Ассаламу алайкум! Зикр аҳлидан сўранг ҳайъати аъзолари, қимматли вақтингизни аямай бераётган жавобларингиз учун катта раҳмат! Мен савол жавоблар орасидан “эмизикли онага фитр садақаси берилмаслиги”ни билдим. Савол. Эмизикли чақалоққа фитр садақаси бериладими? Агар она эмизишдан чиқса, унга ҳам фитр садақаси бериш керак бўладими? Жавобингиз учун раҳмат. Аллоҳ қилаётган хизматларингизни ажрини берсин.
Ва алайкум ассалом! Фақир, яъни нисобдан оз моли бор одамга. Мискин, яъни ҳеч нарсаси йўқ кишига.
Закот омилига амали миқдорича берилади.
Мукотабга бўйнини озод қилиши учун ёрдам берилади.
Қарзидан ортиб қолган моли нисобга етмайдиган қарздорга берилади.
Аллоҳнинг йўлида, яъни Абу Юсуфнинг наздида ғозийларнинг фақирларига ва Муҳаммаднинг наздида ҳожиларнинг фақирларига берилади.
Ва ибн сабийлга, яъни моли бор-у, лекин ўзи билан бўлмаган (мусофир) шахсга берилади.
Бас, закотни барча синфларга ёки баъзисига мулк қилиб берилади. Орасида туғиш ва эр-хотинлик алоқаси борларга, ўзининг қулига, бир қисмини озод қилган қулига, бойга, унинг қулига ва кичик ёшдаги боласига, Бану Ҳошимга, уларнинг мавлоларига ва зиммийга эмас. Унга (зиммийга) закотдан бошқасини берса бўлади. (“Кифоя” китобидан)
Эмизикли она юқорида зикр қилинган берилмайдиганлар сафига кирса, берилмайди. Чақалоғига ҳам берилмайди. Агар чақалоқ бойнинг боласи бўлса унга ҳам берилмайди. Бойдан мурод нисобга етадиган маблағи бор одам. Агар камбағалнинг чақалоғи бўлса берилади. Валлоҳу аълам.