Ассаламу алайкум! Бир марузада, Яҳё алайҳиссаломнинг бошларини, бир фохиша аёлнинг гапига кириб, ўша даврнинг подшохи кестириб юборган эмиш. Шу хабар саҳиҳми? Аллоҳ сизларни Ўз паноҳида сақласин.
Ва алайкум ассалом! Ибн Абу Шайба ўзларининг “Мусаннаф”ларида Урва ибн Зубай розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади : "Яҳё ибн Закариё бир зино қилган аёл ҳақида қатл қилинган. У аёл ўз соҳибига “Менга Яҳёнинг бошини келтирмагунингча сендан рози бўлмайман” деган. Шунда у киши бир тоғорада Яҳё алайҳиссаломнинг бошини олиб келтирди" дейилган. Мана шу ривоятларнинг саҳиҳроғидир. Пайғамбарларни бу каби қатл қилиш Бану исроилда кўп бўлган. Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сураси 112-оятида марҳамат қилиб :
“Аллоҳдан арқон ва одамлардан арқон бўлмаса, уларга қаерда бўлсалар ҳам хорлик битилди. Улар Аллоҳнинг ғазабига қолдилар ва уларга мискинлик битилди. Бу Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлари, анбиёларни ноҳақ қатл этганлари учундир. Бу осийлик қилганлари ва ҳаддан ошганлари учундир”
"Бақара" сураси 87-оятида :
“Батаҳқиқ, Мусога китобни бердик ва унинг ортидан расулларни кетма-кет юбордик. Ва Исо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизаларни бердик ва уни Муқаддас руҳ билан қўлладик. Қачон бирор расул нафсларингиз истамайдиган нарса келтирса, мутакаббирлик қилиб, бир гуруҳини ёлғончига чиқариб, бир гуруҳини қатл қилаверасизми?!”.("Тафсири Ҳилол" китобидан)
Муфассирлар қатл қилинган пайғамбарларга Закариё ва Яҳё алайҳимассаломларни мисол қилиб келтирган. Валлоҳу аълам.