Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Отанинг насиҳатлари

11:21 / 15.10.2015 | Muhriddin6336 | 2594

Ассалому алайкум! Ҳурматли ҳайъат аъзолари. Мен бу саволни бир дўстимнинг илтимосига биноан йўллаяпман. Ўзи ва ота-онаси намозхон, дўстим шу йил ўқишни битириб, ишга кирди. Ҳозирда ишлашига қарамай отаси ҳар куни “қачон одам бўласан, бир ишни яхши қилмайсан, намозингни ўқимайсан” деб ҳар куни койигани-койиган. Агарда бирор нима демоқчи бўлса, отаси уни эштишни ҳам истамайди, гапирган гапини эшитмай ура кетади. Саволим қуйидагича. Мен китобларда “ота ўз боласини ўлдиришга ҳам ҳаққи бор” деб ўқиганман. Лекин буюрилган ишларни жойида қилиб, айтганини қилиб юрса-ю, лекин отаси унинг гапини тингламай ҳадеб койиб уришиши тўғрими? Жавобингиз учун раҳмат. Аллоҳ ҳаммамизни раҳматига олган бўлсин. 


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! “Ота ўз боласини ўлдиришга ҳам ҳаққи бор” деган гап мутлақо нотўғри. Инсон ўз-ўзини ўлдиришга ҳам ҳаққи йўқ. Қоида : "Холиққа осий бўладиган ўринда, махлуққа итоат қилинмайди". Уларнинг берган озорлари сабабли уларни ҳурматини тарк қилиш, жиркиш, шариат доирасидаги хизматларидан бўйин товлаш жоиз эмас. Биз, Аллоҳ таолонинг “Марям” сураси 41-47-оятлари ва Устозимизнинг ушбу оятларга қилган тафсирларидан ўзингиз хулоса чиқариб оласиз деган умиддамиз.

 وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّهُ كَانَ صِدِّيقًا نَّبِيًّا
41. Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий бўлган эди.
Эй Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи васаллам, Қуръонда Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссасини зикр қил. У сиддиқ – ўзи ҳам, сўзи ҳам тўғри, шу билан бирга, набий – пайғамбар бўлган эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг сиддиқлик сифатлари «кўп тасдиқловчи» маъносини ҳам англатади.

 إِذْ قَالَ لِأَبِيهِ يَا أَبَتِ لِمَ تَعْبُدُ مَا لَا يَسْمَعُ وَلَا يُبْصِرُ وَلَا يُغْنِي عَنكَ شَيْئًا
42. Қачонки у отасига: «Эй отажон, нима учун эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда бермайдиган нарсага ибодат қиласан?

 يَا أَبَتِ إِنِّي قَدْ جَاءنِي مِنَ الْعِلْمِ مَا لَمْ يَأْتِكَ فَاتَّبِعْنِي أَهْدِكَ صِرَاطًا سَوِيًّا
43. Эй отажон, албатта, сенга келмаган илм менга келди. Бас, менга эргаш, сени тўғри йўлга бошлайман.

 يَا أَبَتِ لَا تَعْبُدِ الشَّيْطَانَ إِنَّ الشَّيْطَانَ كَانَ لِلرَّحْمَنِ عَصِيًّا
44. Эй отажон, шайтонга ибодат қилма. Албатта, шайтон Роҳманга осий бўлгандир.

 يَا أَبَتِ إِنِّي أَخَافُ أَن يَمَسَّكَ عَذَابٌ مِّنَ الرَّحْمَن فَتَكُونَ لِلشَّيْطَانِ وَلِيًّا
45. Эй отажон, албатта, мен сени Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман», – деган эди.
Ушбу тўрт ояти каримада «Анбиёлар отаси» лақабини олмиш зот, Аллоҳнинг улуғ пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз оталарини Аллоҳнинг ибодатига чақиришлари баён қилинмоқда. Иброҳим алайҳиссалом оталарини тўғри йўлга даъват этишдан олдин, ота нотўғри йўлда эканини савол йўсинида баён қилдилар.
«Эй отажон, нима учун эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда бермайдиган нарсага ибодат қиласан?»
Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмлари, шу жумладан, оталари ҳам ўзлари ясаб олган жонсиз бутларга ибодат қилишар эди. Табиийки, бутлар жонсиз бўлганлари учун ҳеч нарсани эшитмайдилар ва кўрмайдилар. Шу боисдан, ўзига ибодат қилаётган мушрикларни кўрмаслиги, уларнинг дуоларини эшитмаслиги табиий. Жонсиз, ҳиссиз нарса бировга на фойда, на зиён етказа олади. Иброҳим алайҳиссалом ушбу ҳақиқатни жўяли савол ила оталарига эслатдилар.
Аслида, инсоннинг ибодати унинг ўзидан кўра олий, олим ва қудратли зотга таважжуҳ этиш – юз тутиш ила бўлмоғи лозим. Ана шунда инсон ўз мақомидан чандон юқори мақомга юзланади. Инсоннинг ҳайвондан ҳам тубан, жонсиз бир нарсага юзланиши, ёлвориши, розилигини топишга уриниши, унга қурбонликлар келтириши ўз қадрини ерга уриш, ўзини жонсиз нарсалардан ҳам паст деб тан олишдир. Бу иш инсоният учун улуғ исноддир.
«Эй отажон, албатта, сенга келмаган илм менга келди».
Яъни «Менга, ваҳий йўли билан Худони таниш, сифатларини англаш, Унга қандай ибодат қилиш илми – сен билмаган илм келди».
Мулоҳаза қиладиган бўлсак, Иброҳим алайҳиссалом оталарига олий мақомдаги одоб билан мурожаат қилмоқдалар. «Сен кофирсан, мушриксан», каби оғир гапларни айтмаяптилар. Шунингдек, «Мен пайғамбарман, Аллоҳнинг халилиман», каби ўз шаънларини тавсифлаш ҳам йўқ. Балки «Бу гапларни ўзимча тўқиб эмас, менга келган илм асосида гапирмоқдаман», – демоқдалар.
«Бас, менга эргаш, сени тўғри йўлга бошлайман».
Чунки мен сен билмаган нарсани биламан.
Демак, дин-диёнат ишида ёши катта ёки ота-бола деган мулоҳаза бўлмас экан. Кичик ўзидан каттага, бола ўз отасига залолат йўлини тарк этиб, ҳидоят йўлида юришни англатиши зарур.
«Эй отажон, шайтонга ибодат қилма».
Яъни «Шайтоннинг айтганини қилма, унинг йўлига юрма. Бутга сиғиниш ҳам шайтоннинг иши. Бу ботил амалга шайтон бошлайди. Бинобарин, бутга ибодат қилиш шайтонга ибодат қилишдир.
«Албатта, шайтон Роҳманга осий бўлгандир».
Роҳманга осий бўлган шайтонга банда қандай ибодат қилиши мумкин? У ҳолда шайтондан ҳам тубан бўлиб қолади-ку?! Ҳа, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилмаганлар, фақат Унинг кўрсатмалари асосида яшамаганлар шайтондан ҳам баттардирлар.
«Эй отажон, албатта, мен сени Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман».
Яъни «Агар шу тарзда шайтонга эргашиб юраверсанг, албатта Роҳманнинг азобига дучор бўласан. Унда бир йўла шайтонга дўст бўлиб қоласан. Бу эса энг ёмон оқибатдир.
Иброҳим алайҳиссаломнинг лутф ила куйгунчаклик қилишлари отанинг тош қотган мушрик қалбига таъсир қилмади. Ўғлининг пурҳикмат гапларига қўполлик, дағаллик ва таҳдид ила жавоб берди:

 قَالَ أَرَاغِبٌ أَنتَ عَنْ آلِهَتِي يَا إِبْراهِيمُ لَئِن لَّمْ تَنتَهِ لَأَرْجُمَنَّكَ وَاهْجُرْنِي مَلِيًّا
46. У: «Эй Иброҳим, сен менинг олиҳаларимдан юз ўгирувчимисан?! Қасамки, агар тўхтамасанг, сени албатта тошбўрон қиламан! Мендан узоқ кет!» – деди.
Яъни «Эй Иброҳим, ҳали сен менинг худоларимдан юз ўгиряпсанми?! Уларга ибодат қилишдан бош тортяпсанми?! Билиб қўй! Қасам ичиб айтаманки, агар уларни таҳқирлашдан тўхтамасанг, сени ўлим кутади, албатта тошбўрон қиламан. Йўқол! Кўзимга кўринма! Мендан узоқ кет!» – деди.
Бундай қаттиқ таҳдиддан кейин ҳам Иброҳим алайҳиссалом жаҳл қилмадилар. Босиқлик билан гапларида давом этдилар.

 قَالَ سَلَامٌ عَلَيْكَ سَأَسْتَغْفِرُ لَكَ رَبِّي إِنَّهُ كَانَ بِي حَفِيًّا
47. У: «Омон бўл! Энди Роббимдан сени мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У менга жуда ҳам лутфу марҳаматлидир.
Яъни «Нима десанг ҳам майли, омон бўл. Сен билмай, жоҳиллик қиляпсан. Энди мен Роббимдан сенинг гуноҳингни кечиришини, гумроҳлигингнинг жазоси сифатида залолатда бардавом қолдирмасдан, ҳидоят йўлига ўтишинг учун имконият яратишини сўрайман. У Зот доимо менга марҳаматли бўлган. Қачон бир нарсани сўраб дуо қилсам, ижобат айлаган. Бу гал ҳам шундай бўлса, ажаб эмас.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat