Ассалому алайкум! Мен бир бир биродарим билан Аллоҳ ризолиги учун дуст тутунганман. Уни кул остида ишлайдиган ишчиси мен билан хам якин, дустона муносабатда. Узи ибодатда, озми купми илми хам бор, кунгли юмшок, яхши аёл. Аммо купинча шу аёл биродарим хакида манга кунглимни чуктирадиган: -"Агар у сизни чинданам яхши куриб, хурмат килса ундай киларди, бундай киларди. Мен сизга жоним ачиганидан гапираман. Сиз булса у учун жониззи беришгаям тайёрсиз" га ўхшаш жуда куп гапирарди. Хатто бирга илм урганишлигимни хам хохламай, бир неча бор бундан кайтармокчи булди.Бу гаплари баъзан уз исботини топгандай булиб дустимдан хафа булиб колган кунларим булди. Аввалига у аёлни манчун чиндан хам кайгурвотти деб уйлардим. Аммо кейин бу ишларини хаммаси ХАСАДдан деб билиб, унга менга дустим хакида бундай гапларни айтмаслигини, нима булган такдирда хам мен уни (дустимни) Аллоҳ ризолигичун яхши куриб дуст тутинганим ва иншаАллоҳ охиригача шундай булиб колишини тушунтирдим. Аммо фойдаси булмади. У бу нарсага янаям шижоатли булдими билмадим, энди уни максадини билиб турсамда, истамасамда, уни баъзи нарсаларни исботи билан келтириб бериши окибатида дустимдан каттик хафа була бошладим. Биродарим ундан узоклашаётганим сабабини сураганда бор гапни айтдим ва уша гап сузлар хакикатини сураб олдим. Шундан кейин дустимга булган шубхаларим таркади, алхамдулиллах хозир хаммаси яхши. Саволим: Мени бу килган ишим чакимчиликми ёки тўғри иш килдимми? Хадисларда: -" Чакимчи жаннатга кирмайди" деган сузларни укиб колдим ва шундан бери халоватсизман. Максадим, дустим билан уртамизга бундай фитна килаётган инсон билан муносабатни мен тухтатганим билан, у бу ишини дустимда давом эттириб, уртамизга барибир совукчилик тушириши мумкинлигини уйлаб, уни билдириб куйиш ва вазиятга ойдинлик киритиш эди.
– Ва алайкум ассалом! Сизнинг қилган ишингиз шариат қоралаган чақимчиликка кирмайди.
Тил офатларидан чақимчилик.
Чақимчилик араб тилида «намийма» дейилиб, луғатда бир нарсани зоҳир қилишни билдиради.
Уламолар чақимчиликни қуйидагича таърифлаганлар:
Имом Нававий: «Чақимчилик бузғунчилик йўли билан одамларнинг гапини бир-бирига етказишдир», деган.
Чақимчилик Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида қораланган ёмон хислатлардан биридир.
Аллоҳ таоло:
«Итоат қилма ҳар бир қасамхўр, ҳақирга,.. айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчига,.. яхшиликни ман қилувчи, тажовузкор, сергуноҳга» («Қалам» сураси, 10-12-оятлар).
عَنْ هَمَّامٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا مَعَ حُذَيْفَةَ، فَقِيلَ لَهُ: إِنَّ رَجُلًا يَرْفَعُ الْحَدِيثَ إِلَى عُثْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ فَقَالَ لَهُ حُذَيْفَةُ رَضِي اللهُ عَنْهُ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ قَتَّاتٌ
Ҳаммам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳузайфа билан бирга эдик. Бас, унга: «Бир киши гапни Усмон розияллоҳу анҳуга олиб бориб туради», дейилди.
Шунда Ҳузайфа розияллоҳу анҳу унга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганларини эшитганман», деди».
Бу ҳадиси шарифда чақимчилик нақадар оғир гуноҳ экани баён қилинмоқда. Уламоларимиз: «Чақимчиликни ҳалол санаган одам жаннатга кирмайди», деганлар.
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ مُحَمَّدًا صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَلَا أُنَبِّئُكُمْ مَا الْعَضْهُ؟ هِيَ النَّمِيمَةُ الْقَالَةُ بَيْنَ النَّاسِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Парчалаш нималигини сизга айтиб берайми? Одамлар орасида «деди-деди»лаб чақимчилик қилишдир», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Ҳа, чақимчилик сўйилган ҳайвоннинг аъзолари парчалаб бўлингани каби, жамият аъзоларини парчалаб, бир-биридан ажратиб ташлайди. Чақимчилик тарқалган жамиятда бирлик, ҳамкорлик қолмайди. Бу эса ҳар қандай жамият учун ўта хатарлидир.
Ҳасан Басрий: «Ким сенга чақимчилик қилса, сенинг ҳақингда ҳам чақимчилик қилади», деган.
Имом Заҳабий: «Чақимчилик гуноҳи кабирадир», деган.
Унинг ҳаромлигига мусулмонлар ижмоъ қилишган.
Чақимчилик қилишнинг сабаблари:
1. Гапи нақл қилинаётган шахсга ёмонлик етказиш нияти.
2. Гап айтилаётган одамга яхши кўриниш.
3. Ўзини ўзи хурсанд қилиш ва бошқалар.
Чақимчиликнинг зарарлари:
1. Чақимчилик дўзахга олиб борувчи йўлдир.
2. Чақимчилик улфатлар орасида адоват оловини ёқади.
3. Чақимчилик озор, зарар, алам, хусумат ва нафратдир.
4. Чақимчиликнинг охири войдир.
5. Чақимчилик яхшиликларни кетказади.
6. Чақимчилик пасткашлик, қўрқоқлик, заифлик, макр, ялтоқлик ва мунофиқликдир. Валлоҳу аълам!