Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қабр тошидаги марҳумнинг расми ҳақида

14:25 / 23.05.2015 | Shamsiddin Meylikov | 5152

Ассаламу алйкум! Ёлғиз Ўзига ибодат қилишга буюрган Аллоҳга ҳамд, бу йўлда намуна ва йўлчи юлдуз бўлган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот, мусаффо Ислом ақидасини тарғиб қилган уламолар, хусусан, узтоз Ҳазратларига Аллоҳдан раҳмат ва мағфират сўраган ҳолда мурожаат қилишга изн бергайсизлар. Мени қабр тошида марҳумнинг расмини тасвирланиши ажаблантиради. Ҳозирда қабристонлардаги қабр тошига марҳумнинг расми тасвирланган ҳолатларга кўзимиз тушади. Бу нарса ҳатто қишлоқ қабристонларида ҳам кўзга ташланмоқда. Олдинлари марҳумнинг расмини фақат марҳумнинг хонадонида кўринадиган жойга осиб қўйилар эди, энди бу одат қабристонга кўчаяпти. Бу билмаган ҳолда насронийларга ва ғарбга тақлид қилишмикин? Бу кетишда билмаган ҳолда ақидага футур етиши мумкинми? Бунга шариатнинг муносабати ҳақида маълумот берсангиз. Излаш бўлимидан фақат қабр тоши ҳақида маълумот олдим. Олдиндан ташаккур!


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Афсуски бу каби ғарбга тақлид қилиш ҳамма нарсада жумладан кийиниш, саломлашиш, муомала, савдо-сотиқ ва ҳоказоларда бўлиб кетди. Ҳатто дафн ва тўй маросимларимизда ҳам. Гўёки “тараққиёт шу нарсаларга тақлид қилишда” деб ўйланиб қолинди. Бундай кўр-кўрона тақлид қилишдан сақланиб, қуйидаги ҳадисдаги ҳолатга тушиб қолмаслик керак. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ;

Абу Довуд ва Табароний қилган ривоятда:

«Ким бир қавмга тақлид қилса, у ўшалардандир», дейилган.

Шарҳ: Ўз қавми, ўз дини ва урф-одати туриб, бошқаларнинг турмуш тарзини, кийиниш ва ҳаётдаги бошқа нарсаларини устун қўйиб, жон-жаҳди билан уларга ўхшашга ҳаракат қилиш одамга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ўша одам «ҳар кимга ниятига яраша» қоидасига биноан ўзи тақлид қилган қавмдан бўлади. Кофирларга ўхшашни орзу қилиб уринган бўлса, кофирлардан бўлади. Фожирларга ўхшашга ҳаракат қилган бўлса, фожир бўлади ва ҳоказо...

Ислом уммати Аллоҳ таоло юборган таълимотларнинг энг мукаммалига, ҳар бир замон ва ҳар бир маконга муносиб таълимотга раво кўрилган умматдир. Аллоҳ таоло бу умматни бошқа барча умматлар устидан шоҳид қилиб қўйгандир. Аллоҳ таоло бу умматга ҳар бир нарсада ўзига хосликни бериб қўйгандир. Шунинг учун ҳам бу умматга ўзидан бошқаларга ўхшашга ҳаракат қилиш, ўзига Аллоҳ таоло осмондан тушириб берган нарсани қўйиб, бошқа миллатлар ердан чиқарган нарсаларга ҳавас қилиш мутлақо тўғри келмайди.

Ушбу ривоятнинг «Либос китоби»да келиши ҳам бежиз эмас. Кўриб турибмизки, бунда фақат кийим ҳақида эмас, балки умуман ташқи қиёфани қандай тутиш кераклиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда. Соқол-мўйлабни қандай қўйишдан тортиб ҳаром тукларни қиришгача, улама сочдан тортиб, тирноқни олишгача сўз юритилмоқда. Демак, ташқи қиёфа маданиятида ҳам ҳар ким ўзлигини унутмаслиги керак. Эркак киши эркаклигини, аёл киши аёллигини. Мусулмон мусулмонлигини.

Эркаклар аёлларни бошқалардан ажратиб турадиган, уларнинг аёллигини билдирувчи белги, аломат бўлган кийимларни киймаслиги, аёлларга хос бўлган ташқи қиёфа маданиятини ўзига раво кўрмаслиги керак.

Худди шунингдек, мусулмонлар бошқа миллатларга хос бўлган, уларни мусулмонлардан ажратиб турадиган нарсаларда уларга тақлид қилмасликлари лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).

Ҳолбуки ғарбнинг тараққиёти Аллома Иқбол айтганларидек: Кийимни ечиб юбориш, мусиқаларга берилиш, аёллар устидан пул топиш туфайли эмас. Балки уларнинг тараққиёти ўзлари билмаган ҳолда динимизнинг тарғиботларига амал қилиш туфайлидир. Масалан динимиз илм ўрганишга тарғиб қилди, улар бунга амал қилишди. Савдо-сотиқда пухта ва ростгўй бўлишга чақирди, улар амал қилди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таоло ўзини ишини пухта қилувчиларни севади” деганлар. Қаерга бормайлик фалон европалик ўз ишини яхши билади, маҳсулотлари сифатли, фалон корхона маҳсулотидан уриб қолмайди – деган гаплар юради. Уларнинг тараққиёти динимиз кўрсатмаларига ўзлари билмаган ҳолда амал қилишаётганидадир. Бунга тарих ҳам гувоҳ. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat