Ассалому алайкум! Мўминлар онаси Оишадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом рукуъ ва саждаларида: سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَبِحَمْدِكَ ، اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي «Субҳанакаллоҳумма роббана биҳамдик, Аллоҳуммағфирлий», дер эдилар. (Маъноси: Эй Раббим, Сенга ҳамд айтиб, Сени поклайман. Эй Раббим, менинг гуноҳларимни мағфират қил.) Бухорий ва Муслим ривоятлари. Шу дуони Суннат ва Витр вожиб намозларида ўқисам бўладими? Ва уммуман шу хадис хакида батафсил малумот берсангиз шархи билан.
– Ва алайкум ассалом! Ушбу дуони нафл намозларида ўқисангиз бўлади. Равотиб суннатлар нафллар сирасига киради.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ فِي رُكُوعِهِ وَسُجُودِهِ: سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَبِحَمْدِكَ اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ва сужудларида: «Субҳанакаллоҳумма Роббана ва биҳамдик. Аллоҳуммағфирли», дер эдилар».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ривоят ҳам олдинги ҳадиси шарифга ўхшаш, фақат дуонинг сийғаси бошқа. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуони рукуъдан ташқари, саждада ҳам ўқиганликлари ҳақида сўз бормоқда. Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, Роббимиз, Сени поклаб ёд этаман ва ҳамд айтаман. Аллоҳим, мени мағфират қилгин». ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!