Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ширк хакида

00:00 / 26.02.2009 | eski savollar | 14465

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМОламларнинг Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.Саййиди коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога саловоту саломлар бўлсин.Саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин.Ислом уламоларига ва машойихларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.Хурматли Устоз, узингизга маълум ширк гунохи Аллох таоло кечирмайдиган ягона гунох. Аллох таолонинг Узи ширкдан барчамизга панох берсин. Амийн. Хурматли Устоз, ширк гунохи хакида кенгрок маълумот берсангиз. Ширкдан эхтиёт булиш йулларини хам ургатсангиз. Аллох таоло Сиздан рози булсин. Амийн.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

ШИРК

Хар бир мўмин-мусулмон банда хазир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларининг бири ширкдир.
«Ширк» сўзи луғатда тенгдошлик ёки ёлғизликнинг хилофини билдиради.
Ширкнинг моҳияти Аллох Ўзининг олий зотига хос қилган хамда бандаликка шиор қилган сифат ва амалларни бошқа махлуқни рози қилиш учун, унга нисбат беришдир. Мисол учун, ўша махлуққа сажда қилиши, унга атаб жонлиқ сўйиши, назр қилиши, қийинчиликка учраганда ёрдам сўраши ва уни хар жойда хозуру нозир, деб эътиқод қилиши ҳамда тасарруф қудрати бор, деб ўйлашдир. Буларнинг хаммаси ширкдир. (ал-Акийда ал-Исломия ас-Сунния» 85 -бет. Абул Хасан Али ан-Надавий). Имом Валиюллох Дехлавий наздида, ширкнинг моҳияти инсоннинг баъзи улуғлаштирилган одамлардан содир бўлган ажойиб ишларни унинг камолот сифатларига эга бўлгани учун содир бўлди. Чунки, бу нарса башар жинсидан содир бўлиши мумкин эмас эди. Балки, Аллоҳга хос эди. Бу хусусият “Аллоҳдан бошқада йўқ бўлиб, фано бўлур, фақат Аллоҳнинггина зоти қолур», деб эътиқод қилишидир. Ёки шунга ўхшаш хурофотлардан иборатдир.
Ширк Аллох таолога хос бўлган сифатларни Ундан ўзгага собит қилишдир. Мисоли, оламда «Бўл!» дейиш билан бўладиган ирода ила тасарруф қилиш, хис қилиш аъзолари билан касб қилинмаган зотий илмга эга бўлиш, ақл, вахий, илхом ва шунга ўхшашлар. Ёки беморга шифо бериш, бировни лаънатлаш, ундан рози бўлмаса бемор, фақир, бадбахт бўлиб қолишини, бировга рахматини кўрсатса, ўша рахмат туфайли бой, соғ, бахтиёр бўлиб қолиши мумкин, деб эътикод қилишдир.

ШИРКНИНГ ШАРЪИЙ ТУШУНЧАСИ 

Билинки, ширкнинг юқоридаги уч таърифи унинг хақиқий шаръий баёни эмас. Балки улар ширкка келтирилган мисоллардир. Чунки ширк фақат Аллоҳ таолога хос бўлган сифат ва ишларидагина бўлмайди. Балки Аллоҳ таолонинг зотида хам бўлади. Гохида сифатларида, гохида исмларида, гохида ишларида, гохида хукмларида бўлади. Бунга тавхиднинг таърифида ишора қилган эдик. Ширкнинг шаръий тушунчаси – махлуқни Роббил оламийнга беш ишдан бирида тенглаштиришдир. Яъни, Аллоҳнинг зотида, сифатларида, исмларида, ишларида ва хукмларида шериги бор, деб эътиқод қилишдир. Аллоҳ таборака ва таоло «Шуаро» сурасида мушрикларнинг қиёмат куни қиладиган эътирофлари хақида хикоя қилиб, шундай дейди: «Аллоҳга касамки, биз очик-ойдин залолатда бўлган эканмиз. Чунки сизларни Роббил оламийнга тенглаштирар эдик» (“Нахл” сураси, 97–98-оятлар). Демак, мазкур беш ишдан қай бирида бўлса хам, бошқани Роббил оламийнгга тенглаштириш ширк ҳисобланади. (Муфтий Аъзамнинг «Маоруфил Куръон» китобидан).

ШИРКНИНГ ТАНИЛГАН ТУРЛАРИ 

1. Ибодатда ширк келтириш. Куръон каримда: «Ким Роббига рўбарў бўлишни умид қилса, солих амал қилсин ва Роббининг ибодатида бировни шерик қилмасин», дейилган (“Кахф” сураси, 110-оят). Оятнинг далолат қилишича, ширк келтириш барча солих амалларда, жумладан, сажда, тавоф, назр, рўза, хаж, нафақа, садақа каби барча жисмоний, молявий ва каломий ибодатларда бўлади. Ибодатда ширк келтиришдан қайтариш жами анбиёлар даъватининг асоси ва самовий шариатларнинг мағизидир. Ҳар бир набий ва хар бир расул ўз қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илох йўқ», дегандир (“Аъроф” сураси, 59-оят)
2. Дуода ширк келтириш. Қуръон каримда шундай дейилган: «Сен: «Мен факатгина Роббимга дуо қиламан. Унга бировни шерик қилмайман», деб айт» (Жин сураси, 20-оят). «Албатта, масжидлар Аллоҳ учундир. Аллоҳ билан бирга бошқа бировга дуо қилманглар» (Жин сураси, 18-оят).
«Улар, Бизнинг Роббимиз осмонлару ернинг Роббидир. Харгиз Ундан ўзга илохга дуо қилмасмиз. Гар шундоқ қилган бўлсак, нотўғрини айтган бўламиз, дедилар» (Кахф сураси, 14-оят). «Балки, Унгагина дуо қилурсиз. Бас, У дуо қилган нарсангизни кашф қилур» (Анъом сураси, 41-оят). Имом Валиюллох Дехлавий айтади: “Дуодан мурод тафсирчилар айтгандек, ибодат эмас, балки ёрдам сўрашдир. Чунки Аллоҳ Қуръони каримда: «Балки, Унгагина дуо қилурсиз. Бас, У дуо қилган нарсанигзини кашф қилур», демокда (Анъом сураси, 41-оят). («Хужжатуллохи Болига» 1-129). Бандаларнинг тоқатидан ташқари нарсаларда, оддий сабаблардан устун нарсаларда Аллоҳдан бошқадан нусрат ва ёрдам сўраб дуо қилиши ширк бўлиб, бу иш инсонни тавхид сохасидан чиқариб, куфр доирасига киритади.
3. Роббликда ширк келтириш Қуръони каримда: «Ва Роббимизга бировни ширк келтирмаймиз», дейилган (Жин сураси, 2-оят). Аллоҳ таолога хотин ёки болани исбот қилганлар Парвардигорга ширк келтирганлардир. Шунингдек, «Аллоҳдан бошқани бандалар қудратида бўлмаган нарсани беради», деб эътиқод қилиш ҳам Роббликда ширк келтириш ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг рубубиятида ширк келтириш ибодат ва улухиятда хам ширк келтиришга олиб боради. Аввал хам айтилганидек, Роббиликдаги тавхид улухиятдаги тавхидга далилдир.

4. Хукмда ширк келтириш. Қуръон каримда: «Улар учун Ундан ўзга валий йўқ ва У Ўз хукмига бировни шерик қилмас», дейилган (“Кахф” сураси, 26-оят). Яъни, оятда хақларида сўз юритилаётган Кахф (ғор) эгалари учун хам, улардан бошқалар учун хам Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган валий-дўст йўқ ва улар хақида хохлаган хукмини қиладиган хоким йўқ. Бас, Аллоҳ таоло уларга ишларида тўғриликни мухайё қилиб қўйди. Уларга Ўз хузуридан рахматни берди ва қулоқларини бир неча йилгача эшитмайдиган қилиб қўйди. Аллоҳ уларнинг қалбини махкам боғлаб, хидоятларини зиёда қилди ва Ўз рахматини сочиб қўйди. Уларга ишларида юмшоқликни мухайё қилди. Уларга уйқуларида хам манфаат оладиган нарсани тайёрлаб берди. Аллоҳ таоло уларни ўнгга, чапга ағдариб турар эди. Уларга қуёшни хизматкор қилиб қўйди. Қуёш ғорнинг ўнг ва чап томонидан айланиб ўтар эди. Сўнгра Аллоҳ уларни уйқуларидан уйғотди. Аллоҳнинг ваъдаси хак эканини ва Қиёмат соати келишида шубха йўқлигини билдириш учун одамларни уларнинг холидан хабардор қилди. Улар Аллоҳ таолонинг хукмларига ва уларга берган ёрдамига бировни шерик қилмади. Албатта, Аллоҳ таоло Ўз хукмларида бировни шерик қилмас: «Хукм фақат Аллоҳникидир. У факат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр қилди» (“Юсуф” сураси, 40-оят). Демак, хукмдорлик хам, ибодат хам холис Аллоҳнинг Ўзига бўлмоғи, бошқага ибодат қилинмаслиги тўғри дин саналади.
5. Мулк ва султондаги ширк келтириш. Қуръон каримда: «Сен, «Бола тутмаган ва Мулкда Унинг шериги бўлмаган Аллоҳга хамд бўлсин», дегин», дейилган (Бани Исроил сураси, 111-оят). Бу оятда Аллоҳ таоло пайғамбарига бирон бир махлукотга ўхшамаган ва султонлигида хеч бир шериги бўлмаган Аллоҳга хамд айтишга амр қилмоқда. У борликдаги нарсаларнинг молики – эгасидир. Чунки мулк Унинг қўлидадир. У зот хар бир нарсага қодирдир. Хамма нарсаларнинг эгалиги Унинг қўлидадир. Осмонлару ернинг мулки хам Унга хосдир. «Сен: «Аллоҳдан ўзга ўзингиз гумон қилганларингизга дуо қилинг. Улар осмонларда хам, ерда хам зарра миқдорича нарсага эга эмаслар. Уларнинг бу икковида шериклари йўқ ва У зотга улардан ёрдамчи хам йўқ», деб айтгин» (Сабаъ сураси, 22-оят). Яъни, Сиз валийлар – дўсту ёрдамчилар, деб гумон қилиб, Аллоҳга шерик қилаётган, ҳожатингиз тушганда илтижо қилаётган «худо»ларингизнинг зарра миқдорича хам мустақил эгалиги йўқдир. Улар бу нарсаларда шерик хам эмаслар. Аллоҳга бирор нарсада ёрдам хам бера олмайдилар. Нима учун уларга илтижо қиласизлар ва нима учун уларга ибодат қиласизлар?! «Ана ўша Аллоҳ сизнинг Роббингиздир: мулк Уникидир. Ундан ўзга илтижо қилаётганларингиз китмирга хам эга эмаслар» (Фотир сураси, 13-оят). «Китмир» – хурмо донагини ўраб турувчи юпқа парда. Ушбу оятдан олдин Аллоҳ таоло кеча-кундузнинг низоми, қуёш ва ойнинг низоми хамда уларнинг жараёни ўз қўлида эканини исбот қилган эди. Сўнгра эса: «Ана ўша Аллоҳ, сизнинг Роббингиздир. Мулк Уникидир» (Фотир сураси, 13-оят). Агар мулк Унинг махлукларидан бирортасида бўлганида, кечаю кундузнинг низоми хозирги холидан бошқача бўлар эди. Куёш ва ойнинг харакати хам, уларнинг чиқиши ва ботиши хам маълум ва машхур тарийқасидан бошқача бўлар эди. Қуръон услубининг гўзаллиги ва унинг баёнининг мўъжизакорлигидан, аввало, мулкда шерикликнинг йўқлигини Бани Исроил сурасида зикр этиб, иккинчидан хукмда ширк келтиришни Кахф сурасида нафий-манфий этишлиги ва Кахф сураси охирида эса ибодатда шерикликнинг йўқлигини зикр қилишдир. Чунки, ибодат ва бўйин эгиш хукмдан кейин бўлади. Хукм эса, хоким мулкка ва хукмга эга бўлганидан кейингина ижро этилади. Бунга тасарруфдаги ширк хам киради. Чунки тасарруф хам мулкдан кейин имкони бўладиган нарсадир.
6. Халқ – яратишдаги ширк келтириш. Қуръон каримда шундай дейилган: «Сен: «Менга Аллоҳдан ўзга илтижо қиладиган шерикларингизнинг хабарини берингчи, менга кўрсатинг-чи, улар ерда нимани яратдилар? Ёки осмонларда уларнинг шериклиги борми?» деб айтгин» (Фотир сураси, 40-оят). «Сен: «Менга Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётганларингизнинг хабарини берингчи! Менга кўрсатинг-чи, улар ерда нимани яратдилар? Ёки осмонларда уларнинг шериклиги борми?! деб айтгин» (Ахкоф сураси, 4-оят). Бу икки оятда мушрикларга қўрқитиш ва дўқ уриш йўли билан: «Аллоҳдан бошка дуо ила илтижо қилаётган олиха-худоларингизда халқ қилувчилик-яратувчилик сифати топиладими? Ёки уларнинг Аллоҳ билан бирга осмонларни яратишда шериклик қилганлари борми? Яъни, ўзлари мустақил равишда ёки Аллоҳ билан шерикликда бирор нарса яратганларми? Йўқ, алабатта», дейилмокда. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётганларингиз хаммалари тўплансаларда харгиз бир пашша хам ярата олмайдилар» (Хаж сураси, 72-оят). «Ёки Аллоҳга Унинг халқига ўхшаш халқ яратган шериклар қилдиларми?!» Уларга халқ – яратиш ўхшаш туюлибди. Сен: «Аллоҳ хар бир нарсанинг яратувчисидир. У зот ягона ва ўта қахрлидир», деб айт» (Раъд сураси, 16-оят).
7. Итоатда ширк келтириш. Қуръони каримда: «Агар уларга итоат қилсангиз, албатта сиз мушриклардирсиз», дейилган (Анъом сураси, 121-оят). Бас, Аллоҳ таоло итоатига муқобил равишда Аллоҳдан ўзгага итоат қилиш ширкдир. Шунинг учун хам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Холиқққа маъсият қилишда махлуққа итоат йўқ», деганлар (Бухорий).
8. Ташриъдаги ширк келтириш. Қуръон каримда: «Ёки уларнинг шерик (худо)лари бору, уларга динда Аллоҳ изн бермаган нарсани шариат – қонун-қилиб бердиларми?» дейилган (Шуро сураси, 21-оят).
Бас, савоб умидида ёки гунох кўркинчида, адо этмоқ ёки тарк этмоқ учун хар бир янги чиқарилган, ихтиро қилинган иш, унга Қуръон ва Суннатдан далил бўлмаса, ташриъ – қонунчилик бобида ширк келтириш бўлади.

ШИРК ОКИБАТИНИНГ ОФИРЛИГИ 

Ширкнинг оқибати накадар оғирлигини англаб етиш учун ушбу оятларни эслашнинг ўзи кифоя:
1. «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтиришни мағфират қилмайди. Ундан бошқани кимни хохласа, мағфират қилади» («Нисо» сураси, 48-оят).
2. «Албатта, ким Аллоҳга ширк келтирса, батахқиқ, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилди. Унинг жойи дўзахдир. Золимларга ёрдам берувчилар йўқдир» («Моида», сураси, 72-оят).
3. Аллоҳ солих банда Луқмон тилидан: «Эй ўгилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин. Албатта, ширк катта зулмдир», деган («Лукмон» сураси, 13-оят).
4. «Албатта, мушриклар нажасдирлар. Бас, ушбу йилларидан кейин Масжидул харомга яқин келмасинлар» («Тавба» сураси, 28-оят). Шунга биноан мушрик оламдаги энг разил одамдир.
5. «Агар ширк келтирсанг, амалинг хабата бўлар (бекор кетар). Ва, албатта, зиёнкорлардан бўлурсан» («Зумар» сураси, 65-оят). Шунга биноан, ширк хеч кимдан кечирилмас гунохдир.

КУФР ВА ШИРК ЎРТАСИДАГИ ФАРК 

Биринчидан, кофирлик диндаги зарурий нарсалардан бирини инкор қилиш билан бўлади. Бошкача қилиб айтганда, иймон келтириш вожиб бўлган хар бир нарсани инкор қилиш билан бўлади. Мушрик диндаги зарурий нарсалардан бирортасини инкор қилмаслиги мумкин. Лекин Аллоҳ таолога хос сифатлардан бирида, Унинг хукмларида, исмларида ёки ишларида ширк келтириши мумкин. Иккинчидан, куфр ўзининг барча турлари билан иймонга зид бўлиб, у билан жам бўла олмайди. Ширк эса, гохида иймон билан жам бўлиши мумкин. Ёки бошкача қилиб айтадиган бўлсак, хар бир ширк хам куфр эмас. Бунга кичик ширк ва махфий ширк мисолдир. Имом Ахмад ўзининг Муснад китобида куйидаги хадисни ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг сиз учун энг хавф қилган нарсам кичик ширкдир», дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули, кичик ширк нима?» дейишди. «У риёдир», дедилар у зот». Шунингдек, бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Аллоҳ хохласа ва сиз хохласангиз», деганида, у зот алайхиссалом: «Нима, мени Аллоҳга тенг қилдингми?! Аллоҳнинг ёлгиз Ўзи хохласа, дегин», деганлар. Имом Ахмад ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан бошка ила касам ичса, батахкик, ширк келтирибди», деганлар. Ахмад вва Термизий ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар, ушбу ширкдан сакланинглар, чунки, у чумолининг ўрмалашидан хам махфийрокдир», деганларида, у зотга: «Эй Аллоҳнинг расули, агар у чумолининг ўрмалашидан хам махфийрок бўлса, кандок қилиб ундан сакланамиз?» дейилди. Шунда у зот: «Эй бор Худоё, биз Сенинг Ўзингдан билган нарсамизни сенга ширк келтиришимиздан панох сўраймиз, билмаганимизга истигфор айтамиз», денглар, деб жавоб берганлар. Имом Ахмад ривоят қилган. Ушбу зикр қилинган нарсаларни қилувчи, муртад ёки кофир бўлгани хакида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан хукм чикмади. Шунингдек, шаходат калимасини кайтариш ёки иймонини янгилаш хакида амр хам бўлмади. Шунга ўхшаш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан ўзга билан касам ичган одамни муртад ёки иймондан чикувчи мушрик бўлгани хакида хукм қилмаганлар. Хаттоки, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан Исломнинг арконлари хакида сўраган аъробий хакида: «Отасига қасамки, агар рост гапирган бўлса, нажот топди», деганлар (Бухорий). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша аъробийнинг отаси билан касам ичганлар. Агар бу хақийқий ширк бўлса, хеч қачон бу хилда қасам ичмас эдилар. Шунингдек, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина сахобаларнинг исмларини ўзгартирганлар. Лекин ўша исм эгаларининг ширки ёки куфри хақида хукм чиқармаганлар. Балки, ширк гумони бўлгани учун ўша исмларга ўхшаш исмларни ман қилганлар. Ушбуларнинг барчаси ширкнинг баъзи турлари, катта гунох бўлса хам куфр эмаслигига далилдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлар хақида шиддатли гапларни айтганлари эса, ширк ва жохилиятга сабаб бўладиган йўлларни тўсиш, Ислом ва тавхиднинг таъсирини кўтариш учун бўлган. (Жазоирий, «Ақидатул мўмин» 105-106).


Топ рейтинг www.uz Openstat