Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Имомнинг ақийдаси

08:55 / 03.02.2016 | F . | 3295

Ассалому алайкум! Агар ақийдаси дуруст эмас имомнинг орқасида намоз ўқишга тўғри келиб қолса нима қилиш керак? Масалан жаноза намозида?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Ақийда нозик масала бўлиб, унинг даражалари бир неча қисмга бўлинади. Эътиқодга зид ишларнинг баъзилари куфр, шикр. Баъзилари эса фисқ, баъзилар бидъат кабиларга бўлинади. Шунинг учун уламоларимиз омманинг устидан ҳукм қилишдан қайтариб, ҳар бир инсоннинг ўзини эътиқодини тўлиқ ўрганиш, ўша эътиқодда собит эканлигини ўрганиш, мабодо гапларининг бирортасида 99% куфрга далил, 1% мусулмонлигига далил бўлса, уни эҳтиёт юзасидан мусулмон деб ҳукм қилишга буюрганлар. Ҳатто шиа фирқасининг устидан умумий ҳукм чиқаришдан ҳам қайтариб, улардан ҳаддидан ошиб, ғулуга кетиб, “Қуръонга ўзгартириш киритилган” деган ҳамда “Имомларни пайғамбарлардек маъсум ва Жаброил алайҳиссалом ваҳийни келтиришда хато қилиб, Али розияллоҳу анҳуга келтирмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келтирган” деганларинигина куфрга ҳукм қилишни айтганлар. Сизнинг саволингизда имомнинг эътиқоди қайси нуқтада хато эканлигини айтилмаган. Фосиқ, фожир даражасидаги имомнинг орқасидан иқтидо қилишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рухсат берганлар.

وَلِأَبِي دَاوُدَ وَالدَّارَقُطْنِيِّ: الصَّلَاةُ الْمَكْتُوبَةُ وَاجِبَةٌ خَلْفَ كُلِّ مُسْلِمٍ بَرًّا كَانَ أَوْ فَاجِرًا وَإِنْ عَمِلَ الْكَبَائِرَ.

724. Абу Довуд ва Дора Қутний келтирган ривоятда:
«Фарз намоз ҳар бир мусулмоннинг ортидан — у яхши бўлса ҳам, фожир бўлса ҳам, кабира гуноҳларни қилса ҳам вожибдир», дейилган.
Шарҳ: Бу ривоятдан ҳар ким имом бўлаверар экан, деган гап келиб чиқмайди. Аввал ўтган ҳадислардан ўрганганимиздек, имомликка энг олий сифатларга эга бўлган мусулмонларгина ўтадилар. Билиб туриб, номуносиб одамни имом қилишга уринган киши гуноҳкор бўлади. Номуносиб одамнинг ўзи турли йўллар билан имом бўлиб олиши ҳам гуноҳдир.
Имом бўладиган одам ихлосли, тақводор, илмли, адолатли ва бошқа яхши сифатларга эга бўлиши керак. Буларни юқорида ўрганиб чиқдик.
Ушбу биз ўрганаётган ривоятдаги ҳолат эса тақдир тақозоси билан мусулмонларнинг ихтиёридан ташқари имомликка ўтишни ўзига эп кўрган, агар уларга қарши гап-сўз бўлса, мусулмонлар ўртасида фитна чиқиб, зарар етиши мумкин бўлган ҳолга тегишлидир.
Шунинг учун ҳам ушбу ривоятни шарҳлаган олимлар ўтган замонда улуғ, аҳли солиҳ кишилар ҳам баъзан золим, фосиқ ҳокимлар ортидан намоз ўқиганларини зикр қилганлар.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафийнинг ортидан намоз ўқиганлиги ҳақида ривоят келтирганлар. Ҳажжож ибн Юсуф ўз номи билан, яъни Ҳажжожи Золим номи билан машҳур. Унинг исмига доимо золимлик сифати қўшиб зикр қилинади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудек улуғ саҳобий фитна бўлмаслиги учун унинг кетидан намозда иқтидо қилганлар.
Шунингдек, улуғ саҳобийлардан Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу Марвон ибн Ҳакимнинг ортидан намоз ўқиганлар.
Бундай одамларнинг имом бўлишлари яхши эмас. Аммо улар имом бўлиб қолса, ортларидан намоз ўқиш жоиз. Уларга иқтидо қилган кишиларнинг намозлари мақбул. Имомликка ўтганларнинг гуноҳлари эса ўзларига.
Аллоҳ таоло мусулмонларга доимо муносиб имомлар топилишини насиб этсин.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat