Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Зикр савобини бағишлаш

16:54 / 19.01.2023 | Мухаммад | 1604

Ассалому алайкум! Ҳар кун таҳлил айтаман. Айтган таҳлилларим (ла илаҳа иллаллоҳ) 70 мингга етса уни онамга бағишламоқчиман, шуни тартиби қандай бўлади. Баъзилар икки ракаат намоз ўқиб, охирида икки салавотнинг ўртасида айтилади ва ҳоказолар дейишяпти. Шу ҳақда билмоқчи эдим.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Амалларнинг савобини марҳумга бағишлаш учун алоҳида қоидалар йўқ. “Роббим, фалон амалимни ҳусни қабул қилгин, ўз фазлингдан ажр ато қилиб, уни фалончига етказгин” каби дуо қилсангиз кифоя.

Ийсолу савоб ва унинг ҳукми

Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасида савоб йўллаш ва маййит ҳаққига дуо қилиш таъкидланган:

وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ

“Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар” (Ҳашр 59 оят).
Ушбу оятда ўтганлар ҳаққига дуо қилишга тарғиб қилинган. Одатда тасаввуф вакиллари ўтган салафи солиҳлар ҳаққига дуо қилиб, савоб йўллайдилар (Масоилус сулук мин калом маликил мулук).

Ўтганларга баданий ва молиявий савоб йўллаш борасида келган ҳадислар

عن ابن عباس رضي الله عنهما قالقال رسول الله صلى الله عليه وسلمما الميت في قبره إلا كالغريق ينتظر دعوة تلحقه من أبٍ أو أمٍ أو صديقٍ، وإن الله ليدخل من الدعاء على أهل القبور كأمثال الجبال، وإن هدية الأحياء إلى الأموات الاستغفار لهم

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Маййит қабрда ғарқ бўлаётган киши кабидир. Отаси ёки онаси ёки дўстидан унга етадиган дуони кутиб туради. Аллоҳ таоло тоғдай дуоларни қабр аҳлига етказади. Тирикларни ўликларга ҳадияси улар ҳаққига истиғфор айтишдир” дедилар” 
(Мушкотул масобиҳ).
Фойда: Ушбу ҳадисда тирикларнинг амаллари хоҳ дуо бўлсин, хоҳ молиявий тоат бўлсин, хоҳ баданий ибодат бўлсин вафот этганларга наф бериши ошкора баён этилган.

عن صَالِحِ بْنِ دِرْهَمٍ قَالَ سَمِعْتُ أَبِى يَقُولُ انْطَلَقْنَا حَاجِّينَ فَإِذَا رَجُلٌ فَقَالَ لَنَا إِلَى جَنْبِكُمْ قَرْيَةٌ يُقَالُ لَهَا الأُبُلَّةُ قُلْنَا نَعَمْقَالَ مَنْ يَضْمَنُ لِى مِنْكُمْ أَنْ يُصَلِّىَ لِى فِى مَسْجِدِ الْعَشَّارِ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَيَقُولَ هَذِهِ لأَبِى هُرَيْرَةَ سَمِعْتُ خَلِيلِى أَبَا الْقَاسِمِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ «إِنَّ اللَّهَ يَبْعَثُ مِنْ مَسْجِدِ الْعَشَّارِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ شُهَدَاءَ لاَ يَقُومُ مَعَ شُهَدَاءِ بَدْرٍ غَيْرُهُمْ ». قَالَ أَبُو دَاوُدَ هَذَا الْمَسْجِدُ مِمَّا يَلِى النَّهْرَ

Солиҳ ибн Дирҳам: “Отам: “Ҳаж қилгани кетаётганимизда бир киши (етиб олиб): “Яқинларингизда Ибла деб айтиладиган қишлоқ борми?” деди. Биз: “Ҳа” дедик. У: “Сизлардан ким Ашшор масжидида икки ёки тўрт ракъат мен учун намоз ўқиб беришни ва бу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу учун дейишни зиммасига олади? Абулқосим соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аллоҳ таоло қиёмат куни шаҳидларни Ашшор масжидидан тирилтиради. Улардан бошқалар Бадр шаҳидлари билан бирга қоим бўлмайди” деяётганларини эшитганман” деди” айтаёганини эшитганман” деди.
Фойда: Ушбу ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу номларидан намоз ўқиб, у зотга савобини бағишлаш борасида сўз боради. Савоб йўллаш борасида икки иш собитдир. Улар:
1. Молиявий ибодатни савоби вафот этган одамга етиб боргани каби баданий ибодатнинг савоби ҳам унга етиб бориши;
2. Вафот этганга савоб етиб боргани каби тирикларга ҳам савоб етиб бориши. Чунки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга савоб йўлланганда, тирик бўлганлар (Такашшуф ан муҳимматут тасаввуф).

عن علي بن أبي طالب قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم من مر على المقابر وقرأ قل هو الله أحد إحدى عشرة مرة ، ثم وهب أجره للأموات أعطي من الأجر بعدد الأموات

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким қабристондан ўта туриб, қул ҳуваллоҳу аҳадни ўн бир марта ўқиб, ажрини вафот этганларга ҳиба қилса, унга вафот этганлар ададича ажр берилади” дедилар” 
(Жомеул аҳодис ли Суютий).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ دَخَلَ الْمَقَابِرَ ، ثُمَّ قَرَأَ فَاتِحَةَ الْكِتَابِ وَقُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ وَأَلْهَاكُمْ التَّكَاثُرُ ، ثُمَّ قَالَ إنِّي جَعَلْت ثَوَابَ مَا قَرَأْت مِنْ كَلَامِك لِأَهْلِ الْمَقَابِرِ مِنْ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ كَانُوا شُفَعَاءَ لَهُ إلَى اللَّهِ تَعَالَى

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким қабристонга кириб, сўнг Фотиҳатул китоб, қул ҳуваллоҳу аҳад, алҳакумут такасурни ўқиб, сўнг: “Инний жаълту саваба ма қароъту мин каломика ли аҳлил мақобир минал мўминина вал мўминаат” деса, улар Аллоҳ таоло ҳузурида у учун шафоатчи бўладилар” дедилар” 
(Табароний ривояти).
Маъноси: Каломингдан тиловат қилган нарсамни савобини мўмин ва мўминалардан иборат қабр аҳлларига бағишладим.

عَنْ أَنَسٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ دَخَلَ الْمَقَابِرَ فَقَرَأَ سُورَةَ يس خَفَّفَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَكَانَ لَهُ بِعَدَدِ مَنْ فِيهَا حَسَنَاتٌ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким қабристонга кириб, “Ясин” сурасини ўқиса, Аллоҳ улардан енгиллаштиради ва у учун у ердагиларни ададича ҳасанот бўлади” дедилар”
(Шарҳус судур).
Фойда: Қабристондан ўта туриб, Каломуллоҳдан тиловат қилиб, савобини йўлловчи кишига ҳам савоб бўлиши юқоридаги ҳадисларда баён этилмоқда. Савобини бағишлаш билан бағишловчига ҳеч нарса қолмайди дейиш нотўғри, аслсиз гапдир. Субаҳаналлоҳ Аллоҳ таоло қандай ҳам раҳматли зота!

عَنْ عَبْدِ اللّهِ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللّهُ عنه قَالَبَيْنَا أَنَا جَالِسٌ عِنْدَ رَسُولِ اللّهِ صلى الله عليه وسلمإِذْ أَتَتْهُ امْرَأَةٌفَقَالَتْإِنّي تَصَدّقْتُ عَلَىَ أُمّي بِجَارِيَةٍوَإِنّهَا مَاتَتْقَالَفَقَالَ: "وَجَبَ أَجْرُكِوَرَدّهَا عَلَيْكِ الْمِيْرَاثُقَالَتْيَا رَسُولَ اللّهِ إِنّهُ كَانَ عَلَيْهَا صَوْمُ شَهْرٍأَفَأَصُومُ عَنْهَا؟ قَالَ: "صُومِي عَنْهَاقَالَتْإِنّهَا لَمْ تَحُجّ قَطّأَفَأَحُجّ عَنْهَا؟ قَالَ: "حُجّي عَنْهَا

Абдуллоҳ ибн Бурайда отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
“Бир вақт мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эдим, у зот олдига бир аёл келиб: “Онамга бир жорияни садақа қилган эдим. Онам вафот топди” деди. У зот: “Ажринг вожиб бўлди ва уни мерос сенга қайтарди” дедилар. У (аёл): “Эй, Аллоҳнинг расули унинг зиммасида бир ойнинг рўзаси бор эди. Унинг номидан рўза тутаманми?” деди. У зот: “Унинг номидан рўза тут” дедилар. У (аёл): “У ҳеч ҳаж ҳам қилмаган эди. Унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?” деди. У зот: “Унинг номидан ҳаж қил” дедилар” (Термизий ривояти).
Бу ҳадис баданий ибодат савобини бағишлаш борасида аслдир. Ҳанафий мазҳаби ҳам шунга зиҳоб қилган. У ҳадисдан бу рўзани кифоя қилиши лозим бўлмайди. Чунки, сўралинган зотнинг мақсади мутлоқ манфаат етишлиги бўлиши мумкин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу иши, яъни бир киши Ашшор масжидида икки ракъат намоз ўқиб, бу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу учун дейиши борасидаги ҳадис тирик кишига савобини йўллаш дурустлигига далолат қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда иккита қурбонлик қилар, бирини ўзларининг номидан, иккинчисини умматларининг номидан. У зотнинг бу қилган қурбонликлари келажакда келадиган кишиларга ҳам савоби етишига далолат қилади.

Савоб йўллашнинг ҳақиқати

Савоб етиши учун аввало яхши ишни қилувчи амалини холис Аллоҳ учун қилиб савоб ҳосил қилиб олиши лозим. Савоб йўлланган кишига савоб етиши учун хоҳ у вафот этган бўлсин ёки тирик бўлсин мўмин бўлиши шартдир. Мўмин бўлмаган кишига қилинган хайри эҳсонларнинг савоби етиб бормайди (Имдодул фатаво).
Бир киши кимгадир бирор ишни савобини йўлламоқчи бўлса, аввал ўша ишни қилиб савоб ҳосил қилган бўлиши лозим. У ишни қилмай унинг савобини йўллаши мумкин эмас. Масалан, бир киши ғариб ёки мискинларни меҳмон қилиб савобини бағишлашни хоҳласа, мискинлар овқатни еб бўлганларидан кейин савобини йўллаши лозим бўлади. Савобини йўллашда дуога қўл кўтариб хушуъ, хузуъ билан: “Эй, Аллоҳим мени у амалимни қабул қилиб, уни савобини фалон, фалонларга етказгин” дейди.

وَيَقْرَأُ مِنْ الْقُرْآنِ مَا تَيَسَّرَ لَهُ. . . اللَّهُمَّ أَوْصِلْ مِثْلَ ثَوَابِ مَا قَرَأْته إلَى فُلَانٍ

“Муяссар бўлганича тиловат қилади. . . Аллоҳим тиловат қилган нарсамнинг савобини мислини фалончига етказгин (дейди)” (Роддул муҳтор).

Ҳақ эвазига хатми қуръон қилдириб, савобини бағишлаш

Шомий раҳматуллоҳи алайҳ “Дуррул мухтор” шарҳи ва ўзларининг “Шифоул алийл” рисоласида очиқ-ойдин кучли далиллар билан Қуръони карим ва бошқа нарсаларни таълимига ҳақ олиш борасидаги мутаххир олимларнинг ижозати ва унинг иллати диний зарурат эканлиги, унга халал етиши билан дин низомига халал етишини баён қилган. Шунинг учун зарурат доирасига чегараланиш лозимдир, яъни Қуръони карим, ақоид, фиқҳ кабиларни таълимига ҳақ олиш жоиз. Шу боис савобини бағишлаш мақсадида ҳақ эвазига Қуръони каримни хатм қилдириш ёки бирор тасбиҳ ўқиттириш ҳаром ҳисобланади. Чунки, буларда бирор диний зарурат йўқ. Ҳақ эвазига хатми Қуръон қилгувчи ва қилдиргувчилар гуноҳкор бўлади. Ҳақ эвазига хатми Қуръон қилувчига бундан бирор савоб ҳосил бўлмас экан, у маййитга нимани бағишлайди?
Шомий раҳматуллоҳи алайҳ бу борадаги кўплаб фақиҳларнинг сўзларини “Тожуш шариа”, “Айний”, “Шарҳу Ҳидоя”, “Ҳошияту хойриддин” ва “Баҳрур роиқ”лардан нақл қилиб келтирган. Жумладан, Хойриддин Рамлий раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги сўзларини ҳам нақл қилиб келтирган: “Савобини бағишлаш учун қабрга Қуръон тиловат қилдириш ёки ҳақ эвазига хатми Қуръон қилдириш саҳабаи киром ва табаа тобиин каби уммат пешқадамларининг бирортасидан нақл қилинмаган. Шунинг учун бу бидъатдир”.
“Фатвои рашидия”да ҳам савобни бағишлаш борасида шундай дейилган: “Бирор кун ёки бирор нарсани тайин қилиб олмай маййитга савоб бағишлаш айни савобли ишлардандир. Лекин, ҳозирги кундаги каби маълум бир кун ёки амалларни қилмаса бўлмайдида деб тайин қилиб олиш ножоиздир”.

Хайри эҳсон савобини йўллашни энг яхши йўли

Савоб йўллашнинг афзал ва энг яхши сурати шуки, хайри эҳсонни нақд тарзда фақир, мискинларга бериб, ундан ҳосил бўлган савобни ўтган отаси ёки кимигадир бағшлашдир. Чунки, мискинларнинг нималарга эҳтиёжлари борлиги ўзларигагина маълум бўлиб, уларга нақд пул берилса, у билан ўзларини эҳтиёжларини қондирадилар. Иккинчи сурати, мискинларга хом масаллиқ берилади ва улар ундан ўзлари учун хоҳлаган таомларини пишириб истеъмол қилаверадилар. Учинчи сурати, овқат пишириб мискинларни қорнини тўйдирилади ва ундан ҳосил бўлган савобни бағишлайди. Овқат пишириб мискинларга беришнинг энг яхши сурати эҳсон қилмоқчи бўлган миқдордаги масаллиқни бирданига пиширмай ҳар куни то масаллиқ тугагунича фақир, мискинларга етадиган даражада овқат тайёрлаб уларни тўйдиради. Агар бирданига барча масаллиққа овқат тайёрласа, очни ҳам тўқни ҳам тўйдириши лозим бўлиб қолади. Бунда одатда кўпроқ қорни тўқларга овқат тарқатилади. Қорни очлар эса қолиб кетади.

Тиловати қуръондан ҳосил бўлган савобни йўллаш

Қуръони каримни тиловат қилиб савобини йўллаш борасида аксарият улуғлар айтадиларки, ҳар ким ўз уйида имкониятига қараб тиловат қилиб савобини бағишлагани афзал ва авлодир. Жамоат орасида Қуръони каримни тиловат қилиб, савобини бағишлашда аксарият ўринда маййит аҳлига ўзини кўрсатиш бўлади ва бунда холислик камроқдир.

Вафот этган кишига савоб йўлланилади, хайри эҳсон қилинган нарсанинг айни ўзи эмас
Баъзи оми инсонлар нима нарса садақа қилсанг ўша нарса ўтганларга етиб боради деб, эътиқод қиладилар. Бу аслида нотўғри тушунчадир. Чунки, садақа қилинган нарсалардан ҳосил бўлган савоб маййитга бағишланилса, ўша савоб етиб боради, хайри эҳсон эмас. Шиа оқимининг баъзи фирқаларида Муҳаррам ойида шарбат ичиб савобини Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга йўллаш одат бўлиб қолган. Чунки, улар ичилган шарбатдан ҳосил бўлган савоб шарбат суратида Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга етиб боради деб эътиқод қиладилар. Бу ғирт нотўғри тушунчадир.

Савоб йўллагандан кейин йўлловчига ҳам тўлиқ савоб етади

عن ابن عمر قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "إذا تصدق أحدكم بصدقة تطوعا فليجعلها عن أبويه فيكون لهما أجرها ولا ينقص من أجره شيء

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизлардан бирортангиз нафл садақа қилса, уни ота-онаси номидан қилсин. Шунда, ота-онасига ҳам унинг ажри бўлади ва унинг ўзига берилган ажрдан ҳам бирор нарса камайтирилмайди” 
(Табароний ривояти).
Ушбу ҳадис савоб йўлловчига ҳам тўлиқ савоб етишига далолат қилади. Буни Саҳиҳи Муслимдаги қуйидаги ривоят ҳам қўллаб қувватлайди:

عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ. . . قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم مَنْ سَنَّ فِي الإِسْلاَمِ سُنَّةً حَسَنَةً ، فَلَهُ أَجْرُهَا ، وَأَجْرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا بَعْدَهُ ، مِنْ غَيْرِ أَنْ يَنْقُصَ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ. . . "

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“. . . . . Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди”
(Муслим ривояти).
Бу ҳадис, бошқаларга савоб йўллаш билан савоб йўлловчининг савоби камайиб қолмаслигини қўллаб қувватлайди. Табароний ҳадисида ўзгаларга қасдан савоб йўллаш айтилган бўлса, Муслим ҳадисида қасд қилмасада савоб етиб туришлиги айтилган.

الْأَفْضَلُ لِمَنْ يَتَصَدَّقُ نَفْلًا أَنْ يَنْوِيَ لِجَمِيعِ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ لِأَنَّهَا تَصِلُ إلَيْهِمْ وَلَا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِهِ شَيْءٌ

“Нафл тарзда садақа қилаётган киши учун афзали барча мўмин ва мўминаларни ният қилишидир. Чунки, унинг ажридан бирор нарса камаймаган ҳолатда уларга ажр етади” (Роддул муҳтор).
Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ бу борада шундай деганлар: “Маънавий нарсалар шундайки, аввалги маҳалдан иккинчи маҳалга йўллаш билан аввалги маҳалдан зоил бўлмайди. Бу нарса илм олиш, файз ҳосил қилишда очиқ ойдин кўзга ташланади. Моддий нарсаларнинг хилофи ўлароқ. Уларни ҳиба қилгандан кейин ҳиба қилувчи қўлида ундан бирор нарса қолмайди” (Камолоту ашрафия, Баводирун наводир, Имдодул фатаво).
Мавлоно Румий раҳматуллоҳи алайҳ “Маснавий”да маънавий нарсалар ҳақида шундай деган:

Маъноларда қисмат ҳам, адад ҳам йўқ.
Маъноларда бўлиниш ва бирлик йўқ. 

Йўлланган савобнинг тақсими

Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ наздида вафот этганларга бағишланган савоб барчасига тўли-тўлиқ етади. Рашид Аҳмад Гангуҳий раҳматуллоҳи алайҳнинг наздиларида эса, савоб барчасига тақсим қилинади (Малфузоту камолоту ашрафия).
Ҳакимул умма Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳдан Муҳаммад Исо Илоҳ Ободий раҳматуллоҳи алай буни изоҳлаб беришларини сўраганлар. Унга жавобан қуйидагиларни ёзганлар:

سُئِلَ ابْنُ حَجَرٍ الْمَكِّيُّ عَمَّا لَوْ قَرَأَ لِأَهْلِ الْمَقْبَرَةِ الْفَاتِحَةَ هَلْ يُقْسَمُ الثَّوَابُ بَيْنَهُمْ أَوْ يَصِلُ لِكُلٍّ مِنْهُمْ مِثْلُ ثَوَابِ ذَلِكَ كَامِلًافَأَجَابَ بِأَنَّهُ أَفْتَى جَمْعٌ بِالثَّانِي ، وَهُوَ اللَّائِقُ بِسَعَةِ الْفَضْلِ

“Ибн Ҳажар Маккий раҳматуллоҳи алайҳдан мақбара аҳлига Фотиҳани ўқиб бағишланса, ундан ҳосил бўлган савоб улар орасида тақсим қилинадими ёки улардан ҳар бирига тўли-тўлиқ савоб етадими?, деб сўралганида, у киши: “Аксарият иккинчисига фатво берган. Манашу Аллоҳнинг фазли карамининг кенглигига лойиқдир” деб жавоб бердилар” (Роддул муҳтор).
Агар бир киши: “Бунга далилларда бирор нас келмаган, қолаверса, бу қиёсий масалалардан ҳам эмас. Демак, қандай қилиб нассиз ҳукм чиқара оламиз?” деб савол берса, қуйидаги ҳадис билан жавоб берилади:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "إذا تصدق أحدكم بصدقة تطوعا فليجعلها عن أبويه فيكون لهما أجرها ولا ينقص من أجره شيء"

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизлардан бирортангиз нафл садақа қилса, уни ота-онаси номидан қилсин. Шунда, ота-онасига ҳам унинг ажри бўлади ва унинг ўзига берилган ажрдан ҳам бирор нарса камайтирилмайди”
(Табароний ривояти).
Савоб йўллаш билан савоб йўллагувчининг ажридан бирор нарса камайиб қолмайди. Лекин, савоб йўллаганига алоҳида ажр олади, яъни кимларга савоб йўлласа, савоб йўллагувчига савоб йўллаганлиги учун ҳам алоҳида савоб берилади.
Унинг ҳиссий мисоли шуки, бир чироғ билан минглаб чироғлар равшан бўлади ва бир устоз бир вақтнинг ўзидан юзлаб шогирдларга таълим беради. Лекин, чироғнинг равшанлигидан ҳам, устознинг илмидан ҳам бирор нарса камайиб қолмайди (Камолоту ашрафия).
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ: “Савобни йўллашда савобни тақсимланиши ёки тақсимланмаслиги борасида бирор қатъий нас йўқ ва унда ихтилоф мавжуд. Лекин, биз қанча одамларга бир амалнинг савобини юборсак барчасига баробар, тўлиқ юборамиз деб умид қиламиз. Уларни кам, кўп қилиш Аллоҳ таоло изнидадир.

Молиявий ибодатнинг савоби афзалдир

Молиявий ибодат савобини йўллаш аҳли сунна вал жамоа наздида муттафақун алайҳ бўлган масалалардандир. Шунинг учун ҳам молиявий ибодат савобини бағишлаш афзалдир. Иккинчидан, молиявий эҳсондан эҳсон олган одам хоҳлаганича фойдаланиши мумкин. Учинчидан, молиявий ибодат инсон нафсига оғир ботади ва бунда нафсга қарши курашиш бор. Баданий ибодатдан ҳосил бўлган савобни бағишлашга Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ хилоф қилганлар. Бизнинг мазҳабда, яъни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабида иккисидан, яъни молиявий, баданий ибодатлардан ҳосил бўлган савобни бошқаларга бағишлаш мумкиндир. Юқорида кўрсатилган хусусиятларга асосан молиявий ибодат савобини бағишлаш афзал ҳисобланади.

Савоб йўллашнинг бир одоби

Савоб йўллаш борасидаги одоб шуки озгина бўлса ҳам тиловат қилиб, алоҳида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам руҳи муборакларига бағишлайди. Масалан, жуда ҳиммати бўлмаса уч марта ихлос сурасини ўқиб, савобини бағишлаш каби.

Савоб йўллаш борасида Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг одатлари

Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ кун давомида қанча тиловат қилиш насиб бўлса, ундан ҳосил бўлган савобни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, барча Пайғамбар алайҳис саломлар, ўтиб кетган, яшаб турган ва туғиладиган барча мўмину мўминаларга савобини бағишлар эдилар. Бирор хос кишига бағишлаш керак бўлиб қолса, унга алоҳида бағишлар эдилар (Камолоту ашрафия).

Улуғлар руҳларига савоб йўллашдаги ният

Бирор кун ёки ойни тайин қилмай ғарб, мискинларга таом бериш ёки нақд пул бериб, савобини улуғларга йўллаш савобли, ажрли ишлардандир. Лекин, бу қилган амалим туфайли уларнинг руҳларидан менга мадад бўлади деган ниятда бўлмаслик лозим.

Бидъат ва ножоиз расм-русмлар

Юқорида биз ўлим, маййит ва унинг ортида қолувчиларга тааллуқли бўлган Қуръон, ҳадис ва муътабар фиқҳий китоблардан ҳавола қилиб, Ислом бизга дастури амал қилиб берган, инсон фитратига муносиб масалаларни баён қилиб ўтдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт замоналарида у зотнинг қанча-қанча жиган-поралари, яқинлари, фидокор саҳобалари ўлим шарбатини тотдилар. Кимдин урушда, кимдир беморлик тўшагида, кимдир етимликда жог таслим қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бевосита ўзлари кўпларининг тажҳиз-такфинида, таъзияси ва меросларининг тақсимида раҳвар ва раҳнамо бўлганлар. Қандай воқеа содир бўлган бўлса, ўшанга муносиб шаръий аҳком ва одобларни оғзаки таълим бериб, амалий кўрсатиб берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга имон, ибодат, зуҳддан тортиб тўй, мусибатларнинг ҳам аҳком-одобларини таълим бериб ўтганлар. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар қилиб юборилишларидан мақсад, уммат учун ҳар жабҳада тирик намуна бўлишлари эди. Чунончи у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг тўйида ҳам, таъзиясида ҳам қатнашдилар. Уларнинг беморларини зиёрат қилдилар. Тажҳиз, такфин, қилиб жаноза намозини ўқидилар ва дафн қилдилар. Таъзия билдириб, савоб бағишладилар. Қабрларини зиёрат қилдилар. Ўтганларнинг қарзларини адо қилиб, васиятларига амал қилиб, меросларини тақсим қилдилар. Мусибатзада ва беваларнинг ғамхўри бўлдилар. Етимларни қарамоғларига олдилар. Хуллас умматга ўз сўзлари ва амаллари орқали ўлим, маййит ва ортидан қолувчиларга тегишли мукаммал бир дастури амални тақдим қилдилар. Уммат билиши ёки қилиши керак бўлган бирор жиҳатни қолдирмадилар. Умматнинг бирор қавмга тақлид қилиши ёки ўзлари бирор нарсани ижод қилишига заурарт қолмади.
Ушбу покиза дастури амалда инсоний зарурат, фитрати тақозо қиладиган ҳолатларнинг барчасига риоя қилингани ҳар қадамда намоён бўлади. Бунда маййитнинг эҳтироми, охиратдаги роҳати ва унга ортидан қолувчилар тарафидан етказиладиган манфаатлар, мусибатзадалар учун тасалли, ғамхўрлик, адолат ва инсофнинг гўзал намунаси олий даражада мулоҳазаси қилинган. Бу каби дастурни Исломдан бошқа бирор бир дин, тамаддун бунчалик даражада содда йўл билан тартибга қўя олган эмас. Ушбу дастури амални Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга таълим бердилар, то ҳаёт ўз ҳаётларида ҳар жабҳада амалий намуна бўлиб ҳам бердилар. Саҳобалар оғзаки ва амалий тарзда ўз фарзандларига таълим бердилар. Муҳаддислар ўша таълимотни айни ўзини бирор бир ҳарфи ёки ҳайатини диққат ила васф қилиб китобларига муҳрладилар.
Умматнинг мужтаҳидлари ҳадисларни шарҳлаб маъноларини тушунтириб бердилар. Улардан кейинги фуқаҳолар ўша таълимотларни ҳам китоб орқали ҳам амал қилиш орқали икр-чикригача баён қилиб беришди. Уларни мислсиз муҳаббат ва мислсиз ҳаракатлари шарофатидан ушбу дастури амал бизгача етиб келди.
Лекин мана шу етмиш-саксон йиллик худосизлик тузуми ўша дастури амал устига парда ташлаб, маййит ва унга тегишли масалаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган дастурни баъзисини соф ҳолда ва баъзисини бидъатларга қоришган ҳолатга келишига сабаб бўлди. Бу уммат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қолган мислсиз дастури амал қолиб, бошқа дин ва мадания вакилларининг расм-рус ва бидъату хурофотлари гирофтор бўлди. Қуръон ва ҳадисда келган идда, мерос тақсими, етимларнинг ҳақи каби ҳукмлар унутилиб, ўлик чиққан хонадон аёллари бир йилгача аза тутадиган, йигирма, қирқ, йил каби ҳиндуларнинг расмини одат қилиб олган, маълум мотам рангидаги кийимларни кийишда яна кимгадир тақлид қиладиган, маййитнинг зиммасидаги қазо рўза, намоз фидясини тўлаш керак бўлган фарз ва вожиб амаллар четда қолиб, мусаҳаб амаллар қилмаса бўлмайдиган, таъна-маломатга сабаб бўладиган омма халқ наздида вожиб даражасига кўтарилган умматга айланди. Энг хатарлиси маййитнинг руҳига тегишли эътиқодий масаларда динимизда асли бўлмаган турлича эътиқодларни пайдо қилишди.
Аллоҳ таоло “Аҳзоб” сурасининг 21-оятида марҳамат қилади:

 لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا۝

“Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди”. 

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ ، قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَإِذَا حَدَثَ فِي أُمَّتِي الْبِدَعُ وَشُتِمَ أَصْحَابِي فَلْيُظْهِرِ الْعَالِمُ عِلْمَهُ فَمَنْ لَمْ يَفْعَلْ ذَلِكَ مِنْهُمْ فَعَلَيْهِ لَعْنَةُ اللَّهِ وَالْمَلائِكَةِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَكتاب الاعتصام للشاطبي

Муъоз ибн Жабалдан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимда бидъат ва саҳобаларимни сўкиш пайдо бўлса, олим илмини зоҳир қилсин! Бас улардан ким буни қилмаса, унга Аллоҳ, фаришталар ва барча одамларнинг лаънати бўлсин!” дедилар”.
Шотиёбийнинг “Иътисом” китоби.

Биз юқорида кўплаб ишларни бидъат деб номладик. Энди бидъат ўзи нималигини билиб олсак. Чунки одамлар қилаётган бидъатларини ўзларича диндан деб биладилар, унга савоб умид қиладилар.

Бидъат нима?

Бидъат луғатда ҳар бир янги нарсага айтилади. Шриат истилоҳида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар замонасида сабаб, доъия мавжуд бўла туриб, сўз орқали ҳам, амалиёт орқали ҳам, иқрор орқали ҳам, сароҳатан ҳам, ишоратан ҳам собит бўлмаган, савоб умидида ибодат деб пайдо қилинган янги ишларга айтилади. Ушбу таърифдан кун ора дунёвий зарурат учун ихтиро қилинаётган нарсаларнинг шаръий бидъатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки улар ибодат йўлига кўра савоб ниятида ихтиро қилинмайди. Модомики шаръий ҳукмларга зид бўлмас экан, жоиз ва мубоҳ даражасида бўлади. Шунингдек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар тарафидан сўз орқали ёки амалиёт орқали, сароҳат ёки ишоратан содир бўлган ишлар ҳам бидъат остига кирмайди. Шунингдек ушбу таърифдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар замонасида зарурати бўлмай, кейинчалик диний мақсадни ҳосил қилиш учун пайдо қилинган нарсалар ҳам бидъат остига кирмаслиги маълум бўлади. Бунга ҳозирги кундаги мадраса-маъҳад, турли нашрлар, Қуръон ва ҳадисни тушуниш учун сарф-наҳв, араб адабиёти, фасоҳат-балоғат каби фанларни жорий қилиниши, турли фирқаларга қарши китоблар ёзилишини мисол қилишимиз мумкин. Буларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар замонасида мавжуд бўлмаган бўлсада, бидъат остига кирмайди. Чунки у даврда бу нарсаларга зарурат бўлмаган. Кейинчалик ҳолатнинг тақозоси билан умматнинг уламолари муносиб тадбир ила бу нарсаларни йўлга қўйганлар. Буларнинг барчаси ўз зотида ибодат саналмайди, балки ибодатга восита ҳисобланади. Яъни оят ва ҳадисда келган бирор бир мақсадга етишиш учун замон ва маконнинг зарурати туфайли ихтиёр қилинган нарсадир. Улар мақсадга қараб турли даражаларга бўлинади.
Юқоридаги тафсилдан шу маълум бўлади-ки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар замонаси ҳамда кейинги замонларда ҳолат, зарурат бир хилда бўла туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар замонасида диндан деб ихтиро қилинмай, кейин ихтиро қилинган нарсалар бидъат дейилади. Масалан: фақир-фуқароларга эҳсон қилиш, жамоат ила намозлар ўқиш, маййит ортидан савол бағишлашга бўлган зарурат ҳозир кунда бўлгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам бўлган. Лекин савоб бағишлашда қирқ, йил каби кунларни белгилаш, эҳсонларда махсус таомлар тайёрлаш, маййитга атаб чироқ ёқиш, мозорларга бориб жонлиқ сўйиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва улардан кейинги мужтаҳид-фуқаҳолар замонларида бўлган эмас. Ҳолбуки бу амалларга бўлган зарурат ҳозирги кунда бўлганидек, ўша кунларда ҳам бўлган. Ибодат қилиб савол олиш, Аллоҳ таолони розилигини топиш, маййитларга меҳрибонлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар замонасида бизнинг пайтимиздан кўра ҳақиқий ва зиёда бўлган. Ким саҳобалардан кўра ибодатга иштиёқманд, Аллоҳнинг розилиги ҳосил қилишга муштоқликни даъво қила олади.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан шундай дегани ривоят қилинади:

قَالَ حُذَيْفَةُ بْنِ الْيَمَانِ رَضِي اللهُ عَنْهُكل عبادة لا يتعبدها أصحاب رسول الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فلا تعبدوها فان الأول لم يدع للآخر مقالا فاتقوا الله يا معشر القراء وخذوا طريق من كان قبلكم

“Қайси ибодатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари қилмаган бўлсалар, сизлар ҳам қилманглар. Чунки аввалгилар кейингилар учун тўлдириши керак бўлган кемтикни қолдирмаганлар. Эй қорилар (бошқа ривоятда мусулмонлар) жамоаси, ўзингиз олдин ўтганлар йўлини маҳкам тутинг!”. 

وقال ابن مسعود اتبعوا ولا تبتدعوا ، فقد كفيتم ، عليكم بالأمر العتيق

Ибн Масъуд айтади:
“Сизлар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига) эргашинглар, янгилик (бидъат)ни пайдо қилманглар. Сизга (ибодат борасида сиздан олдингиларнинг йўли) кифоя қилади. Энг аввалги ишларни лозим тутинглар!”. 

Бидъат нима сабабдан жоиз эмас?

Чуқур тафаккур қилиб кўрилса, барча ишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг замонларида ҳам бўлган. Уларга янгича тус бериш, улар қилганларидек қилмаслик “улар шундай қилса яхши бўлишини билмаганлар-да”, деган ўхшаб қолмайдими?!

Динда бирор бидъат пайдо қилиш расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишда хиёнат қилган деган туҳматни қилишга барорбардир!

Биз яхши деб билган бидъатлар уларга ҳам уларга маълум бўлган-у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтай қолиб кетган дейилса, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммаларига фарз қилинган шариъатни етказилишда камчиликка йўл қўйганлар дейиш билан баробардир.
Шунинг учун Имом Молик роҳимаҳуллоҳ шундай деган:

قال الإمام مالك رحمه اللهمن ابتدع في الإسلام بدعة يراها حسنة فقد زعم أن محمداً صلى الله عليه وسلم ، خان الرسالة ؛ لأن الله يقول: "اليوم أكملت لكم دينكمفما لم يكن يومئذ دينا فلن يكون اليوم دينا

“Ким Исломда бидъатни пайдо қилиб, уни яхши деб билса, батаҳқиқ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатга хиёнат қилибди, деган даъвони қилибди. Чунки Аллоҳ таоло: “Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим”, ўша кунда диндан бўлмаган нарса бугунги кунда ҳам диндан эмасдир”.
Саҳобалар, тобеъин ва имомларнинг бидъатдан ҳазир бўлиш ва сақланиш ҳақида айтган гаплари жуда кўпдир. Шунинг учун аниқ ишонч ҳосил қилишимиз керак-ки ибодатнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари ихтиёр қилмаган йўллари қанчалик дилкаш, чиройли кўринмасин Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наздида қабиҳ ва эътиборсиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари у бидъатларнинг яхшилигини билмаганлигидан ёки ғафлатда қолганликлари туфайли тарк қилган эмаслар. Балки хато ва зарарли эканлиги учун тарк қилганлар. Ҳозирги кунда бирор киши шомнинг уч ракатининг ўрнига тўрт ракат, бамдоднинг икки ракатининг ўрнига уч ёки тўрт ракат қилиб ўқиса ёки рўза шомгача эмас хуфтонгача тутадиган бўлса, ҳар бир диндан хабари бор инсон уни хато ва ножоиз дейди. Ваҳоланки зоҳиран қараганда бирор бир гуноҳ иш қилмади. Бир оз кўпроқ тасбиҳ айтди ва кўпроқ Аллоҳнинг зикрини қилди. Лекин бутун дунё мусулмонлари каттасидан тортиб кичигича буни эшитса, уни хато қилганлини айтишади. Сабаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек ибодат қилмаганлигидир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиган намознинг кайфиятини ўзгартиришдан ўзга нарса эмас. Агар ақли жойида бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мукаммал етказа олмаган шариатни мен тўлдириб қўйдим, у зот ноқис қолдирган нарсани мен батамом қилиб қўйдир деган даъвода бошқа нарса эмас. Чуқурроқ тадаббур қилиб ўйлаб кўрсак, намознинг ракатларини асли икки ракат бўлса уч, уч ракат бўлса тўрт ракат қилиб қўйиш билан вафот этган кишининг ортидан қилинадиган мутлоқ эҳсонни кун санаб уч, биринчи пайшанбда, етти, йигирма, қирқ кун ва бир йил ўтганда қилиш, унда атала билан ўрик суви тайёрлаб одамларга едириш керак деб чегаралашдан нима фарқи бор!?

Бомдоднинг икки ракатини уч, шомнинг уч ракатни тўрт ракат қилиш динни ўзгартириш бўлгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар замоналарида бирор кунга тайин қилинмаган эҳсонларни ўзларича тайин қилиб олишлари ҳам динни ўзгартириш ҳисобланади. Динни ўзгартириш бўлгани учун ҳам бидъатдан қаттиқ қайтарилган. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat