Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ота ва бувининг айтганини қилиш

00:29 / 26.12.2022 | Диёрбек | 592

Ассалому алайкум! Шундай пайтлар бўладики, уйда отам ва бувим мендан ёки ака укамдан ёрдам сўрашканида ёки нимадур қилишни буюришканда намоз вохти кирган бўлади. Ва биз "намоз ўқиб олайлик кейин қилиб қўямиз" деймиз, лекн адам ва бувим шу ишлани биз намоз ўқиб бўгунимизча ўзлари тугатиб қўйишади(хафа бўлишди деб ўйлаб қоламан). Бувим эса "ишга намоз, намозга иш халақит бермаслиги керак, намозни бахона қилаверасизлар, ишни тугатволиб намозни адо этса бўлади дейдилар". Биз қандан йўл тутишимз керак? 2). Бувумни шу гаплари тўғрими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Намоз вақти чиқиб кетмайдиган бўлса аввал уларга қарашинг.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитганман. У зот: «Биронта одам бешикдалигида гапирмаган. Фақат Ийсо ибн Марям алайҳиссалом ва Журайж соҳиби гапирганлар», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Набийи! Журайж соҳиби ким?» дейилди. «Журайж ўз ибодатхонасидаги роҳиб одам эди. Унинг ибодатхонасидан пастроқда бир молбоқар ҳам бор эди. Ўша қишлоқда яшовчи бир бузуқ аёлнинг чўпон билан ўзаро алоқаси ҳам бор эди.
Бир куни онаси келиб: «Эй Журайж!» деб уни чақирди. У намоз ўқиётган эди. Намоз ўқий туриб: «Онамни ихтиёр қилсаммикан, намозними?» деб ўйлади. Кейин намозни устун кўрди-да, намозини давом эттирди.
Онаси уни иккинчи марта баланд овоз билан чақирди. У яна: «Онамни ихтиёр қилсаммикан, намозними?» деб ўйлади-да, яна намозини давом эттирди.
Учинчи марта чақирди. У ўша фикр билан намозни ўқишда давом этди. Жавоб бермаганидан кейин онаси: «Эй Журайж, нопок аёлларнинг юзини кўрмагунингча Аллоҳ сени ўлдирмасин!» деди-да, қайтиб кетди.
Бир куни бояги бузуқ аёлни боласи билан подшоҳнинг ҳузурига судраб келишди. «(Бола) кимдан?» деб сўради. «Журайждан», деди аёл. «Ибодатхона соҳибими?» деди. «Ҳа», деди аёл. «Ибодатхонасини бузиб ташлаб, ўзини менга келтиринглар!» деди. Ибодатхонасини чўқморлар билан уриб, ер билан яксон қилишди. Ўзини қўлини бўйнига арқон билан боғлаб, олиб кетишди. Уни нопок аёллар олдидан олиб ўтишди. Уларни кўриб, табассум қилди. Улар эса одамлар ичидан унга назар солиб туришар эди. Подшоҳ: «Манави аёл нимани даъво қиляпти?» деди. «Нимани даъво қиляпти?» деди у. «Боласи сендан эканини даъво қилмоқда», деди. «Сен даъво қиляпсанми?!» деди у. «Ҳа» деди аёл. «Қани ўша бола?» деди у. «Ана, онасининг қучоғида!» дейишди. Шунда Журайж унга қараб: «Сенинг отанг ким?» деди. «Молбоқар», деди бола. Шунда подшоҳ: «Ибодатхонангни тилладан қилиб берайликми?» деди. «Йўқ», деди. «Кумушдан қилиб берайликми?» деди подшоҳ. «Йўқ», деди. «Нимадан қилиб берайлик?» деди подшоҳ. «Ўзи қандай бўлган бўлса, шундай қилиб беринглар», деди. Шунда подшоҳ: «Боя нимага табассум қилдинг?» деди. «Ўзим билган ишга. Менга онамнинг дуоси тегди», деди ва бўлган воқеани айтиб берди».
Шарҳ: 
Бу ерда она дуоси қанчалик ўткирлигининг исботи намоён бўлмоқда. Бўлмаса Журайж умрида гуноҳ қилмаган, бутун ҳаётини ибодатхонадан чиқмай, ибодат билан ўтказаётган одам эди.
Бу ҳадисдан бошқа ривоятларда бояги бузуқ аёл Журайжнинг олдига келади, зинога чақиради, Журайж уни ҳайдаб чиқаради. Шунинг учун аёл чўпон билан зино қилиб, сўнг қасддан Журайжга туҳмат қилади. Шу қадар ўзини гуноҳдан сақлаган, доимо ибодатда бўлган одамгаям, намозда туриб, онасига жавоб бермагани учун онанинг мазкур дуосига қолди. Бу воқеа бизнинг умматда эмас, Бани Исроилда бўлиб ўтган. Уларнинг шариатида намоздаги кишига гапириш ва намоз ўқиётган одам ҳам гапириши мумкин бўлган.
Бизда бу каби нарсалар намозда мумкин эмас. Бизда намоз ўқиётган шахсни ота-онаси чақириб қолса, фарз намозни бузиб бўлмайди. Нафл намозни ота-она чақириб қолганда бузиш ёки бузмаслик ҳақида ҳанафий уламолардан Айний: мумкин эмас, деса, Ибн Обидийн: мумкин, дейди. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat