Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Зиёратлар

15:50 / 26.10.2015 | Akkuratniy88 | 3666

Ассаламу алайкум! Мени қийнаётган нарса одамларни зиёратгоҳларга жудаям кўп қатнаб ва ўша нарсага борган сари ишониб кетаётгани. Унинг устига катталар ҳам ўшанга бошлаётгани. Билсангиз керак ҳозир "фалон жойни зиёрат қилсанг муаммоларинг ҳал бўлади" ёки "фалон қабрга борсанг бола кўрамаётганлар бола кўраяпти, касал одамлар шифо топаяпти, оёғи шоллар юриб кетаяпти, ва ҳоказо" деган гаплар кўпайган. Исломдан унча билимим йўқ, лекин фикри ожизимча қабрдаги одам қанчалик зўр олим бўлган бўсада у ўлиб кетганидан кейин қандай қилиб мадад ёки шифо бериши мумкин? Камига ўша жойларда домлалар ўтириб гапираётган нарсалари ғирт ширкку? Бунга ҳеч ким қарамайдими? Ҳеч ким бу домлаларни текширмайдими? Агар қабр ва буюмларга ишониб кетсак, буддистлардан ёки христианлардан нима фарқимиз бор? Нимага масжидларда имом хатиблар одамларга шуни ўргатишмайди? Бу катта оммовий муаммо эмасми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! http://fiqh.uz/index.php/component/content/article/130-aqiyda/661-vasila-va-duo

Баъзилар василани биз оми халқнинг илтижоси Аллоҳ таолога етиб бормайди. Шунинг учун ўз истак ва хоҳишларимизни муқарраб бандаларга ҳавола қилиб, сўрайдиган нарсаларимизни улардан сўрашимиз керак, деб тушунишади. Шу сабаб улар ўз ҳожатларини Аллоҳнинг дўстларидан сўрайдилар. Ўз муродини авлиё ва қабрда ётган шахслардан сўровчи кишилар: “Буюк шахслар Аллоҳ таоло уларга берган инъом билан бизнинг хоҳишларимизни раво қилишга қодир” деб хаёл қиладилар. Бундай кишилар юртимиздан яшаб ўтган буюк шахслар, жумладан “Имом Бухорий”, “Имом Мотуридий”, “Занги ота” кабиларни мақбараларига бориб, зиёрат қилиш одоби билан уларни зиёрат қилиш ва ҳақларига дуо қилиш ўрнига, ўзларига улардан фарзанд, бахт-саодат сўрайдилар. Бу ғирт жаҳолат ва ётган буюк шахсларни илоҳийлаштиришдир. Василани бу тарзда амалга оширишда икки хато мавжуд бўлиб, улар:
1. Бундай одамлар Аллоҳ таолодан сўрашни дунё шоҳларига қиёс қиладилар, яъни шоҳлар ҳузурига фақат аъёнлар кириша олади. Шунинг учун шоҳларга оми халқ ўз арзини ҳавола қилиш учун аъёнларни восита қилишга тўғри келади. Баъзи одамлар шундан келиб чиқиб, Аллоҳ таолога оддий халқ ўз арзини бевосита айта олмайди. Балки, ўртага муқарраб бандаларни восита қилиши лозим, деб ўйлайдилар. Лекин, Аллоҳ таолони дунё подшоҳларига қиёс қилиш бошдан оёқ хато ҳисобланади. Чунки, подшоҳлар ўз халқининг ҳар бирининг арзини бевосита эшита олишга имконияти йўқ. Унинг акси ўлароқ, Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг, жумладан, инсон, фаришта, жин ва жонзотларни арзини бевосита эшитгувчи ва билиб тургувчи зотдир. Бу ҳақда ақида китобларида шундай дейилади:
ويسمع دبيب النملة السوداء على الصخرة الصماء في ظلمة الليل
“Жуда қоронғу кечада қора тош устидаги қора чумолини ўрмалашини ҳам (Аллоҳ таоло) эшитади ва билиб туради”.
Подшоҳ ҳузурига ҳар қандай одамни бориши мумкин эмас. Лекин, Аллоҳ таоло ҳар бир шахсга қон томирларидан ҳам яқинроқдир.
عن الصلت بن الحكيم، عن أبيه، عن جده رضي الله عنهم ، قال : جاء رجل إلى رسول الله صلى الله عليه وسلم، فقال: يا رسول الله: أقريب ربنا فنناجيه أم بعيد فنناديه ؟ فسكت رسول الله صلى الله عليه وسلم، فأنزل الله : " وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي."
Солт ибн Ҳакийм отасидан, у бобосидан ривоят қилади:
“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб:
“Эй, Аллоҳнинг расули! Роббимиз яқинми Унга муножот қилсак ёки узоқми Унга нидо қилсак?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сукут сақладилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Агар бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар”  нозил қилди” (Тафсиру ибн Абу Ҳотам).
Ҳар шахс ҳар вақт ва ҳар он ўз истакларини Аллоҳ таолодан сўрай олади ва Аллоҳ таоло ҳар истакни тездан тўла раво қилади ҳамда ҳар шахснинг муродини амалга оширишга қодир зотдир. Шу билан бир қаторда Аллоҳ таоло ўз бандаларига меҳрибон ва мушфиқдир, яъни сўрайдиган нарсаларинг борми сўранглар! Мен уни албатта бераман, дегувчидир. Бундай даргоҳни ташлаб дарбадар ва саргардон бўлиб юриш бошдан оёқ жаҳолатдир.
Ким хоҳласа келсин ва ким хоҳласа кетсин.
Унинг даргоҳини на дарвозаси ва на дарвозабони бор.
2. Улар дунё подшоҳлари қўл остидаги вазир, ҳокимлларга баъзи иш юритиш борасида ихтиёр берганидек, Аллоҳ таоло ҳам пайғамбар, валий, шаҳидларга баъзи тасарруфотларни қилишларига ихтиёр берган деб, эътиқод қиладилар. Улар Аллоҳ таоло тарафидан берилган ихтиёр туфайли ўзлари хоҳлаган кишиларга беришга ва хоҳлаган кишиларга бермасликка қодирлар деб эътиқод қиладилар. Бу фикр олдинги фикрдан ҳам бузуқров ва хатодир. Чунки, дунё подшоҳи ўз қўл остидагиларга турли ишларни ўз ихтиёрлари билан ҳал қилишни топширади. Бу унинг ожизлиги сабаблидир. Чунки, у ўз салтанатидаги майда-чуйда ишларни ҳам ўзи ёлғиз ҳал этишга имконияти бўлмайди. Балки, ёрдамчи ва кўмакчига эҳтиёжи тушади ва у ўз ёрдамчиларисиз салтанатни бошқара олмайди. Унинг акси ўлароқ Аллоҳ таоло коинотдаги каттаю кичик барча нарсаларни билувчи, қодир зотдир. Коинотдаги каттаю кичик нарсалар унинг илмидан ва ҳукмидан ташқарига чиқиб кетмайди. Аллоҳ таолонинг илми, иродаси, машияти, қудрати, таквини еру осмондаги барча нарсаларни қамраб олгандир. Дарахтнинг бирорта барги унинг илми, иродаси ва ҳукмисиз ҳилпирамайди. Шу боис бу дунё низомини ўз ўрнида давом этиши учун бирор вазир ёки ўринбосарга эҳтиёжи йўқ ва уларни бошқариш ихтиёри бирор кишига берилмаган. Балки, барча тасарруфлар Аллоҳ таолонинг илми ва иродаси билан бўлади.
Қози Саноуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
“Агар бир киши: “Бу ишга Аллоҳ ва Унинг Расули гувоҳ” деса диндан чиқиб қолади. Чунки, у Расулуллоҳ ҳам Аллоҳ каби ғайбни билгувчи ишимиз устида ҳозиру нозир деб эътиқод қилган бўлади. Авлиёуллоҳлар бор нарсани йўқ, йўқ нарсани мавжуд қилишга қодир эмаслар. Бас, уларга йўқдан бор қилиш ва бордан йўқ қилиш, ризқ ва фарзанд бериш, бало ва касалликни дафъ қилиш ҳамда бошқа нарсаларни нисбатини бериш куфр ҳисобланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
قُلْ لَا أَمْلِكُ لِنَفْسِي نَفْعًا وَلَا ضَرًّا إِلَّا مَا شَاءَ اللَّهُ وَلَوْ كُنْتُ أَعْلَمُ الْغَيْبَ لَاسْتَكْثَرْتُ مِنَ الْخَيْرِ وَمَا مَسَّنِيَ السُّوءُ إِنْ أَنَا إِلَّا نَذِيرٌ وَبَشِيرٌ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ
“Ўзим учун на фойда ва на зарарга молик эмасман. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади. Агар ғайбни билганимда яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмасди. Мен фақат иймон келтирадиган қавмлар учун огоҳлантирувчи ва башорат берувчиман, холос, деб айт” (Аъроф 188 оят).
Шу боис бирор бир банда ўзи ёки бошқалар учун бирор нарса сўрамоқчи бўлса, Аллоҳ таолонинг ўзидан сўраши лозим. Фалончилар Аллоҳнинг ноиби сўрайдиган нарсамни улардан сўрасам ишим осон битади, деб жоҳилона ўйламаслик лозим.
Васила қилишни муқарраб бандалар хизматида бўлиб, уларга арзимизни айтамиз ва улардан ҳожатларимизни сўраймиз, деб эътиқод қилиш хато ва нотўғридир. Қуръони каримда махлуққа дуо қилиб, ундан ҳожатини сўрашни залолат дейилган:
وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ يَدْعُو مِنْ دُونِ اللَّهِ مَنْ لَا يَسْتَجِيبُ لَهُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَهُمْ عَنْ دُعَائِهِمْ غَافِلُونَ
“Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигича дуосини мустажоб қилолмайдиганларга илтижо этадиганлардан ҳам адашганроқлар борми?! Ҳолбуки, У(бут)лар уларнинг дуосидан ғофилдирлар” (Аҳқоф 5 оят).
Муқарраб бандалардан ўз ҳожатини сўраб дуо қилиш энг ёмон иш эканлиги Қуръони каримда баён қилинмоқда. Чунки, дуо улуғ бир ибодатдир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عن أنس بن مالك رضي الله عنه أنَّ النبي صلى الله عليه وسلم قال: "الدُّعاءُ مُخُّ العبادةِ" أخرجه الترمذي.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Дуо ибодатнинг мағзидир” дедилар” (Термизий ривояти).
عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رضي الله عنه، قَالَ : سَمِعْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: الدُّعَاءُ هُوَ الْعِبَادَةُ ، ثُمَّ قَرَأَ : "وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ".
Нуъмон ибн Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Дуо айни ибодатдир”, деб: “Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман...” деди” (оятини) ўқиганларини эшитдим” (Адабул муфрад).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَيْسَ شَيْءٌ أَكْرَمَ عَلَى اللهِ مِنَ الدُّعَاءِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ таолонинг ҳузурида дуодан кўра қадрлироқ нарса йўқ” дедилар” (Адабул муфрад).
Шайх Абдулҳақ муҳаддису Деҳлавий ушбу ҳадисларнинг шарҳида:
“Дуо ибодатларнинг хулосаси, яъни Аллоҳ таоло ҳузурида ўзини ниҳоятда ожизлигини ҳис қилиш ва хушуъ, хузуъни изҳор қилиш бўлгани боис, энг афзал ибодат ва ибодатларнинг мағзи ҳисобланади. Дуода хушуъ, хузуъ мукаммал тарзда ўз исботини топади. Шунга биноан дуо Аллоҳ таоло даргоҳида барча ибодатдан устун ҳисобланади” деганлар.
Дуо фақат ибодат эмас, балки ибодатларнинг мағзи ва хулосаси экан Аллоҳ таолодан ўзгага ибодат қилиш жоиз бўлмагани каби, Ундан ўзгага дуо ҳам қилинмайди, яъни ҳар бир банда ўз истак ва хоҳишларини Аллоҳ таолодан сўраши лозим. Зеро, ибодатлар Аллоҳ таолонинг ҳаққи ҳисобланади.
Қози Саноуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар:
“Ўтиб кетган ёки яшаб турган авлиёуллоҳлардан ва Пайғамбар алайҳиссаломлардан бирор нарса сўраб дуо қилиш жоиз эмас. Бу ҳақда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Дуо айни ибодатдир”, деб: “Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”, деди” (оятини) ўқиганлар”.
Жоҳил кимсалар: “Ё, Абдулқодир Жийлоний Худо учун менга бир нима беринг” “Ё, Баховуддин Нақшбанд Худо учун менга бир нима беринг” дейдилар. Бундай дейиш ширк ва куфрдир. Лекин, “Эй, Аллоҳим фалон ўзинга муқарраб банданг туфайли мени бу ишимни тўғрилагин” дейишда ҳеч қандай ҳараж йўқ. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
إِنَّ الَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ عِبَادٌ أَمْثَالُكُمْ فَادْعُوهُمْ فَلْيَسْتَجِيبُوا لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ
“Албатта, Аллоҳдан ўзга сиз унга дуо қилаётган зотлар ўзингизга ўхшаш бандалардир. Агар ростгўй бўлсангиз, уларни чақириб кўринг, бас, сизга жавоб берсинлар-чи!” (Аъроф 194)”. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat