Ассаламу алайкум! “Воқиъа” сураси ҳақида келган ҳадисда айтилишича “ким ҳар кеча уни тиловат қилса, унга камбағаллик етмас” экан. Маълумки, амаллар ниятга қараб бўлади. Киши “Воқиъа” сурасини “камбағаллик етмасин” деб ёдласа ва уни ҳар кеча ўқиса, унга камбағаллик етмайди. Энди нияти фақат камбағал бўлмаслик учун ёдлаган экан, унга бирорта ҳам савоб тегмайди шундайми? Яъни қиёматда ҳар кеча бу сурани ўқиганлик савобини кутмаса ҳам бўлар эканда?
Ва алайкум ассалом! 3694. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, жаннатда бир дарахт бордир. Отлиқ унинг соясида юз йил юрса ҳам, ўта олмайди. Агар истасангиз, «Ва ёйилган соялардадирлар» оятини қироат қилинг», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу ривоятда Воқиъа сурасидаги бир оятнинг маъноси ойдинлаштирилмоқда. 3695. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг «Кўтарилган кўрпачалардадирлар» деган қавли ҳақида: «Уларнинг баландлиги – осмон билан ерча. Иккисининг ораси эса, беш юз минг йиллик йўлдир», дедилар». Шарҳ: Бу ривоятда ҳам Воқиъа сурасидаги бир оятнинг маъноси ойдинлаштирилмоқда. 3696. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят ҳилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, Биз у (ҳур)ларни дафъатан, хос қилиб яратдик» ояти ҳақида: «Дунёдаги қари, кўзи хира ва шилпиқлардан яратдик», дедилар». Иккисини Термизий ривоят ыилган. Шарҳ: Бу дунёдаги қари, кўзи хира ва шилпиқ аёллардан Аллоҳ таоло охиратда ушбу оятда зикр қилинганларни яратади, экан. Аллоҳ таоло: «Орангиздаги ўлимни Биз белгилаганмиз ва Биз ожиз эмасмиз. Сизнинг ўрнингизга сизга ўхшашларни алмаштиришдан ва сизларни ўзингиз билмайдиган ҳолда яратишдан», деган (60-61-оят). Шарҳ: Ўлим ўзи нима? Қаердан келади? Ким уни бошқаради? Шу каби саволларга «Фақат Аллоҳ», деб жавоб беришдан ўзга чора йўқ. Аллоҳ агар хоҳласа, ҳозирги инсониятнинг ҳаммасини бирданига йўқотиб, ўрнига бошқа тоат-ибодатлиларини яратиб олиш қудратига эга. Аллоҳ таоло истаса, ҳозирги инсонларни ўзларининг ҳаёлларига ҳам келмаган шаклда, бошқача ҳолда яратиши ҳам мумкин. Унга бунинг ҳеч қийин жойи йўқ. Чунки, йўқдан бор қилган Аллоҳ таолога борни бошқача ҳолда яратиш, ўзгартириш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Йўқдан бор қилиш қандай бўлишининг баёни эса, юқоридаги оятларда келди, буни ҳамма билди. 3697. Абу Бакр розияллоъу анъу: «Ё Аллоҳнинг Расули, сочингизга оқ тушибди?» деди. «Ҳуд», «Воқиъа», «Вал Мурсалот», «Амма йатасаалун» ва «Изаш-шамсу куввирот»лар сочимга оқ туширди», дедилар у зот». 3698. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ва ёлғонга чиқаришни ризқ қилиб оласизларми?!» (Аллоҳга бўлган) шукрингизни, деди. Фалон, фалон бурж ила, бу, бу юлдуз ила бизга ёмғир ёғди, дейсизлар?» дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: Аслида бандалар ёмғир ёғдирган Аллоҳ таолога шукр қилишлари керак. Аммо улар бунинг ўрнига «Фалон, фалон бурж ила, бу, бу юлдуз ила бизга ёмғир ёғди», дея ёлғонга чиқарадилар. 3699. Муслимнинг лафзи: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида одамларга ёмғир ёғди. Бас, у зот: «Одамларнинг баъзилари шокир, баъзилари кофир бўлиб тонг оттирдилар. «Бу Аллоҳнинг раҳматидир», дедилар шокирлар. Баъзилар «Албатта, бу ва бу бурж тасдиқ қилди», деди», дедилар. Шунда «Юлдузларнинг манзиллари билан қасам ичаман»дан «ёлғонга чиқарурсизлар»гача оят нозил бўлди». Шарҳ: Бу ривоятда унда зикр қилинган оятнинг нозил бўлиш сабаби баён қилинмоқда. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам.