Ассалому алайкум! Намоз ўқиётиб бази бир дуолар ёки суралар эсидан чиқиб қолса нима қилиш керак? Номозни қайтадан ўқиш керакми ёки...
– Ва алайкум ассалом! Саволнинг жавоби айнан нимани эсидан чиқариб қўйганига боғлиқ. Зам сурани буткул эсдан чиқариб тиловат қилмаса саждаи саҳв вожиб бўлади. Зам сурадан камида уч қисқа ёки битта узун оят ўқиб қолгани эсдан чиқса ва дарҳол рукуъга ўтса зиёни йўқ, саждаи саҳв вожиб эмас. Аммо шу ҳолда уч тасбеҳ миқдорча ўйланиб қоладиган бўлса саждаи саҳв вожиб бўлади. Руку ва саждада айтиладиган зикрлар, қаъдада ўқиладиган саловатлар эсига келмай қолиб дарҳол кейинги амалга ўтиб кетса ҳам ҳеч нарса вожиб эмас (рукуъ ва саждада фарз адо бўладиган миқдор - бир тасбеҳ муддат туриши шарт). Бунда ҳам ўйланиб уч тасбеҳ миқдор туриб қолса саждаи саҳв вожиб. Сизнинг ҳолатингизда ўзингизга яқин ердаги аҳли илмга мурожаат қилиб, намозларда унутиш масаласини жонли ўрганиб олганингиз афзал. Валлоҳу аълам!