Ассалому алайкум! Бизнинг оиламизда жуда катта уруш бўлди. Тоғамлар, 2 та ҳолаларим ва онамлар ўртасида. Лекин, опа сингиллар бир-бирлари билан урушишмаган, уларнинг ҳаммалари тоғамлар билан урушишган. Биз уларни яраштиришга жуда кўп ҳаракат қилдик, лекин, фойдаси бўлмади. Тоғамлар онамлардан кечирим сўраш учун 2 марта уйимизга келдилар. Лекин, онамлар кечириш ўрнига уйимиздан ҳайдаб, чиқариб юбордилар. Урушиб қолишганига яқинда 1 йил бўлади. Интернетда кўп эшитиб қоламан, қариндош уруғчилик алоқасини узган одам жаннатга кирмас экан. Бу гапларни онамларга айтсам ҳам фойдаси бўлмади. Илтимос, шу масалада ёрдам берсангиз. Уларни қандай яраштириш мумкин ёки охиратда буни қандай жавоби бор?
– Ва алайкум ассалом! Аёл кишининг кўнгли шундай таъсирчан бўлади. Айниқса она ўз фарзандидан ўзи кутмаган ёмон сўзни эшитса буни кечириши жуда оғир кечади. Тоғаларингизда онангизнинг кўнглига йўл топишдан бошқа чора йўқ. Тинимсиз у кишидан кечирим сўрашда давом этаверишсин. Асло қўл силтамасин. Аллоҳ таолодан орани ислоҳ қилишини сўраб дуо қилсин. Бир кун албатта кўнгли юмшаб, бўлган ишларни унутади. Қариндошлик алоқаларини узиш ҳаром, онага оқ бўлиш эса унданда оғир гуноҳи кабирадир.
Аллоҳ таоло айтади:
وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلاَهُمَا فَلاَ تَقُل لَّهُمَآ أُفٍّ وَلاَ تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلاً كَرِيمًا
«(Эй инсон), Парвардигоринг сизларга ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар у икковидан бири ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут – хокисор бўл ва:
وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا
«Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!» (Ал-Исро сураси, 23–24-оятлар).
Фарзанд ҳамиша ота-она хизматига тайёр туриши лозим. Чунки улар фарзандининг хизматини қойиллатиб қилишган. Шунингдек, улар фарзанд камоли, униб-ўсиши – ҳаётини умид қилиб унинг қилиқларию озорларини кўтаришган. Фарзанд эса, гарчи улар озорига сабр қилса ҳам, бу уларнинг ўлимигача давом этади, халос. Қай бирининг ҳақи-хизмати улуғ эканига ўзингиз баҳо беринг.
«(Биз инсонга буюрдикки): «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз ўзимга қайтажаксан!» (Луқмон сураси, 14-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Уч оят уч нарсага боғлиқ бўлиб тушган. Уларнинг бири шеригисиз қабул қилинмайди.
Биринчиси:
«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз!» (Муҳаммад сураси, 33-оят).
Кимки Аллоҳга итоат этса-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этмаса, бу қабул қилинмайди.
Иккинчиси:
«Намозни адо қилинглар ва закотни беринглар!» (Бақара сураси, 43-оят).
Кимки намоз ўқиса-ю, закот бермаса, қабул қилинмайди.
Учинчиси:
«Сен Менга ва ота-онангга шукр қил!» (Луқмон сураси, 14-оят).
Кимки Аллоҳга шукр қилса-ю, ота-онасига шукр қилмаса, қабул қилинмайди». Валлоҳу аълам!