Ассалому алайкум! Бир неча йиллик қазо намозларини Асрдан то Шомгача бўлган вақтда ўқиса бўладими? Бир одамдан сўрасам “ўша кунги қазо бўлса бўлади” деди. Лекин яқинда куннинг илк намози шом эканлиги ҳақида ўқиб қолдим. Олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Асрдан шомгача икки хил вақт бор. Бири тўлиқ вақт бўлиб, унда қазо намозларини ўқиш жоиз. Иккинчиси ноқис вақт бўлиб, унда қазо намозлар ўқилмайди. Тўлиқ вақт асрдан то қуёшнинг нури юмалоғининг ичига қайтгунча бўлган вақтдир. Шариатда уни “исфирорушшамс” яъни қуёш сарғайиб кўзни олмайдиган даражага келишига айтилади. “исфирорушшамс”дан то қуёш ботгунча бўлган вақт ноқис вақт бўлиб, у вақтда қазо намозларини ўқиса бўлмайди. Лекин жаноза, тиловат саждасини қилиш жоиз. Биз Шом намозини куннинг илк намози деб эмас, балки туннинг илк намози деганмиз. Валлоҳу аълам.