Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Дуо ижобади

00:39 / 26.12.2022 | Olim | 1126

Ассалому алайкум Азиз устозлар,жавобилар учун олдиндан рахмат.Ман йакинда дуоларим ижобадини кормаганимдан кейин бесабрлик килиб енди дуо ва намоззи йегиштирдим пенсияга чиксам окийман диб окимей койдим,кейин оша куни срази бошимга бало келди шу бало тасирида 2 кун намоз околмадим кейин тавба килиб истигфор айтиб йана окишни бошладим енди саволим (1) мани намозларим хабата бомадими агар хабата боган боса нма килиш кере (2) Дуони ижобат болиш вакти канча 1 йилми 1 ойми канча вакт кутиш кере (3) нма киса дуо тезрок ижобат болади


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Дуонинг ижобати кечикиши умидсизликка сабаб бўлмасин.
Дуодаги илтижога қарамай, бериш муддатининг кечга сурилиши умидсизлигингга сабаб бўлмасин. У Зот сенга Ўзи ихтиёр қилган нарсани Ўзи ирода қилган вақтда ижобат қилиш кафолатини берган.  Сен ихтиёр қилган нарсани сен ирода қилган вақтда эмас. 
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматда дуо қилган банда риоя қилиши лозим бўлган буюк одобни эслатмоқда. Гоҳида баъзи бандалар қанчалик ёлвориб дуо қилса ҳам ижобат бўлмаганидан умидсизикка тушиб қоладилар. Бу эса тўғри эмас. Дуо бобида ҳам руҳий тарбия устозлари ояти карима ва ҳадиси шарифларни юқори мақомлардан англаб етиб, иймон ва эҳсон даражаларида муолажа қилиш тажрибаларини ҳаётга татбиқ қилганлар. Ушбу ҳикмат ўша тажрибаларга йўғрилган ҳикматлардан биридир. Биз ҳам уларнинг тажриба ва шарҳларидан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Аввало дуонинг маъносини билиб олайлик. «Дуо» сўзи араб тилида чақириш, сўраш маъноларини англатади. Кўпинча дуо қилиш ҳамда бирон нарсани талаб қилиш маънолари бир-бирига аралашиб кетади. Шунинг учун талаб нима-ю, дуо нима эканини аниқ билиб олиш алоҳида маъно касб этади.
Талаб – сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир. «Менга тилаган нарсамни бергин» каби.
Дуо эса сўровчида пайдо бўладиган нафсий ҳолатдир. Мазкур нафсий ҳолат икки нарса билан: қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик ва ҳокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши билан ва яна дуо қилувчининг ўзи қилган гуноҳлар учун Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қила бошлаши билан бўлади.
Ҳа, дуо қилинаётган пайтда қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши бўлмаса, одатга кўра, икки қўлни кўтариб, тилга келган талаб сўзларини такрорлаётган бўлади.
Бундай вақтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап, хаёлда эса бошқа гап бўлиши ҳам мумкин. Албатта, бу ҳолатни дуо деб бўлмайди.
Бас, шундай экан, бу ишни қилаётган одамни «Фалончи Аллоҳ таолодан сўрамоқда», дейишимиз мумкин. Аммо «Фалончи Аллоҳ таолога дуо қилмоқда», дея олмаймиз.
Кўпчилик бирор нарсага эришмоқчи бўлса, турли дуоларни ўрганиб, ёд олади. Уларни такрор-такрор ўқиб, Аллоҳ таолодан ўз тилагини сўрайди. Аммо сўраган нарсасига етиша олмай юраверади, чунки у ҳақиқий дуо қилгани йўқ, шунчаки сўраш билан банд. Дуо деб аталадиган нафсий ҳолатга эришгани йўқ.
Шу билан бирга, у ўзи қилган гуноҳлар учун Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қилишни бошлагани ҳам йўқ. Балки гуноҳ қилишда давом этаётган бўлиши ҳам мумкин.
Ахир бирор одамдан бир нарсани сўрайдиган одам ўша берувчига нисбатан беодоблик содир этган бўлса, аввал мазкур беодоблик учун узр айтиб туриб, кейин сўровини сўрайди-ку!? Нима учун Аллоҳ таолога гуноҳ қилган банда У Зотдан узр сўрамай туриб, яна сўровини сўраши керак? Аллоҳ таолога осий бўлиб туриб, яна қандай қилиб У Зотдан «Менга фалон нарсани бер», дея талаб қила олади?!
Шунинг учун ҳам баъзан ўзи ҳақида қилган дуоси қабул бўлган кишиларнинг кўпчилик учун қилган дуолари қабул бўлмайди. Чунки бу кишининг ўзи тавбани яхши қилиб, дуони ихлос билан қилган бўлади. Аммо кўпчилик ичида гуноҳга ботиб, бунга парво ҳам қилмай юрган кимсалар бўлиши мумкин.
Баъзилар «Одамлар Аллоҳдан сўрайдилар, аммо Аллоҳ уларга ҳеч нарса бермаслиги ёки сўрамаган нарсаларини бериши ҳам мумкинми?» деб сўрайдилар.
Бу саволга учта жавоб бор.
Биринчидан:
Дуони ижобат қилиш ҳақидаги оят сўровчига бир нарса беришни ўз ичига олмаган, балки бу оят дуо қилувчининг дуоси ижобат қилинишини ўз ичига олган. Дуо қилувчи эса сўровчидан кўра умумийроқ маънодаги шахсдир. Шунинг учун ҳам дуони ижобат қилиш сўровни беришдан кўра умумийроқдир.
Ушбу фарқ туфайли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида қуйидагиларни айтганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ҳар кеча Роббимиз дунё осмонига тушади ва «Ким Менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилсам, ким Мендан сўрайди, Мен унга ато қилсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам», дейди», деганлар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар («Ирвоул-ғалийл», 449-бет).
Ушбу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилувчи билан сўровчининг, ижобат билан атонинг орасини фарқламоқдалар.
Иккинчидан:
Дуонинг ижобат қилиниши сўралган нарсани беришдан кўра кенг ва умумийдир. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буни қуйидагича тафсир қилганлар:
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қайси бир мусулмоннинг дуосида гуноҳ ҳам, қариндошлик алоқасини узиш ҳам бўлмаса, У Зот унга бунинг сабабидан уч (хислат)дан бирини беради:
Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг учун охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади».
«Ундоқ бўлса, 
(дуо) кўпайтирилар экан-да?», деди.
«Аллоҳ кўпайтирувчироқдир», дедилар».
Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят килган.
Мусулмон инсон дуони ёлворган ҳолда такрор ва такрор қилади. Дуони ўрнига қўйиб адо қилганидан кейин дуоси ижобат бўлишидан ноумид бўлмайди.
Агар у ноумид бўлса, унинг дуоси сабабчилик воситаси ила уринишга айланиб қолади. Дуо қабул бўлишининг кечикиши Роббининг эшигини қоқишдан юз ўгиришига сабаб бўлган бўлади. Муҳтожликнинг изҳори ва доимо муножотда туришнинг мақоми бўлмиш дуода нуқсонга йўл қўйган бўлади.
Бу борада шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни ёзади:
«Одамлар уч турлидир:
– Роббини тафвийз – ҳавола ила қасд қилган одам. Бас, унга У Зотдан розилик ва У Зотга боғланиш ҳосил бўлади. Бу турдаги банда қабулнинг кечикиши ва бошқа сабаб туфайли бурилиб кетмайди.
– Мавлосининг эшиги олдида У Зотнинг ваъдасига ишонган ҳолда ва ҳукмига интизор бўлган ҳолда турган одам. Дуосининг қабули кечга сурилганда, у ўзини камчиликка йўл қўйган ва дуонинг қабул бўлиш шартлари вужудга келмаган деб ҳисоблайди. Бу ҳолат уни гоҳида умидсизликка солади, гоҳида умидворликка. Агар муроди муяссар бўлса, қалбида шариат улуғвор бўлади.
– Эшик олдида сабаблар ила, узрлар ила боғланган, ғафлат ила ўралган, ғаразини талаб қилган, ҳукмга ҳам, ҳикматга ҳам боқмай турган одам. Бу одам ваъдага ишонмай, шак қилган ёки ҳайратга тушган, ёхуд умидсизликка, ё сабабга асир тушган одамдир. Аллоҳ таолодан офият сўраймиз».
Шайх Абдулазиз Маҳдавий[1] раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ким дуосида ўз ихтиёрини тарк қилмаса, Ҳақ таолонинг ихтиёрига рози бўлмаса, у даражама-даража олинадир. Бундай одам ҳақида: «Бунинг ҳожатини чиқаринглар! Унинг овозини эшитишни ёқтирмайман», дейилади. Ким дуосида Аллоҳ таолонинг ихтиёри ила бўлса, ўзининг ихтиёри ила бўлмаса, агар сўрагани берилмаса ҳам, дуоси ижобат бўлган бўлади. Ишлар оқибатига қараб баҳоланади».
Дуонинг қабул бўлишидан умидсизликка тушиш борасидаги жоҳиллик ваъданинг кенг экани ва унинг воқе бўлиши чегараланмаганлигини билиш ила кетказилади. Шунинг учун ҳам Ибн Атоуллоҳ Сакандарий ўзининг ушбу ҳикматида қуйидагиларни айтади:
«У Зот сенга Ўзи ихтиёр қилган нарсани Ўзи ирода қилган вақтда ижобат қилиш кафолатини берган. Сен ихтиёр қилган нарсани сен ирода қилган вақтда эмас». 
Ҳар бир банда ушбу ҳақиқатни яхши англаб олиши ва бутун вужудига сингдириши керак. Қандай қилиб ожиз банда ўзи истаган нарсасини ўзи истаган вақтда муҳайё қилишини Роббидан талаб қилиши мумкин?! Балки У Зотга ёлвориши, бутун борлиғи билан илтижо қилиши ва ижобатини У Зотнинг Ўзига ҳавола қилиши бандадан талаб қилинадиган юксак одобдир. Бундан ўзгача бўлиши, дуонинг ижобати кечикканда умидсиз бўлиши беодобликнинг юксак чўққисидир.
Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади:
«Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман» (60-оят).
«Менга дуо қилинг, қабул этаман, Менга илтижо қилиб, ҳожатингизни сўранг, сўраганингизни бераман», дейди Аллоҳ таоло.
Ожизлигини, ҳожатмандлигини эътироф этиб, дуони қабул қилувчи Зотнинг жалолига муносиб одоб-ахлоқ билан сўраш банданинг иши. Қолгани эса Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Мен ижобат ташвишини чекмайман, мен дуо ташвишини қиламан. Менга дуо қилиш илҳом этилса, ижобат ҳам қилинади», дер эди. Ҳа, Аллоҳ Ўзига иймон билан дуо қилганларнинг дуосини ижобат этади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики, сизнинг бирингиз шошилиб, «Дуо қилдим, ижобат бўлмади», демаса, унга ижобат қилинади», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Дуонинг одобларидан бири унинг ижобат бўлишига шошилмаслик ва «Нима учун дуоим қабул бўлмаяпти?!» демасликдир.
Аллоҳ таоло Ўзининг улулазм пайғамбарларидан баъзиларининг дуоларини бир неча асрлардан кейин ижобат қилган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:
 «Роббимиз, уларнинг ичига ўзларидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Расул юбор. Албатта, Сен Ўзинг ўта иззатлисин, ўта ҳикматлисан» (129-оят).
Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг дуоларини кўп асрлардан сўнг ижобат қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У зот Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг зурриётларидан бўлиб, дуодаги барча сифатлар у кишида мужассамдир.
Чин дилдан қилинган дуо албатта қабул бўлади. Лекин қабул қилувчи Зот қачон хоҳласа, ўшанда қабул қилади. Одамлар буни тушунмай шошиладилар, ноумид бўладилар, холос.
Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларнинг дуоларини қирқ йилдан кейин ижобат қилган.
Шайх Аҳмад Зарруқ дейди: «Аллоҳ таоло истаган шаклда ва вақтда ижобат қилишининг уч маъноси бор:
Биринчиси: Бандага меҳр ва иноят кўрсатиш. Зотан, У Зот ўта карамли, ўта раҳмли ва ўта илмлидир. Ўта карамли Зот қачон Унга азиз бўлган кимса Ундан бирор нарсани сўраса, унга Ўзи ўргатган нарсанинг энг афзалини беради. Банда эса нима яхши ва нима ёмонлигидан жоҳилдир. У ўзи учун ёмон бўлган нарсани яхши кўриши ва ўзи учун яхши бўлган нарсани ёмон кўриши мумкин.
Иккинчиси: Бундай бўлиши банданинг назарида бандалик ҳукмлари боқийроқ ва робблик ҳукмронлиги зоҳирроқ бўлиши учундир. Чунки агар дуонинг ижобати банданинг муродига бутунлай мувофиқ бўладиган бўлса, Аллоҳ таолога ҳукмини ўтказиш бўлади ва бу ботилдир.
Учинчиси: Дуо бандаликдан иборат бўлиб, унинг сири ҳожатмандликни изҳор қилишдир. Агар ижобат банданинг муродига мувофиқ бўлиши шарт бўлса, талаб қилишда ҳожатмандлик йўқолади. Бас, унда дуонинг шариатга киритилишининг ҳикмати ва талаб қилинувчига музтар бўлиш ботил бўлади».
Баъзилар демишлар: «Дуонинг фойдаси У Зотнинг ҳузурида ҳожатмандликни изҳор қилишдир. Аслида Аллоҳ таоло нимани истаса, шуни қилади».
Аллоҳ таоло барчаларимизни дуодаги илтижога қарамай, бериш муддати кечга сурилганда умидсизликка тушмайдиган бандаларидан қилсин! Омин! (“Хислатли ҳикматлар шарҳи” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat