ض- товуши бугунги араб тили фонетикасида "д" товушига нисбатан яқинроқ деб қаралсада, аслида у умуман бирор товушга қиёсланмайдиган ўзига хос товуш ҳисобланади. Хусусан Қуръон қироатида, тажвид илмида бу нарса яққол кўзга ташланади. Баъзилар унинг "д" товушидан кўра "з" ундошига тортими кўпроқ, деб айтишади. Тажвид илмига кўра, зод товуши тилнинг ўнг ё чап ён қирғоғини ёки ҳар иккисини баравар юқори озиқ тишларга уриш билан ҳосил бўлади. Бунда тилнинг ўнг ёнини ўнг тарафдаги юқори озиқ тишларга ёки чап ёнини ўша томондаги тепа озиқ тишларга ёхуд ҳар икки ёнини икки тарафдаги юқори озиқ тишларга маҳкам урилади. Уни икки томондан тенг талаффуз этишда тилнинг танглай ўртасига ёпишиб қолишидан сақланиш лозим. У йўғон ва бўғиқроқ ҳосил бўлади. Уни тўғри талаффуз этишни ўзлаштириш учун етук устозлардан бевосита оғзаки таълим олиш даркор. Унинг истеъло, итбоқ ва иститола сифатларига эга эканлигини доимо ёдда тутиш керак. ض товушини ظ ундош товуши каби ёки танглай олдидан айтишдан, сокин ҳолида қалқала қилиш ярамайди. ض ундошининг талаффузини ўзлаштириш учун жиддий шуғулланиш лозим. Бунинг учун аввал тилни ўнг ёки чап тарафга қанчалик ҳаракатланаётганига эътибор қаратилади. Тилнинг ёни озиқ тишларнинг ички тарафига маҳкам урилиши, қадалиши керак. Бунда ҳар ким ўзига қулай томонни танлаб олиб, ўша тарафда кўпроқ машқ қилаверади. Тилнинг озиқ тишлар томон ҳаракати фаоллашгач, бу товушдаги йўғонлатиш омиллари, яъни истеъло ва итбоқ сифатларини ижро этишга ўтилади. Айни вақтда унинг иститоласига ҳам эътибор бериб борилади. Валлоҳу аълам.