Ассалому алайкум! Мен ғийбат катта гуноҳлигини билдим. Бундан сақланиш жуда мушкул иш экан чунки бу одамлар орасида оддий ҳолга айланган. Мен сақланяпман лекин билмай ёки эсимда чиқиб баъзида ғийбат қилиб қўяяпман. Эсимга келганимда истиғфор айтаяпман ўзимга ўзим ғийбат қилмаслик керак дея танбеҳ бераяпман. Қаердадир ўқиб қолгандим. Агар ғийбат қилиб қўйса кетидан уни дуо қилиб қўйсин деган маънода. Шундай қилса бўладими?
– Ва алайкум ассалом!
ҒИЙБАТНИНГ КАФФОРОТИ
Ғийбатчи бир йўла икки ҳаққа нисбатан жиноят қилади:
1. Аллоҳ таолонинг ҳаққига жиноят қилган бўлади. Чунки у Аллоҳ таоло қайтарган ишни қилди. Бунинг каффороти тавба қилиш билан бўлади.
2. Банданинг ҳаққига жиноят қилган бўлади.
Агар ғийбат банданинг ўзига етган бўлса, ғийбатчи унинг олдига бориб, кечирим сўраши ва надоматини билдириши лозим бўлади.
Уламолар: «Унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак», деганлар.
Агар гап ғийбат қилинган одамга етмаган бўлса, тавба қилган ғийбатчи унинг ҳаққига истиғфор айтади. ("Руҳий тарбия" китобидан). Валлоҳу аълам!