти кариманинг маъноларини яна ҳам чуқурроқ англаб етишимиз учун унинг нозил бўлиш сабабини ўрганиб чиқайлик. Имом Бухорий ва имом Муслимлар қилган ривоятда машҳур саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланган кунлари нималар бўлгани ҳақида қуйидагиларни айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланиб, ўз аҳлларининг ҳузурига кирганларида, онам хийс (таомнинг тури) қилиб, тавр (идиш)га солиб: «Эй Анас, мана буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб боргин-да, «Буни сизга онам бериб юборди, у киши сизга салом айтдилар ва мана шу озгина нарса биздан сизга, деб айтдилар», – дегин», – дедилар. Мен уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бориб: – Онам сизга салом айтдилар ва мана шу озгина нарса биздан сизга, деб айтдилар, – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Уни қўй, – дедилар. Сўнгра: – Энди бориб, Фалончи, Фалончиларни ва йўлда учратган одамларингни ҳам айтиб кел, – деб бир қанча одамларнинг исмларини айтдилар. Мен у зот айтган одамларни ва йўлда учратганларимни чақириб келдим (Одамлар «Неча киши эдилар?» – деб сўраганларида, Анас розияллоҳу анҳу: «Уч юз кишича бор эди», – деганлар). Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: – Эй Анас, таврни олиб кел, – дедилар. Суффа ва ҳужра одамларга тўлиб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Ўнта-ўнтадан халқа бўлиб ўтиринглар, ҳар ким ўз олдидан есин, – дедилар. Ҳаммалари еб, тўйдилар. Бир гуруҳи чиқиб, бир гуруҳи кириб, ҳаммалари едилар. Сўнг менга: – Эй Анас, кўтар, – дедилар. Билмайман, олиб келиб қўйганимда кўпмиди ёки қайтариб олганимдами. Ўшалардан баъзи гуруҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида ўтириб, гаплашиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўтирдилар. Аёллари эса юзини деворга ўгириб ўтирарди. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир келганидан, ташқарига чиқиб, аёлларига салом бериб, кирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтиб келганларини кўрган чоғларида ўтирганлар у зотнинг оғир олганларини билдилар ва ҳаммалари эшик томон юриб, чиқиб кетдилар. Расулуллоҳ пардани тушириб, ичкарига кирдилар, мен ҳужрада ўтирар эдим. Сал ўтмай, олдимга чиқдилар. Аллоҳ у кишига: «Эй иймон келтирганлар. Набийнинг уйларига кирманг…» оятини нозил қилди. Расулуллоҳ ташқарига чиқиб, одамларга ўқиб бердилар». «Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Таомга изн берилганида, унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг)». Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига сиз учун таомга изн берилганида, таом пишишини кутиб ўтирмайдиган бўлиб киринг. Бошқача айтганда, пишиб, тайёр бўлиб турган таомни тановул қилиш учун изн берилганида киринг. «Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб, (қолиб) кетманг». Ўша таом учун сизга изн берилганида, киришингиз билан таомни еб, қайтиб чиқиб кетинг. Овқатни еб бўлиб ҳам улфатчилик учун гапни чўзиб ўтирманг. «Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берур». Ул зот ўз аҳли билан қолишлари, зиммаларидаги вазифаларни адо этишлари лозим эди. Сиз буни эътиборга олмай, гаплашиб ўтирибсиз. Бу ҳол Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни безовта қилар эди. «У эса сизлардан ҳаё қиларди». Меҳмонларга «Уйдан чиқиб кетинглар», деб айта олмас эди. «Аллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан ҳаё қилмайдир». Шунинг учун сизга «Таомни еб бўлганингиздан сўнг гапга берилиб ўтирмай, тезда чиқиб кетинг», – демоқда. «Қачонки улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг». Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан бирор нарсани сўрасангиз, олдиларига кириб эмас, парда ортида туриб, сўранг. Мусулмонларнинг одоби шундай бўлмоғи керак. Эркак-аёлнинг аралаш-қуралаш бўлиши оқибатида келиб чиқадиган турли мусибатлардан, бало-офатлардан холи бўлмоғи лозим. Аёллар аёллигини, эркаклар эркаклигини билиши, ҳар бири ўзининг чегарасида туриши зарур. «Шундай қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир». Эркак киши билан номаҳрам аёл орасида парда бўлмаса, қалбларнинг поклигига футур етади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло «шундай қилмоғингиз», яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан бирор нарсани сўраганингизда, парда ортидан сўрашингиз икки томоннинг қалблари учун ҳам покроқ, демоқда. «Сиз учун Расулуллоҳга озор бериш… ҳеч қачон мумкин эмас». Эй иймон келтирганлар! Сиз учун Расулуллоҳга озор бериш ҳеч қачон мумкин эмас. Ҳатто меҳмондорчиликдан кейин гаплашиб ўтириб қолиб, озор беришингиз ҳам мумкин эмас. «...ва ундан кейин унинг жуфтларини никоҳингизга олишингиз ҳеч қачон мумкин эмас». Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин ҳам у зотнинг завжаи мутоҳҳараларидан бирортасига ҳеч ким уйлана олмайди. «Албатта, бундай қилмоғингиз Аллоҳнинг наздида буюк(гуноҳ)дир». Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга озор бермоғингиз, у кишидан кейин у зотнинг хотинларига уйланмоғингиз катта гуноҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ҳурмат ва эъзозга мушарраф зотдир. Баъзи бир мунофиқлар «Муҳаммад вафот этганидан кейин, Фалончи хотинига уйланаман» деган ҳам экан. Аллоҳ таоло ана шунга ўхшаш ўй-фикрларга ҳам барҳам бериб, бу масалада гапни узил-кесил ҳал қилиб қўйди. Пайғамбаримиздан кейин ҳеч ким, ҳеч қачон у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига уйлана олмаслигини эълон қилди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat