Ассалому алайкум! Мен хозирда Тошкентда ўқийман. Менинг кучмас мулк хисобланадиган, ёшлигимдан бери яшаб келган уйим эса бу ердан 90 кмдан узокда. 1) Агар мен қанча муддатга келганимни аниқ билмасам мусофир намоз ўқийманми? 2) Агар худди шу холатда ва эртага кетаман ёки янаги хафта кетаман деб юраверсам ва ўзим хохламаган равишда 3-4 ойлаб қолиб кетсамчи? 3) Айтайлик бизнинг 3та уйимиз бор ва буларнинг хаммасининг ораси 90 км дан ошади, агар оилам билан хар доим яшайдиган уйимдан бошқа уйимга хохлаган пайтим бориб яшасам, ўша уйимда хам муқим бўламанми?
– Ва алайкум ассалом! 1). Ҳақиқатда Тошкент билан ўша уйингиз ораси 89 км дан зиёд бўлса Тошкентда 15 кундан кам туришни ният қилиб келсангиз қаср ўқийсиз.
2). Унда ҳам қаср ўқийсиз. Шу зайлда 1 йил қолиб кетсангиз ҳам қаср ўқийсиз.
3). Баъзи фиқҳий китобларда «Ватани аслий бошқа бир ватани аслий сабабидан бекор бўлади», дейилган. Лекин аллома Ибн Ҳумом айтадиларки:
فَانْتَقَلَ عَنْهُ وَاسْتَوْطَنَ غَيْرَهُ قَيَّدَ بِالْأَمْرَيْنِ فَإِنَّهُ إذَا لَمْ يَنْتَقِلْ عَنْهُ بَلْ اسْتَوْطَنَ آخَرَ بِأَنْ اتَّخَذَ لَهُ أَهْلًا فِي الْآخَرِ فَإِنَّهُ يُتِمُّ فِي الْأَوَّلِ كَمَا يُتِمُّ فِي الثَّانِي.
«Аввалги ватани аслийнинг бекор бўлиши учун икки нарса шарт қилингандир:
– Аввалги ватандан аҳли аёли билан бирга кўчиб кетиб, мутлақо алоқани узиш, яъни у ерда бошқа яшамасликни ният қилиш.
– Бошқа бир жойда яшашни ният қилиб, ватан тутиш. Шунинг учун агар бир киши ўзининг аввалги ватанидан бутунлай алоқани узмасдан, бошқа бир шаҳардан уй сотиб олиб, у ерда ҳам доимий яшашни ният қилса, аввалги ватан бекор бўлмайди». (Фатҳул қодийр).
Агар икки жойда яшашни ният қилса, иккаласи ҳам ватани аслий бўлади. Агар аввалги ватанидан аҳли аёли билан бирга кўчиб кетса ва у ерда яшашга жойи ва ерлари қолса, бундай ҳолда ватани аслий бўлиши хусусида уламолар турлича фикрларни айтиб ўтганлар.
Баъзилар айтадиларки, «Ватани аслийда хотин, бола-чақа ва уй-жойга эга бўлиш эътиборли эмас. Чунки мусофир бир шаҳарга бориб, уйланса, аёлининг уйи унга ватани аслий бўлади. «Фатавои қозихон» соҳиби айтадилар:
وَإِن تَأهَّلَ بِها كَانَ كُلٌّ مِن المَواضِعِ وَطَنَاً أصلِيّاً لَهُ
«Бир киши бирор жойга бориб (ичкуёв бўлиб) уйланса, ўша жой унга аслий ватан бўлиб қолади» (Фатавои қозихон).
Бундан маълум бўладики, ватани аслий бўлиши учун меъёр аҳли аёлдир. Уй жойнинг боқий қолиши ватани аслийга кифоя қилмайди».
Яна баъзилар айтадиларки, «Модомики уй-жой боқий турар экан, аҳли аёли бўлмаса-да, ватани аслий бекор бўлмайди».
Ҳиндистонлик машҳур олим «Иълоус сунан» китоби қораламасининг соҳиби Ашраф Али Тахонавий раҳимаҳуллоҳ бу икки гапни мувофиқлаштириб, «Агар аввалги ватанида яшашни ирода қилса, ватани аслийлиги бекор бўлмайди. Агар яшашни ният қилмаса, ватани аслийлиги бекор бўлади», деганлар (Имдадул фатаво). Валлоҳу аълам!