Ассалому алайкум! Бир дўстим қимор ўйнаб қарзга кириб кетган ва 2 йилдан бери бу ишни ташламайди. Энг ёмони қиморни очиқ ойдин харомлигини билиб туриб ташламаябди. Халол мехнат қилиб топган пулини хам тикиб юбораяпди. Инсон ҳаромлигини билиб туриб ўша нарсани еса диндан чиқадими?
– Ва алайкум ассалом! Модомики ҳаромни ҳалол деб ҳисобламас экан диндан чиқмайди. Аллоҳ таоло ўзи дўстингизга инсоф берсин. Қиморнинг касофати охиратда ҳам шу дунёда ҳам билинади. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида қиморни қаттиқ қоралаган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз» (90-оят).
Аллоҳ таоло хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирган. Баъзи одамлар бутга чўқинишдан қаттиқ ҳазар қиладилар, ўлиб кетса ҳам бу ишни қилишга кўнмайдилар. Аммо ароқни ичаверадилар, қиморни ўйнайверадилар. Фолбинга бориш ҳақида ҳам шу фикрни айтса бўлади. Аллоҳ таоло бу ишларнинг барчасини қўшиб-жамлаб туриб бир хил баҳо бермоқда.
«Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир», демоқда.
Сўнгра иймон келтирган бандаларига хитоб қилиб:
«Бас, ундан четда бўлинг», демоқда.
Яъни, мўмин бандаларнинг нажот топишларига шояд ушбу ифлосликдан ва шайтоннинг ишидан четда туриш сабаб бўлса, демоқда. Валлоҳу аълам!