Ассаламу алайкум! Бир танишим хатм қилганини айтиб қолди. Суҳбат жараёнида унинг имола, ишмом, равм қоидаларини, шунингдек вақф ва ибтидо қоидаларини ҳам яхши билмаслиги аён бўлди. Шу ҳолатда унинг қилган хатмининг ҳукми қандай бўлади? Хатм кароҳиятли бўладими? Тажвид билан ўқиш фарз айн бўлгани учун, тарки фарз бўладими ёки нуқсонли бўладими?,ёки...
Ва алайкум ассалом! Қуръони Карим мўминлар учун буюк неъмат ва барча китоблардан афзал ва шарафлидир. Унинг шарофали ва фазилатли бўлишига Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи эканлиги кифоя қилади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда : Сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китобидир – дейилган. У оламларга раҳмат пайғамбарларнинг хатм қилувчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлгандир. Уни таълим бериш вазифаси ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга юклатилган. Қуръони Каримнинг бошқа каломларга бўлган фазилати Аллоҳ таолонинг махлуқотларга кўра бўлган фазилати кабидир. (Термизий ривояти).
Бир ҳадиси шарифда : Қуръон Аллоҳга бутун осмонлару ердан маҳбуброқдир – дейилган. Қуръони Карим бутун инсониятга мукаммал қонун қилиб юборилган. У нафақат дунёвий китоблар, балки осмондан нозил бўлган китобларнинг ҳам энг афзали ва аълосидир. Ҳадисларда : Ҳар нарсанинг ўз фахрланадиган ифтихори бўлади. Умматимнинг фахри, ифтихори Қуръони Каримдир – дейилган. Дунёда одамларнинг барчаси қайсидир нарса моли, давлати, касби, ихтиро қилган нарсаси ва ҳоказо нарсаларни ўзига энг қадрли ва фахрли нарсаси деб билади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматим учун энг фахр қилишга лойиқ бўлган нарсаси бу Қуръондир. Ким уни қанча кўп ҳосил қилса, ўрганса, ўқиса ва ўзгаларга уни ўргатса мана шу уларнинг энг шарафли нарсаси эканлигини баён қилдилар. Дунёдан минглаб китоблар бор. Улар инсонлар томонидан ёзилган. Башарият уларнинг ичидан энг мукаммал, беқиёс деб танлаб олгани ҳам Қуръони Карим одлдида ҳеч нарсага арзимайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : Сизларни энг яхшингиз Қуръонни таълим олиб, уни ўзгаларга ўргатганингиздир – деганлар. (Бухорий ривояти). Бир бор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Эй Абу Ҳурайра Қуръонни таълим олгин ва уни одамларга ўргатгин. Вафотинг келгунича шунда бардавом бўлгин. Агар шу ҳолатингда сенга ўлим келса, фаришталар байтуллоҳни зиёрат қилганларидек сенинг қабрингни зиёрат қиладилар” дедилар. Бошқа бир ҳадисларида : “Қуръонни ёд олган кишиларни икром қилинглар. Ким уларни икром қилса, батаҳқиқ Аллоҳни икром қилибди. Қуръон ҳомилларининг ҳақларини поймол қилманглар. Чунки улар Аллоҳнинг наздида буюк бир мақомдадирлар. Қуръонни ёд олувчилар пайғамбар бўлишларига яқин бўлган кишилардир. Лекин уларга ваҳий келмайди холос. Қуръон ҳомиллари Ислом байроғини кўтарувчидир. Ким уни икром қилса, батаҳқиқ Аллоҳни икром қилибди. Ким уни пастга урса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”. Бошқа бир ҳадисда : “Қуръон ҳомили вафот топганда Аллоҳ таоло ерга ваҳий қилиб, унинг гўштини емасликка буюради. Шунда ер “қандай қилиб мен унинг гўштини ея олай, сенинг каломинг унинг ичида(қалбида) бўла туриб” дейди” дейилган.
Дунё тараққиёти учун дунёвий илм ўрганиш яхши, шу билан биргаликда қалбига Қуръонни жо қилиш қандай ҳам улуғ неъмат. Бирида камолотга эришаман деб, қалби Қуръонсиз қолиши чексиз мусибатдир. Термизий ривоят қилган ҳадисда : “Қалбида Қуръон бўлмаган киши ҳароба уйга ўхшайди” дейилган. Термизий, Ибн Можа ва Доримийлар ривоят қилган ҳадисда : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : Ким Қуръонни ўқиса ва ёд олса, Қуръон ҳалол деган нарсани ҳалол деб билса, ҳаром деганини ҳаром деб билса ва унга амал қилса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киргазади ва унинг хонадонидан дўзахга киришлари вожиб бўлган ўн кишининг ҳаққида шафоатини қабул қилади”. Қуръон ва унинг ўқувчилари Аллоҳнинг наздида азиз ва қадрлидир.
Қуръон нозил бўлаётган вақтда ваҳийнинг қаттиқлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзлари қизариб кетар, нафас олишлари қийинлашиб қолар, нозил бўлиши тугагач эса, муборак пешоналаридан терлар оқар эди. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу : "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Зарар эгалари” ояти каримаси нозил бўлаётганда у зотнинг сонлари сонимнинг устида эди. Мен ваҳийнинг қаттиқлигидан соним тарс ёрилиб кетармикан деб ҳис қилдим" дедилар. Бир калиманинг вазни Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга шунчалик машаққатли бўлган бўлса Қуръон нозил бўлган зодга қанчалар қийин бўлганини билиб олсак бўлади. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар : Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий бўлаётган вақтда у зот туянинг устида бўлсалар, ваҳийнинг қаттиқлигидан туянинг боши эгилиб кетар эди. Ваҳий тўхтагунича бўйнини қимирлата олмас эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда “Яқинда биз оғир бир каломни сизга нозил қиламиз”. Бошқа бир ўринда “Агар ушбу Қуръонни тоққа нозил қилганимизда, унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб, парчаланиб кетганини кўрар эдинг” дейилган. Абдул азиз деҳлавий роҳматуллоҳи алайҳ “Тафсири азизий” китобида ибн Аббос розияллоҳу анҳудан бир ривоятни келтиради. Унда : “Мусо алайҳиссаломга Тавротнинг лавҳлари нозил қилинганда Мусо алайҳиссалом ўзларида уларни кўтаришга куч топа олмадилар. Аллоҳ таоло ҳар бир оятни кўтаришга биттадан фаришта юборди. Кўтара олмадилар. Сўнг баттадан ҳарфни кўтаришга биттадан фаришта юборди. Уни ҳам кўтара олмадилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга оғирлигини маълум қилганидан кейин Мусо алайҳиссаломга “Сиз учун мен уни осон қилдим” деди. Шунда Мусо алайҳиссалом уни кўтариб Бану исроилга келди”. Қуръони Карим Тавротданда азиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туфайли уни бизга осон қилиб берди. Аллоҳ таоло “Қомар” сурасида “Дарҳақиқат, Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, эслатма олувчи борми?!” деб марҳамат қилган. Қуръоннинг буюклигини улуғларимиз жуда ҳам ҳис қилар эдилар. Муснади Доримийда ибн Мулайкадан ривоят қилади. Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу Қуръонни эҳтиром қилиб, юзларига суртиб : Бу роббимнинг китоби, бу роббимнинг китоби, бу менинг роббимнинг китоби, бу менинг роббимнинг китоби – дер эдилар.
Шунинг учун уламоларимизнинг Қуръонга бўлган эътиборлари қаттиқ бўлган. Ибн Жазарий : Қуръонни таажвид билан ўқиш вожибдир, лозимдир. Ким Қуръонни тажвид билан ўқимаса у гуноҳкордир – деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Қанча Қуръон ўқувчилари бор, Қуръон уларни лаънатлайди” дедилар. Яъни : Ким Қуръонни ўз билганича тажвидга хилоф тарзда ўқийдиган бўлса, Қуръон уни лаънатловчилар сафига кириб қолади. Аллоҳ таоло Қуръонни тажвид билан нозил қилган, бизгача тажвид ила етиб келган. У қироатларнинг ўнтаси мутавотир тарзда бизгача етиб келган. Афсуслар бўлсин диёримизда кенг тарқалган Ҳафс ривояти билан бўлган Осимнинг қироатидан ҳам кўпчилигимизнинг хабаримиз йўқ. Қуръонга ошиқ бўлиш бошқа, уни махражларидан чиқариб, ҳарфларининг сифатларига эътибор бериб ўқиш бошқа нарсадир. Қуръонни тўғри ўқиш иймондан кейинги муҳим фарзлардан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : Намоз диннинг устунидир, ким уни қоим қилса, динни қоим қилибди. Ким уни парчаласа динни парчалабди – деганлар. Намознинг асоси эса Қуръон қироатидир. Қуръонни тўғри ўқимаган киши динни парчалагувчидир. Қуръон ўқишга қизиқаман деб динни парчалашдан сақланайлик. Бу гапларни Қуръон ўқимаслик керак эканда дейишга йўйманг. Балки тўғри ўқиш қанчалар зарур эканлигини ҳис қилинг. Валлоҳу аълам.