Ассалому алайкум! Устозлар, мен фол очиш ва очтириш катта гуноҳлигини биламан. Аммо буни мусулмон бир биродаримизга тушунтира олмаяпман. "Фолчига борма" - десам, "гуноҳ бўлса ҳам ўша палончи фолчи йўқолган нарсамни топиб берди, айтган гапи тўғри чиқди" - деди. Мен у билан тортишиб бу гуноҳлигини яна бир бор тушунтиришга ҳаракат қилсам ҳам у тушунишни истамаяпти. Устозлар, мана шундай вазиятда мен қандай тушунтириб берсам бўлади, қандай асосли гапларни айтиб бу йўлдан қайтарсам бўлади?
Ва алайкум ассалом! Сиздан илтимос, тезроқ дўстингизни мазкур ишдан узоқлашиши учун ҳаракат қилинг. Унинг барча гаплари ва ишлари динимиз таълимотларига тўғри келмайди. Эътиборингизга, бу ҳақдаги мақолани тақдим этамиз. Яхшилаб ўқиб ва уқиб олинглар. ФОЛБИН, СЕҲРГАР ВА МУНАЖЖИМЛАРГА ИШОНИШ Ислом ақийдасидек очиқ, аниқ ва равшан ақийдага эга бўлмаслик ҳар бир инсон, ҳар бир жамият учун жуда ҳам хавфлидир. Мустаҳкам ва равшан ақийда бўлмаганидан кейин турли бидъат, хурофот, афсона, сафсаталарга ҳам ишониб кетилаверилади. Оқибатда битмас-туганмас мусибатларга дучор бўлинаверилади. Бу ҳолатни яқин тарихида ўз бошимиздан кечирдик. Бошқа халқлар ҳам шундай ҳолатни бошдан кечирганлар, кечирмоқдалар. Моддапарстлик расмий ақийда бўлиб, ҳамма унга амал қилиб, бошқалари, жумладан, ҳақиқий ақийда ҳам, сохта ақийдалар ҳам манъ бўлган замонларда мақоламизга сарлавҳа қилиб олинган фолбинлик, сеҳргарлик, мунажжимликка ишониш ҳам манъ қилинган эди. Жамиятда фақат моддапарстлик ақийдаси тўғри, деб ҳисобланар, ҳамма нарса унинг қолипига солинар, ўша қолипга тушмаган нарса аҳмоқлик, хаёлпарастлик ва эсипастлик ҳисобланар эди. Аммо замон ўтиши билан, узоқ муддат дунёнинг катта қисмида, юз миллионлаб кишилар куч билан ишонишга мажбур қилинган моддапарстлик ақийдасининг ўзи энг катта аҳмоқлик эканлиги маълум бўлди. Энг қизиғи шундаки, шундай катта аҳмоқликни амалга оширганларнинг ўзлари аниқроғи, уларнинг бошлиқлари дунё олдида аҳмоқликларини тан олиб, буни эълон қилдилар. Ана шундан кейин уларларнинг инсоният ҳаққига қилган жиноятлари ҳажм ва даҳшат жиҳатидан мисли йўқ эканлиги ошкор бўла бошлади. Аммо бундан олдин улар амалга оширган жиноятларининг натижалари равшанлашиб борди. Бундай натижалардан бири-дунёнинг улкан бир қисмида қолдирилган руҳий бўшлиқ эди. Ўша улкан ҳудудда яшаётган миллионларча инсонлар ўзларига нисбатан жаҳон тарихида мисли кўрилмаган маънавий жиноят қилинганини, улар энг азиз ва муҳим нарса-ақийда масаласида мусибатга дучор этилганликларини тушуниб етиб, ўзларидаги руҳий бўшлиқни тўлдиришга киришдилар. Бу иш режали бўлмагани, тартибсиз равишда ҳар ким ўзи учун ҳаракат қилгани учун ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Нима тўғри, нима нотўғри эканлигини билмаган одамлар аввалги тузмга қарши бўлган нафратлари сифатида, унда нимани манъ қилган бўлсалар, ўшанга ўзларини ура бошладилар. Жумладан, бизнинг диёримизда фолбинлар, сеҳргарлар, мунажжимлар, турли башоратчилар, бошқа сайёралардан келаётган элчилар билан "контактда" бўлаётганлар жуда ҳам кўпайиб кетди. Уларнинг ишқибозлари, ихлосмандларининг эса сон-саноғи йўқ эди. Энг ёмони, бу ноқулай ҳолатга диний тус берилди. Мазкур фолбин, сеҳргар, мунажжим, башоратчи ва ҳоказолар эркак кишилар бўлса, эгнига ажабтовур чопон, бошига қандайдир салла ўраб олиб, бўйнигами, қўлигами тасбеҳ осиб олишар, ўтирган жойларига ҳам шунга ўхшаш нарсалар қўйиб қўйишар, бирорта дуоними, сураними чала ёдлаб олиб такрор-такрор ўқишарди. Агар аёл киши бу ишга қўл урган бўлса, у ҳам ўзича шунга ўхшаш тадбирлар кўрган бўларди. Оқибатда одамлар бу нарсаларни динда бор ёки бўлмаса динга алоқаси бор, деб тушуна бошлашди. Улар дунёдаги барча муаммоларни мазкур фолбинлар ёки дуохонлар ҳал қиладигандек хаёл қилишар эди. Бўйи етган қизига совчи келмаётган оналар ҳам уларга мурожаат қила бошлашди. Кечаси уйқусида чўчиб кетадиганлар ҳам, бошқа турли дардларга чалинганлар ҳам, иши юришмай қолган савдогарлар ҳам, бирор нарсасини йўқотиб қўйганлар ҳам, тузукроқ мансабни мўлжаллаган амалдор ҳам, қўли келмай қолган қиморбоз ҳам, хуллас, кўпчилик уларга мурожаат эта бошлади. Фалон жойда бир қиз чиқибди, борганлар фойда топяпти экан, у фалончига ундай депти, пистончига бундай депти, деган маънодага шов-шувлар тез-тез тарқалиб, одамлар ўша томонларга чопишадиган бўлди. Бу маънодаги турли гаплар, миш-мишлар урчигандан - урчиб кетди. Газеталар, журналлар ва радио-телевизордаги эшиттиришлар бу борада оловнинг устига мой қуйиб туришди. Уларда ғаройиб ҳодисалар ҳақийда турли суҳбат ва кўрсатувлар бериб бориладиган бўлди. Лекин ўша фолбин, сеҳргар, мунажжим ёки башоратчиларнинг ишқибозлари ақлни ишлатиб, чуқурроқ тафаккур қилиб кўрмадилар. Ўзлари эътиқод қилиб, кўтар-кўтар қилаётган шахслар кимлар, улар содир қилаётган "мўъжиза"ларнинг ҳақиқати нимадан иборат, бу ҳақда ўйлаб кўрмадилар. Қизига совчи чиқмай фолбинга келган она ўша фолбин ёки дуохоннинг ўзи бева эканлигини ёки оиласи бузилганлигини ёки фарзандларида, яқин кишиларида худди шу муаммонинг борлигини ўйлаб ҳам кўрмайди. Кечаси уйқусида қўрқиб чиқадиган одам, ўзи нажот истаб мурожаат қилаётган шахснинг ўзи кечалари бутунлай ухлай олмаслигини хаёлига ҳам келтирмайди. Тузукроқ мансаб илинжида юрган амалдор, бу одамнинг қўлидан мансабга кўтариш келса, менинг ўрнимга ўзи бўлиб олмасмиди ёки ўғлини, қариндошини яхши бир мансабга кўтариб қўймасмиди, деб ўйлаб ҳам кўрмайди. Фолбин, дуохон ва бошқалар эса, ўзларининг таъбирлари билан айтганда, бу одам овора бўлиб шунча йўлдан келибди, ноумид бўлмасин, деб келганларнинг ҳаммасини қабул қилиб, уларнинг бошини айлантиришда давом этаверадилар. Уларнинг кўплари жин теккан шахслар бўлиб, ўзларидан инсонларга, жамиятга, элу юртга тегаётган зарарни англаб етмайдилар. Ҳақиқатан ҳам жин теккани учун кўпчиликда йўқ баъзи нарсалар уларда пайдо бўлиши мумкин. Лекин бу теккан нарсалар касб қилиб олиниб, одамларнинг бошларини айлантиришга ҳуқуқ берадиган фазилат эмас, балки даволашга муҳтож дарддир. Фолбин, сеҳргар ва мунажжимларнинг келтираётган зарари фақат одамларнинг вақти, соғлиги, моли ва ҳаракати бекорга кетаётганлиги билан чегараланиб қолмайди. Бу зарар ундан ҳам катта, айтиш мумкинки, улкан зарарларга олиб боради. Бу зарарларнинг энг кичиги одамлар ўртасида душманлик руҳи, ишончсизлик тарқатишдир. Фараз қилайлик, бир инсон мақоламиз қаҳрамонларидан бирига боши оғриётганини айтиб мурожаат қилди. Албатта, қаҳрамонимиз илмий таҳлилга, тиббий муолажага буюрмайди. У ўзининг содда мижозига "Тўғри, мен ҳам сизни узоқдан кўриб, шу одамнинг боши оғриётган бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Буни мана ўзингиз тасдиқлаб турибсиз. Энди биз бир ожиз одаммиз, ҳамма нарса Яратганнинг ўзидан бўлади, келинг бир кўриб қўяй-чи", дейди-да, ўзига хос ҳаракат ва ишларни қилиб бўлгач: "Сизга илму амал қилишибди. Ё қариндошларингиз ичида ё маҳаллангизда ё бўлмаса иш жойингизда сизга нисбатан ёмон ниятли кишилар борга ўхшайди. Ўшалар илму амал қилган бўлса керак. Тупроққа дам солиб остонангиз остига сочган бўлишлари ҳам мумкин", дейди. Шундан кейин боши оғриётган киши қариндошлари, маҳалла аҳли ва иш жойдагиларидан шубҳаланиб, ўзига душманлик қилганларни ахтара бошлайди. Ўзича керакли чора тадбирларни кўради. Натижада жамиятда ўзаро душманлик, ўзаро ишончсизлик ортиб боради. Қаҳрамонларимиз келтирадиган зарарлар шотисидан яна бир неча поғона кўтарилсак, улар ўз фаолиятлари билан жамиятда дангасалик, мақсадга меҳнатсиз етишиш йўлини ахтариш, фойдали меҳнатдан қочиш руҳини келтириб чиқаришларини ҳам кўрамиз. Бундан эса, инсонларга, жамиятга катта зарар етади. Зарарлар силсиласи охири бориб энг катта нуқтага-бидъат, хурофотлар, турли хил бузуқ ақийдаларнинг натижаси ўлароқ, куфрга, ширкка бориб етади. Лекин бу катта маънавий жиноятни на бизнинг қаҳрамонларимиз, на-да уларга эргашган мижозлари англаб етмайди. Энди мазкур қаҳрамонларимиз билан яқиндан танишиб чиқайлик. Фолбинларга ва фол кўрувчиларга шаръий китобларимизда коҳин ва арроф деб ном берилган. Коҳин баъзи сир нарсаларни, тўғрироғи, ғойибни билишни даъво қилади. Унинг баъзи айтганлари тасодифан тўғри чиқиши ҳам мумкин, аммо аксарият фоллари нотўғри чиқади. Тасодифан тўғри чиққан гапини ўзи ҳам, одамлар ҳам такрор-такрор айтиб юрадилар. Нотўғри чиққан фоллари ҳақида эса, сўз юритмайдилар. Натижада коҳин кишиларга ғайб нарсаларни биладиган бўлиб кўринади. Коҳинлар ўзларининг жинлар билан алоқаси борлигини ва уларга хабарларни жинларнинг айтишини даъво қиладилар. Арроф ҳам худди коҳинга ўхшайди. Уламолардан Имом Бағавий: "Арроф-турли ишларнинг сабабларини билишни, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирлаган нарсани ким ўғирлаганини ва шунга ўхшаш нарсаларни билишни даъво қилувчидир", дейдилар. Албатта, фолбинлар кўпроқ келажакда рўй берадиган ишларни билишларини даъво қиладилар. Бу эса, шариат ҳукми бўйича куфр ҳисобланади. Чунки ғайбни фақат Аллоҳ Таолонинг Ўзигина билади. Ким уни билишни даъво қилса, кофир бўлади. Шунингдек, фолбинликнинг бошқа турлари ҳам бор. Булардан учтасини Имом Насаий Қутн ибн Қубайсадан у киши эса ўз оталаридан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам баён қилганлар: "Чизиқ чизиб, тош билан ва қуш билан фол очиш Аллоҳдан бошқага ибодат қилишдандир". Ўша вақтларда турли чизиқларни чизиб, шунингдек, майда тошларни ташлаб, уларни турли томонларга қимирлатиб фол очиш ҳоллари учраган. Қуш билан фол очиш эса, махсус боқилган қушлар орқали амалга оширилар экан. Фол очирмоқчи бўлган шахс бир ишни қилмоқчи бўлса ёки бунда иккиланиб қолса, фолчининг олдига келиб, пул бериб, ундан ўзи учун фол очиб беришини сўрар экан. Шундан кейин фолбин қушини олиб осмонга отар, қуш ўнг томонга учиб кетса ўша ишни қилиш, чап томонга учиб кетса қилмаслик, агар тўғрига учса, яна қайта фол очиш керак бўлар экан. Фолбинликнинг булардан бошқа турлари ҳам бўлган. Ҳозирги пайтда фол очишнинг тури сон-саноқсиз бўлиб кетди. Қарта билан, қушларга хат торттириш билан, қўлнинг кафтига қараб туриб, суратга қараб ва ҳоказолар... Буларнинг ҳаммаси куфр ишлардир. Сеҳргар эса, турли услубларни ишлатиб, кишиларга таъсир ўтказувчи шахсдир. Қуръони Каримда сеҳр тўғрисида келган оятда эркакни хотиндан ажратувчи ишларни қилгувчилар ҳам сеҳргар эканлиги айтилган. Уламолар сеҳрни, келиб чиқиши маълум бўлмаган иш, деб айтадилар. Имом Насаий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки тугун тугиб унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади", деб айтганлар. Қуръонда сеҳргарларнинг иши куфр эканлиги айтилган. Мунажжим деганда юлдузларнинг жойлашиши, юриши, ҳаракати, уларнинг бир-бирига нисбатан жойлашишига қараб келажакда бўладиган ишлар ҳақида хабар берувчилар тушунилади. Ҳозирги кунда худди шу тоифадаги кишиларнинг иши юришган. Кўпгина давлатларда рўзномалар, ҳафтаномалар ва ойномалар, радио-телевизорлар мунажжимларнинг кундалик, ҳафталик, ойлик, йиллик, ўн йиллик фолларини тарқатишда мусобақа қиладилар. Баъзи одамлар ишларини мунажжимларнинг айтган гапларига қараб режалаштирадилар. Ҳатто баъзи давлат арбобларининг уларга мурожаат қилиб туришлари ҳам сир эмас. Илм-маърифат, тараққиёт даъво қилиб турилган даврда бундай ишларнинг содир бўлиши, илоҳий таълимотдан узоқлашган инсон нима тўғри келса, ўшани қилаверишини кўрсатиб турибди. Ислом шариати ҳукми бўйича ғайб илмини даъво қилгани учун бу маънодаги мунажжимлик ҳам куфр ҳисобланади. Имом Абу Довуд Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки юлдузлардан илм иқтибос қилса, сеҳрдан бир шуъба иқтибос қилган бўлади. Зиёда олса, зиёда бўлиб бораверади", деганлар. Сеҳргарлик эса, аввал айтиб ўтганимиздек, куфрдир. Аммо юлдузларнинг ўзини ўрганиш, улар ҳақида илмий ишлар қилиш, уларга тегишли муаммоларни ва ҳолатларни ўрганиш яхши ишдир. Исломда бунга тарғиб қилинади. Шунинг учун ҳам қадимда, Ислом динига яхши амал қилиниб турилган вақтларда, мусулмонлар орасидан етук ва машҳур фалакиёт илми олимлари етишиб чиққанлар. Исломий истилоҳда юлдузга қараб фол очадиганларни мунажжим (астролог), юлдузларни ўрганадиган олимларни фалакиёт илми соҳиблари (астроном), дейилади. Фолбинлик, сеҳргарлик ва мунажжимлик бир-бирларига яқин нарсалар бўлгани учун ҳадиси шарифларда ҳам улар биргаликда зикр этилади. Деярли ҳар бир ҳадисда бундай инсонлар ва жамиятга нисбатан ўта зарарли бу маънавий жиноятлар каттадан катта гуноҳ, куфр ва ширк эканлиги қайта-қайта таъкидланади. Имом Баззор Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади", деганлар. Маълумки, Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг "биздан эмас" дейишлари жуда ҳам оғир ҳукмдир. У зотнинг "биздан эмас" деганлари "Мусулмонлардан эмас", деганларидир. Демак, ҳадиси шарифда зикр этилган тоифадаги кишилар мусулмонлар сафидан чиқадилар. Фолбинга ишонган одам эса, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган Ўуръонга куфр келтирувчидир. Шунинг учун ҳам фолбин ва сеҳргарликни касб қилиб олганларнинг гуноҳи жуда ҳам катта бўлади. Бирор нарсанинг ҳажми ёки хатари бошқа нарсага солиштириб кўрилганда яхшироқ англанади. Сеҳрнинг нақадар катта гуноҳ эканлигини у билан бир қаторга қўйилган катта гуноҳлардан тушуниб олса ҳам бўлади. Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Етти ҳалок этувчидан четланинг», дедилар. Одамлар: "Улар нималар? Эй Аллоҳнинг Расули" - дейишди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини емоқ, уруш куни қочиш ва ғофила, мўмина, покиза аёлларни зинода айблаш", дедилар. Маълумки, Аллоҳга ширк келтиришдан каттароқ гуноҳ йўқ. Ушбу ҳадиси шарифда инсоннинг ҳалокатига сабаб бўлувчи катта гуноҳларнинг ичида биринчи бўлиб айнан шу катта гуноҳнинг зикр қилиниши ҳам бежиз эмас. Ундан кейин, иккинчи ўринда, сеҳр туриши эса, сеҳргарлик қанчалик катта гуноҳ эканлигини яққол кўрсатиб турибди. Эътибор беринг-а, ҳатто одам ўлдириш ҳам ундан кейинга қўйилган. Чунки сеҳргарнинг жамиятга етказадиган зарари одам ўлдиришдан ҳам каттароқ зарардир. Албатта, бундай катта гуноҳ қилган шахс охиратда жазосини тортади. Бу нарса ҳадиси шарифларда баён қилинган. Имом Ибн Ҳиббон Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ароқ ичувчи, сеҳрга ишонувчи ва қариндошлик алоқасини узувчилар жаннатга кирмайди", деганлар. Баъзи туппа-тузук кишилар ҳам "Ишонмаймиз-у, лекин шундай бўлса ҳам бир бориб қўяверайлик-чи, деб фолбинлар ҳузурига бораверадилар. Бу иш ҳам тўғри эмас. Мўмин киши барча шубҳали нарсалардан узоқда юриши лозим. Мисол учун, ароқ ичмаса ҳам, ичганларнинг олдида ўтириши мумкин эмас. Ўтирса, гуноҳ бўлади. Шунингдек, фолбинга ишонмаса, ҳам фолбиннинг олдига бориш нотўғри иш ҳисобланади. Имом Табароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг ҳузурига келсаю гапига ишонмаса, қирқ кунгача намози қабул бўлмайди", деганлар. Имом Табароний Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади", деганлар. Ҳақиқий мўмин киши учун қирқ кунлик эмас, бир вақтлик намозининг қабул бўлмаслиги ҳам чексиз мусибатдир. Ҳақиқий мўмин киши учун қирқ кунлик тавбаси эмас, бир онлик тавбасининг қабул бўлмай қолиши ҳам оғир мусийбатдир. Киши ишонмаса ҳам фолбинга боришининг шариатда таъкидланиши маълум ҳикматга эгадир. Аввало, фолбинга ишонмаган одам унга бориб нима қилади? Ахир, бу мантиқсиз тасарруф-ку?! Мўмин киши эса, бундай тасарруфларга лойиқ эмас. Иккинчидан, ким бир чуқурнинг атрофида айланаверса, бориб-бориб унга тушади. Шунингдек, фолбиннинг олдига борган шахснинг ҳам унга ишониб қолиш эҳтимоли кучаяди. Гуноҳга ботишнинг олдини олиш учун фолбинларга бутунлай урожаат қилмаслик буюрилган. Мазкур маънавий жиноятларни қилувчилар нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам нуқсонга учрайдилар. Бу ҳукмни ҳам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан оламиз. Имом Табароний Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки фол очса, қисмат хабарини талаб қилса ёки сафаридан фол орқали қайтса, ҳеч-ҳеч олий даражаларга эриша олмайди", дейдилар. Бу ҳадиснинг арабча матнидаги сўзларга бир оз изоҳ беришга тўғри келади. Ана шунда маъно тўлиқроқ чиқса ажаб эмас. Биз "қисмат хабарини талаб қилса", деб таржима қилган "истақсама" сўзи фол очишнинг бир турини билдиради. Бундай турдаги фол очувчилар жоҳилият даврида бутларнинг ҳузурида яшар эдилар. Уларнинг ўзига хос ҳаёт тарзи бўлиб, фолни ҳам бут ҳузурида очишар эдилар. Биров бориб фол очтириш учун пул ёки унинг ўрнини босадиган бирор нарса берса, фолбин камон ўқи солинган идишни олиб чиқиб фол очирувчига ўқлардан бирини тортишни буюрган. Агар:"Роббим менга амр қилди", деган ёзувли ўқ чиқса, кўзланган ишни қилиш мумкин бўлган. "Роббим мени қайтарди", деган ёзувли ўқ чиқса, у ишни қилишмаган. Ёзувсиз ўқ чиқса, қайтадан фол очишган. Демак, ҳамма ҳолатда ҳам фол орқали иш кўрганларнинг олий даражаларга ета олмаслиги таъкидланмоқда. Маълумки, шариатнинг ҳамма ҳукмлари беҳикмат эмас. Мен ушбу ҳадисни ажойиб ҳикматли ҳукмга шомил, деб ўйлайман. Уни мақсадга ношаръий йўллар билан эришмоқчи бўлганларни мақсадга ета олмайдиган қилиб жазолаш қоидасига биноан иш кўриш, деб тушунаман. Ислом шариатида ана шундай қоида бор. Мисол учун, бир меросхўр меросга тезроқ етиш мақсадида мерос қолдирувчининг ўлимига сабаб бўлса, у меросдан маҳрум қилинади. У сабр қилиб кутиб турганида меросдан ўз улушини олар эди. Аммо ундай қилмади, тезроқ молу мулкка эга бўлиш мақсадида ўзига мерос қолдирувчи шахснинг ўлимига сабаб бўлди. Шунинг учун унга қарши кўриладиган жазо чораларидан бири, айнан ушбу меросдан маҳрум қилишдир. Фолбинга мурожаат қилувчилар ҳам бирор яхшироқ нарсага эришиш ёки ёмонликнинг олдини олиш, қайтариш мақсадида бўладилар. Лекин бу ношаръий, ҳаром йўл. Шунинг учун ҳам улар мақсадларига ета олмаслик, олий даражаларга эриша олмаслик билан жазоланадилар. Шариат бўйича, бирор ишни қилмоқчи бўлган одам, аввало, яхши ўйлаши, ўрганиши, биладиганлар билан маслаҳат қилиши, шундан сўнг азм қилса, Аллоҳга таваккал қилиб ишни бошлаши кўрсатилган. Агар бирор ишни қилиш-қилмасликни танлай олмай ҳайрон бўлса, маслаҳатлардан сўнг ҳам азму қарорга кела олмаса, истихора қилади. Истихора дегани, ётишдан олдин таҳорат олиб, ният қилиб икки ракат намоз ўқишни англатади. Намоз охирида истихора дуоси ўқилади. Ётганда тушида бирон-бир ишора бўлади. Шунга қараб иш қилади. Шу тариқа фолбин билан битиришга ҳаракат қилинадиган ишларнинг ҳаммасини ҳал қилиш мумкин. Шариатга мувофиқ иш олиб борган одам олий даражаларга эришади. Шариатга хилоф иш қилганлар эса, икки дунёда ҳам олий даражага эриша олмайдилар. Мана, фолбинлик, сеҳргарлик ва мунажжимликнинг ҳукми ва уларга тегишли хулосалар билан танишиб чиқдик. Ислом дини бўйича бу ҳақда кўрсатилган таълимотлар билан танишдик. Энди эса, амал қилиш керак. Авваллари билмай бу ишларни қилганлар бўлса, тавба этсинлар. Бу ҳукмларни эшитмаган, билмаганлар бўлса эшиттириб, билдирсинлар. Бундай маънавий жиноятлардан қутулиш, чораларини кўрсинлар. Валлоҳу аълам.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.