Ассалому алайкум! Мен бир видео кўриб қолдим унда айтилишича: "Бир куни Абу Жахл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан дин тўғрисида гап талашиб кўп адабсизлик қилди ва у кишига кўл кўтаришга хам борди. Буни эшитган амир Хамза абу Жахлни бошини ўқ-ёй билан уриб ёрди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб шу ишини айтди. У кишининг юзида қувонч кўринмади. Шунда амир Хамза нима қилсам хурсанд бўласиз деб сўраганида иймон келтирсанг деган эканлар" шу гаплар тўғрими?
– Ва алайкум ассалом!
Ҳамзанинг исломга кириши
(нубувватнинг 6-йили зулҳижжа ойи, милодий 615 йил, сентябрь).
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалиги яқинида ўтирганларида, олдиларидан ўтиб кетаётган Абу Жаҳл у зотга қаттиқ озор бериб сўкди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳеч нарса демадилар.
Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг озод қилган чўриси бу хабарни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари – Ҳамзага етказди.
Ҳамза ўша пайтнинг энг довюрак, баҳодир кишиси эди. Хабарни эшитган Ҳамзанинг ғазаби жунбушга келди ва Байтуллоҳ яқинида одамлар билан гаплашиб ўтирган Абу Жаҳлни излаб топди. Ҳамза Абу Жаҳлнинг олдига етиб бориши билан бошига камон билан қаттиқ урди ва: «Мен жиянимнинг динида бўлсам-у, ҳали сен уни ҳақорат қиласанми?!» деди. Абу Жаҳл жим қолди. Ҳамза мусулмон бўлдилар. Қурайш кофирлари бундан паришон бўлишди, чунки Ҳамза ўша пайтдаги жамиятда ниҳоятда муҳим ўрин тутар эдилар. Валлоҳу аълам!
«Ислом тарихи» биринчи китобидан