Ассалому алайкум! Мен қайниотани оилавий можорада отамга пичоқ урган вақтида мен у инсонди ўлдириб қўйдим қилган ишимдан минг афсусдаман мана орадан 7 йил ўтди хозир хам колонниядаман жазо муддатимни ўтамоқдаман. Аёлим ва фарзандим бор, улар мени қабул қилишни исташмаяпти. Унга телфон қилсам отами ўлдиргансизу, одамлар нимадиди, мен сиз билан яшолмиман тўғри тушининг, онамни ўйлеман, фарзандизи қачон хохласез кўрасиз, унга тўсқинли қилмиман. Мени жавобими беринг, мен хам аёлманку, бошқа турмуш қураман – дияпти. Мен эса ундан кечирим сўраяпман, кел оиламизи сақлаб қолелик, фарзандимизи тақдирини ўйла – десам, отам нима шунде ўлиб кеторами - деб кўнмаяпти. Шунга шаръий хукум чиқариб берсангиз, мен уларни сақлаб қолмоқчиман.
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло тавбангизни қабул қилсин! Афсус ва надоматни ҳис қилиш гуноҳ кечирилгани ва тавба қабул бўлгани аломатларидандир. Аёлингизни кўнглини олишга ҳаракат қилинг. Марҳумнинг қариндошлари бўлиб ўтган воқеа аччиғини эслаб шу каби норозиликлар қилиши инсонийлик жиҳатидан табиий ҳолат. Буни ҳам тўғри тушунинг. Бор имкониятингизни ишга солиб аёлингиз ва унинг қариндошларини кўнглини олишга, рози қилишга ҳаракат қилинг. Шояд Аллоҳ таоло орангиздаги совуқчиликни кўтариб, оилаларни тикласа. Марҳумнинг хунини тўлашга бел боғланг. Уни дарҳол тўлай олмаган тақдирингизда ҳам, йиллар давомида узиб боришингиз ҳолат ўнгланишига туртки бўлиши мумкин.
Аллоҳ таоло “Фурқон” сурасида марҳамат қилади:
إِلَّا مَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ عَمَلًا صَالِحًا فَأُوْلَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَّحِيمًا
70. Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.
Юқоридаги оятдан «Мазкур гуноҳларни қилганлар тамоман умидларини узар эканлар-да» деган маъно чиқиб қолмаслиги учун ушбу оятда тавба эшиги доимо очиқлиги баён қилинмоқда. Ўша уқубатдан мустасно бўладиганлар ҳам бор экан. Ундай одамлар қаторига
«…ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса», ўша киради.
Яъни қилган гуноҳидан тамомила қайтса, иккинчи бор қилмаса, иймон келтириб, мўмин бўлса ва иймон тақозосига кўра солиҳ амал этса, мазкур азобга дучор бўладиганлардан мустасно бўлади. Вақтида қилган хатосини англаб, тавба этган, иймон келтириб, солиҳ амал қилган бандаларни Аллоҳ таоло муносиб тақдирлайди.
«…бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур».
Аллоҳнинг файзини, марҳаматини қаранг! Яратган бандаси нонкўрлик қилса, Унга ширк келтиришдек улкан зулмни амалга оширса, Унинг амрига исён қилиб, одам ўлдирса ёки зино қилса-ю, сўнгра тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, унинг гуноҳларини савобга алмаштириб қўйса! Бундан ҳам ортиқ мағфиратлилик, бундан ҳам ортиқ раҳмлилик бўладими?!
«Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган Зотдир.
Бўлмаса, тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилганларнинг ёмонликларини яхшиликка алмаштирмас эди.
Имом Тобароний ривоят қилган ҳадисда айтилишича:
«Абу Фарва Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
– Айтинг-чи, бир одам ҳамма гуноҳларни қилган бўлса, каттаю кичигини қўймаган бўлса, тавба қилса бўладими? – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Исломга кирдингми?! – дедилар. У:
– Ҳа! – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Яхшиликларни қилавер. Ёмонликларни тарк эт. Аллоҳ сенга ҳаммасини яхшилик қилиб беради, – дедилар. У:
– Алдамчиликлариму фожирликларимни ҳамми?! – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Ҳа! – дедилар.
У такбир айтиб («Аллоҳу Акбар!!!» деб), қайтиб кетди. Кўздан кўринмай қолгунча такбири эшитилиб турди».
Лекин бундай ҳолга эришиш учун тавба ҳақиқий бўлиши зарур. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқат келаси оятда яна бир бор таъкидланмоқда:
وَمَن تَابَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَإِنَّهُ يَتُوبُ إِلَى اللَّهِ مَتَابًا
71. Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга (ҳақиқий) қайтиш ила қайтадир.
Тавба қилиш гуноҳга афсус-надомат чекиш билан бошланади. Сўнгра ўша гуноҳни қайтармасликка дилда қаттиқ аҳд қилинади. Кейин бу аҳд дилда тасдиқланади. Тавбанинг ҳақиқий ёки сохта экани унинг эълонидан кейинги амалдан билинади. Агар эълондан кейинги амал солиҳ – яхши бўлса, тавба ҳақиқий, ёмон бўлса, тавба сохта бўлади. Чунки гуноҳ ҳам фақат ният эмас, балки қилинган амалдир. Шунинг учун тавба ҳам амалсиз бўлмайди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!