Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ўртоғимнинг дадаси

14:19 / 19.05.2023 | Dilshod | 389

Ассалому алайкум! Мени яқин ўртоғим бор. Оилада ёлғиз фарзанд. Онаси 15 йил олдин вафот этган. Ўшандан бери дадаси хеч қаерда ишламайди. Намоз хам ўқимайди. Жуда кўп вақтини телевизор қаршисида ўтказади. Сал нарсага уйида жанжал кўтаради. Шундай яшаш тақдирига ёзилганми ёки инсонни ўзига боғлиқми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قِيلَ يَا رَسُولَ اللهِ أَعُلِمَ أَهْلُ الْجَنَّةِ مِنْ أَهْلِ النَّارِ؟ قَالَ: نَعَمْ. قِيلَ: فَفِيمَ يَعْمَلُ الْعَامِلُونَ؟ قَالَ: كُلٌّ مُيَسَّرٌ لِمَا خُلِقَ لَهُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат аҳли ва дўзах аҳли маълумми?» дейилди.
«Ҳа», дедилар.
«Унда амал қилувчилар нима учун амал қиладилар?» дейилди.
«Ҳамма унинг учун халқ қилинган нарсага муяссардир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда саҳобаи киромлар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан қадар тўғрисида дастлабки маълумотларни эшитган одамда пайдо бўладиган саволларни сўрамоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қадар тўғрисидаги гапларни илк бор эшитганларидан сўнг уларда ҳам бу савол туғилган бўлиши мумкин. Саҳобаи киромлар томонидан:

«Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат аҳли ва дўзах аҳли маълумми?» дейилди.

Яъни ким жаннат аҳли, ким дўзах аҳли бўлиши олдиндан маълумми, деб cўрашди. Билувчи маълум ва машҳур бўлганидан «Маълумми» лафзи қазои қадар Аллоҳнинг илмдан эканлигига яна бир далилдир. «Белгиланганми», «тайин қилинганми», «ҳукм қилинганми» каби сўзлар ишлатилмаган, балки «маълумми» сўзи ишлатилган. Бу саволга Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа», дедилар.
Яъни «Ҳа, жаннат аҳли ва дўзах аҳли маълум», деганлар.
«Унда амал қилувчилар нима учун амал қиладилар?», дейилди».
Яъни жаннат аҳлининг кимлиги ҳам, дўзах аҳлининг кимлиги ҳам маълум бўлса, унда овора бўлиб, амал қилишнинг нима кераги бор? Ана шу маънодаги саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳамма унинг учун халқ қилинган нарсага муяссардир», деб жавоб бердилар.
Бу жумлага уламоларимиз «Ҳар бир инсон ўзи учун халқ қилинган амалга муяссар бўлади: саодатманд инсон саодат аҳлининг амалига, бадбахт инсон эса шақоват аҳлининг амалига муяссар бўлади. Шунинг учун Аллоҳ амр қилган амалларни қилиш ҳар бир инсондан матлубдир», деган маънони берганлар.
Ҳа, Аллоҳ таоло барча бандаларини амал қилишга амр этган. Шариатнинг ҳаммаси ҳам, Қуръони Карим ҳам, Суннат ҳам Аллоҳнинг бандаларига қилган амрларидан иборатдир. Ушбу амрларга амал қилиш бандадан талаб қилинган. Ўша амрларга амал қилган бандага саодат ваъда қилинган.
Шунингдек, бандаларга қазои қадарга иймон келтириш амр қилинган. Қазои қадарга иймон келтирган бандага саодат, иймон келтирмаган бандага бадбахтлик ваъда қилинган.
Аммо бандаларга қазои қадар тўғрисида тортишиш, чуқур кетиш буюрилмаган. Аллоҳнинг бу ҳақдаги илмини билиш ҳам, қазои қадарни баҳона қилиб, амални тарк этиш ҳам амр қилинмаган.
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсоннинг келгуси ишларда қазои қадарни қандай тушуниши лозимлиги баён этилган. Мусулмон инсон бўлажак ишларда «Барчага ўзи учун халқ қилинган амал муяссардир» жумласини шиор қилиб олиб, ўзини амалга уриши керак. Ўзи учун яхши амаллар муяссар эканлигини исботлашга ҳаракат қилиши лозим.
Бундай яхши ишларга муяссар бўлганда эса хурсанд бўлиши даркор. Баъзи кўнгилсиз ишлар бўлиб қолганда, уларни хато, ожизлик ҳисоблаб, дарҳол тавба қилиши, ёмон амаллар ўзи учун муяссар эмаслигини исбот қилишга уриниши керак.
Бўлажак ишлар қаршисида мусулмон инсон ўзини қазои қадарга нисбатан қандай тутиши лозимлиги тўғрисидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баёнлари ана шундан иборат. Саҳобаи киромларнинг ҳамда салафи солиҳларимизнинг тушунчалари ва амаллари ана шундан иборат. Улар доимо ўзларини яхши ишга муяссар кишилар деб ҳисоблаб яшаганлар. Мусулмон бўлишларини катта бахт аломати деб билишган. Ҳаётлари давомида ўзларини доимо яхши ишга уриб яшаганлар. Тақво билан бетавфиқликка бирданига дуч келсалар, яхши амалга муяссар бўлиш ниятида ўзларини тақвога урганлар. Сахийлик билан бахилликка дуч келсалар, ўзларини сахийликка урганлар. Ишчанлик ва дангасаликка дуч келсалар, ўзларини ишчанликка урганлар. Бутун умрларини қандай қилиб кўпроқ савобли амал қилар эканман, деган фикр ва ҳаракат билан ўтказганлар. Шунинг учун ҳам улар чарчоқ, машаққат, қийинчилик ва ўлимдан заррача қўрқмаганлар. Шунинг учун ҳам барча тўсиқларни осонлик билан енгганлар. Шунинг учун ҳам уларга доимо муваффақият ёр бўлган.
Қазои қадарга бўлган шу шаклдаги иймон заифлашганда эса ҳамма ишлар орқага кетди. Амал қилиш ўрнига қазои қадарни тескари таъвил қилиб, «амалнинг фойдаси бўлармикан ёки йўқми» дея қуруқ сафсата сотилганда ишлар расво бўлди. Бунинг натижасида беҳуда жанжаллар кўпайди. Исломий фазилатлар ўрнини иккиланиш, қўрқоқлик, дангасалик ва бошқа разолатлар олди.
Натижада салафи солиҳлар ўрнига Қуръони Каримда айтилганидек: «Уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган ўринбосарлар келдилар».
Мусулмонлар ўз шахсиятларини, муносиб ўринларини тикламоқчи бўлсалар, қазои қадарга бўлган иймонни аввалги, соф ҳолига келтириш ҳам энг зарур ишлардан бири эканлигини унутмасликлари керак. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat