Ассалому алайкум! Турмуш ўртоғим ва мени оилавий бизнесларимиз бор. Алҳамдулиллаҳ ўзимизга тўқ яшаймиз. Хозирда жудаям машхур бўлган бренд дўкон карзинкадан кўп доимий махсулот ҳарид қиламиз. Шу карзинкада бир қонун қоидаси бор экан яни қайсидур ҳаридор сифатсиз ёки муддати ўткан товар топиб уни кўрсатса шу топкан махсулотини яхшисидан унга бепулга бериларкан. Шундан вазият бўлдики ҳўжайиним 2 3 маротаба кирганларида шуни топтилар ва бепулга шу махсулотларни олдик уйга олиб бориб едик. Эндиликда эса ҳўжайиним буни доимий ишга айлантириб қўйдилар. Бутун Тошкент бўйича корзинкаларда юрадилар ва шундай махсулотлар топиб доимий равишда уйга олиб келмоқдалар. Қўшимчасига видео тарзида буни ёзиб олиб ижтимоий тармоқларларга ян интернетга юклаб машхурликка эришишдан умид қилмоқдалар. Яхши тарафи эса бу кунлик махсулотларни эхсон садақа қилиб мухтожларга қаримдош уруғларга тарқатмоқдамиз. Саволим шундан иборатки бу қилаёткан ишлари тўғри ҳисобланадими? Яни шу орқали топилган нарсалар ҳалолми буни ҳукми қандай? Мен ҳўжайинимга бу масалада ёрдам бериб қўллашни ҳоҳлаямман. Ёки эримни рухлантириб буни оқласам гуноҳ бўлса шерик бўлиб қолмайманми? Нма маслаҳат берасз?
– Ва алайкум ассалом! Бўш вақтини бундай майда нарсаларга сарфлаш ўрнига бирор каттароқ иш билан шуғуллансин. Дўкон эгалари яроқлик муддати ўтган маҳсулотларни топганларга унинг яхшисини текинга беришни ваъда қилиши уларнинг ишончини қозониш учун ўйлаб топилган қоидадир. Бу қоида ўйин ёки тирикчилик воситаси қилиб олиниши учун чиқарилмаган. Яроқсиз маҳсулотга дуч келса, дўкон раҳбариятини огоҳлантирсин, янгисини беришса олаверсин, лекин буни ижтимоий тармоқда жар солиб ҳаммага билдириши шарт эмас. Бу билан ўзганинг обрўсини ноҳақ булғаётган бўлиб қолмаслик керак. Дўкон шундай маҳсулотларни атайин, билиб туриб, одамларни алдаб сотишга ҳаракат қилаётган бўлса бошқа гап. Валлоҳу аълам!