Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ёлғон гапни эшитиш

17:58 / 21.10.2015 | deleteduser | 2837

Ассаламу алайкум! Аллоҳ таоло «Моида» сураси, 42-оятида : «Улар ёлғонни кўп эшитувчилар, ҳаромни кўп еювчилардир» дейди. Шу оятни тушунтириб берсангизлар. Масалан менинг ишхонамдаги шеригим ёлғончи, жуда бачкана, бўлмаган ишларни атрофдагиларга бўлиб ўтгандек қилиб гапириб бераверади. Ёлғонни мен эшитиб ўтирганимда ўша "ҳаромни кўп еювчилардир"га тушиб қолмайманми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сураси 104-110-оятларида марҳамат қилади : وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ 104. Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. Яъни Аллоҳга ҳақиқий иймон келтирган ва унинг йўлида ҳақиқий биродар бўлган жамоа яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган умматга айлансин. Яхшиликка чақириб турувчи жамоа бўлмаса, дунёда эзгулик қолмайди. Маъруфга, яъни фазилат, ҳақиқат, яхшилик ва адолатга буюриб, мункардан, яъни разолат, ботиллик, зулм ва ёмонликдан қайтариб турадиган жамоа бўлмаса, ҳеч бир қавм, ҳеч бир уммат нажот топа олмайди. Амри маъруф, наҳйи мункар ишлари яхши йўлга қўйилган жамиятдагина яхшилик қилиш ёмонлик қилишдан кўра осон бўлади. Фазилатга эришиш разолатга кетишдан кўра енгил кечади. Ҳақиқат ботилдан устун бўлади. Адолат зулмдан устун туради. Аллоҳнинг улуғ неъмати – Исломга муяссар бўлган бандалар жамоасига, яъни мусулмон умматига Аллоҳ таоло амри маъруф, наҳйи мункарни фарз қилди. Агар бу уммат бошқа фарзлар қатори, ушбу фарзни ҳам ўз ўрнида адо этса, бахт-саодатга эришади. Акс ҳолда фалокатга учрайди. Бу ҳақиқатни ушбу оятнинг хотимасидан ҳам билиб олиш мумкин: «Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир». Яъни яхшиликка чақириб, амри маъруф, наҳйи мункар қилган умматлар нажот топувчилардир. Бошқалар эмас. Бу ҳақиқатни Аллоҳнинг Расули Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўз ҳадисларида баён қилиб қўйганлар. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом: «Сиздан ким мункарни (ёмон ишни) кўрса, қўли билан ўзгартирсин, агар қудрати етмаса, тили билан ўзгартирсин, агар бунга ҳам қудрати етмаса, дили билан қайтарсин. Аммо буниси иймоннинг заифидир», – дедилар. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, албатта амри маъруф қиласизлар, албатта наҳйи мункар қиласизлар. Бўлмаса, Аллоҳ сизга Ўз ҳузуридан иқоб юборади. Сўнгра дуо қилсангиз, қабул бўлмайди», – дедилар. كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَلَوْ آمَنَ أَهْلُ الْكِتَابِ لَكَانَ خَيْرًا لَّهُم مِّنْهُمُ الْمُؤْمِنُونَ و أَكْثَرُهُمُ الْفَاسِقُونَ 110. Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Маъруфга буюрасиз ва мункардан қайтарасиз ҳамда Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқлардир. Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканидир. Умматларнинг сараси Ислом умматидир. Умматларнинг йўлбошчиси Ислом умматидир. Умматларнинг пешқадами Ислом умматидир. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи бу умматга хитоб қилиб: «Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз», – деб турибди. Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни тўлиқ тушунган чоғларида бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Бошқаларга тобе бўлмаганлар. Бошқаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар. Бошқалар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар. Бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг сабабларидан бири амри маъруф қилишидир. Чунки Аллоҳ таоло: «Маъруфга буюрасиз...» – демоқда. Аввал ишора этилганидек, Ислом уммати дунёда яхшилик байроғини юқори кўтаради. Адолат байроғини юқори кўтаради. Ҳақиқат байроғини юқори кўтаради. Фазилат байроғини юқори кўтаради. Ҳамда бутун инсониятни бу ишларга чақиришни ўзига фарз деб билади. Бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг сабабларидан иккинчиси наҳйи мункар қилишидир. Чунки Аллоҳ таоло: «...ва мункардан қайтарасиз...» – демоқда. Мункар барча ёмонлик, зулм, ботил ва разолатлар демакдир. Бинобарин, Ислом уммати дунёдаги барча ёмонликка қарши, зулмга, ботилга ва разолатга қаршидир. Айни чоғда, бутун инсониятни ёмонликдан, зулмдан, ботилдан ва разолатдан қайтаришни ўзига фарз деб билади. Ислом умматининг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг асосий сабаби Аллоҳга иймон келтиришидир. Чунки Аллоҳ таоло: «...ҳамда Аллоҳга иймон келтирасиз», – демоқда. Инсониятни тўғри йўлга бошлаб, нотўғри йўлдан қайтаришдек улкан машаққатли ишни амалга оширишга уни Аллоҳга бўлган иймони ундайди. Иймон асосларнинг асосидир. Жумладан, яхшиликка чақириб, амри маъруф ва наҳйи мункар қилишнинг ҳам асоси иймон бўлгандагина мақсадга етилади. Ана шундагина икки дунёда бахт-саодатга эришилади. Акс ҳолда нуқсонга дучор бўлинади. Бу ҳақиқат ушбу оятдан бошқа оятларда ҳам таъкидланган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўпгина ҳадисларида ҳам ўз аксини топган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишларича, Набий алайҳиссалом минбарда турганларида бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай одам яхши одам?» – деб сўради. Набий алайҳиссалом: «Одамларнинг яхшиси – қорироғи, тақводорроғи, амри маъруф қилувчироғи, наҳйи мункар қилувчироғи ва силаи раҳм қилувчироғи», – дедилар. Имом Термизий ривоят этган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий алайҳиссалом: «Бану Исроил гуноҳга ботганда, уламолари қайтардилар. Улар қайтмадилар. Кейин эса уламолар ҳам улар билан бирга ўтириб, еб-ичдилар. Бас, Аллоҳ қалбларини бир-бирига аралаштириб юборди ва Довуд, Сулаймон ва Ийсо ибн Марям тилларида лаънатлади, – дедилар-да, ёнбошлаб ётган эдилар, туриб ўтирдилар ва: – Менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, уларни ҳаққа қайтармагунингизча, бўлмайди, – дедилар». Имом Абу Довуд ибн Умайра Киндийдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Ер юзида бир гуноҳ содир бўлганда, гувоҳ бўлган одам уни инкор этса, худди кўрмаган одамдек, (гуноҳдан холи) бўлади. Ким кўрмаган бўлса-ю, розилик билдирса, гувоҳ бўлган одамдек, (гуноҳкор) бўлади», – дедилар. Яна “Аъроф” сураси 199-ояти ҳам : خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ 199. Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир.Тавба” 71-оятида : 71. Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Маъруфга буюрурлар, мункардан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ албатта раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир.Моида” сураси 78-79-оятларида : لُعِنَ الَّذِينَ كَفَرُواْ مِن بَنِي إِسْرَائِيلَ عَلَى لِسَانِ دَاوُودَ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ ذَلِكَ بِمَا عَصَوا وَّكَانُواْ يَعْتَدُونَ 78. Бану Исроилдан куфр келтирганлари Довуд ва Ийсо ибн Марям тилларида лаънатландилар. Бу осийлик қилганлари ва ҳаддан ошганлари учундир. كَانُواْ لاَ يَتَنَاهَوْنَ عَن مُّنكَرٍ فَعَلُوهُ لَبِئْسَ مَا كَانُواْ يَفْعَلُونَ 79. Улар ўзлари қилган ёмон ишдан бир-бирларини қайтармас эдилар. Қасамки, қилаётган ишлари қандай ҳам ёмон!Аъроф” 165-оятида : فَلَمَّا نَسُواْ مَا ذُكِّرُواْ بِهِ أَنجَيْنَا الَّذِينَ يَنْهَوْنَ عَنِ السُّوءِ وَأَخَذْنَا الَّذِينَ ظَلَمُواْ بِعَذَابٍ بَئِيسٍ بِمَا كَانُواْ يَفْسُقُونَ 165. Бас, ўзларига эслатма бўлган нарсани унутганларида, ёмонликдан қайтараётганларга нажот бердик ва зулм қилганларни фосиқлик қилганлари туфайли шиддатли азоб ила тутдик.("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat