Ассалому алайкум! Устозлар мен силарни доимий кузатиб бораман саволарни менда бир савол бор эди мен опаларим билан уршиб қолдим уни устига онам ҳам қўшилгандилар кўнгилари оғриб қолди "сандан яхши фарзанд чиқмиди, қариганда бизани боқмисан" шунақа гапла опам турмуши бўмаган қизлари бор яни жияним уни уршиб тураман базан қўполлашиб кетаман қаттиқ уршаман қиз бола тарбияси учун диб опам ман билан уршиб кетади онам улани тарафини олади опамга ёқмаса ана 4 томониз қибла дивордим лекин эткан гапимдан пушаймон ман узр сўри дисам сўромиман умуман ғурурим йўл қўймиди илтимос шу масалада ёрдам қисез.
– Ва алайкум ассалом! Айб кимдан ўтканидан қатъий назар сиз биринчи бўлиб узр сўрагувчилардан бўлинг. Аллоҳ ажрингизни кўпайтириб берсин. Мўминлар бир-бирлари билан бу тарзда аразлашиб юришлари тўғри эмас.
عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَحِلُّ لِرَجُلٍ أَنْ يَهْجُرَ أَخَاهُ فَوْقَ ثَلَاثِ لَيَالٍ، يَلْتَقِيَانِ فَيُعْرِضُ هَذَا وَيُعْرِضُ هَذَا، وَخَيْرُهُمَا الَّذِي يَبْدَأُ بِالسَّلَامِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«(Мусулмон) кишига ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Учрашиб қолсалар, бу ҳам юз ўгириб кетади, у ҳам юз ўгириб кетади. Икковининг яхшироғи саломни бошлаганидир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Исломда биров билан сўкишиш, уришиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Бандачилик қилиб, уришиб, жанжаллашиб, гуноҳкор бўлиб юрганларнинг бир-бирларига нисбатан адоват сақлаб, аразлашиб юришлари гуноҳ устига гуноҳдир. Жаҳлдан тушиб, ўзларига келишлари учун уришган тарафларга уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб, бир-бирини кўрганда юз ўгириб кетиш ҳаромдир. Ўртада юзага келган ноқулай ҳолатдан чиқишни ўз бўйнига олиб, қарши томонга биринчи салом берган одам яхши одам бўлади.
Келаси ҳадиси шарифда бу иш қандай амалга ошиши ва оқибати нима бўлиши ҳақида батафсилроқ сўз кетади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَحِلُّ لِمُؤْمِنٍ أَنْ يَهْجُرَ مُؤْمِنًا فَوْقَ ثَلَاثٍ، فَإِنْ مَرَّتْ بِهِ ثَلَاثٌ فَلْيَلْقَهُ فَلْيُسَلِّمْ عَلَيْهِ، فَإِنْ رَدَّ عَلَيْهِ السَّلَامَ فَقَدِ اشْتَرَكَا فِي الْأَجْرِ، وَإِنْ لَمْ يَرُدَّ عَلَيْهِ فَقَدْ بَاءَ بِالْإِثْمِ، وَخَرَجَ الْمُسَلِّمُ مِنَ الْهِجْرَةِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўминнинг мўминдан уч (кун)дан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар уч кундан ўтказиб юборган бўлса, у билан учрашиб, унга салом берсин. Агар (ўша киши) унинг саломига алик қайтарса, иккилари ажрга шерик бўладилар. Агар саломга алик қайтармаса, гуноҳни ўзига олган бўлади. Салом берувчи эса аразлашдан чиқади», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Уч кундан ортиқ аразлашган тарафлар гуноҳкор бўлиши.
2. Уч кун араздан кейин бир томон иккинчисини топиб, унга салом бериши лозимлиги.
3. Бир томон ўзи билан аразлашган иккинчи томонга салом берганда иккинчи томон саломга жавоб қайтарса, икки томонга ҳам ажр бўлиши ва улар араздан чиқишлари.
4. Бир томон ўзи билан аразлашган иккинчи томонга салом берганда иккинчи томон саломга жавоб қайтармаса, гуноҳ ўша саломга жавоб қайтармаганга бўлиши, салом берган томон эса араздан чиқиб, савобга ноил бўлиши. Иккинчи томон аразда, бинобарин, гуноҳкорликда ҳам давом этиши.
وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يَهْجُرَ أَخَاهُ فَوْقَ ثَلَاثٍ، فَمَنْ هَجَرَ فَوْقَهَا فَمَاتَ دَخَلَ النَّارَ
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонга биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким ўшандан ортиқ аразлаб туриб, ўлиб қолса, дўзахга киради», дедилар».
Шарҳ: Қаранг, ўлгунича биров билан аразлашиб юриш қанчалар ёмон иш экан!? Аллоҳ таоло Ўзи асрасин!
Бунгача келган ҳадиси шарифларда Аллоҳ таолога осийлик бўлган ишларда эмас, ўзаро жанжаллар туфайли аразлашишлар ҳақида сўз кетди. Энди эса Аллоҳ таолонинг ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг розилигига қарши бўлган ишларни содир этганлардан аразлаш ҳақида сўз юритилади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!