Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Исмоил Муҳаммад Юсуф жанобларига

17:39 / 17.04.2015 | Abu@Abdulloh | 3426

Ассаламу Алайкум Исмоил Муҳаммад Юсуф жаноблари! Бир ноҳуш нарсадан дилим ҳуфтон бўлади. Қачон Олмазордаги ёки Чорсудаги китоб дўконига бормай, у ерда Чорсудаги китобфурушларни кўраман. Мен бунга қарши эмасман. Лекин бу нарса мен каби оддий китобхонларнинг зарарига бўлмаслиги лозим. Мана бир ойдан ошдики мен Ҳазратнинг янги китобларини ушбу дўконлардан сотиб ололмаяпман. Қачон бормай ёки қўнғироқ қилмай “китоблар тугади” деган жавобни оламан. Чорсуда эса, солиштириш учун “Соғлом бола” китобини “китоб сотувчи ошналари”дан 6000 сўмдан пластик карточкага сотиб олган “Чорсулик уддбурон”лар 15000 сўмдан нақд пулга сотишмоқда. Дўконларингиздаги “китоб сотувчилари”ни тартибга чақириб қўйсангиз. Маърифат ҳазинасини “олиб сотарлик тижорати”га айлантиришмасин. Улгуржи китобларни харид қилувчиларга чекловлар қўйилса ёки улар учун алоҳида сотув шаҳобчалари ташкил қилинса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Токи мен каби оддий китобхонларга зулм бўлмасин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ! Савол ва танбеҳингиз учун ташаккур. Сиз зикр қилган Тошкентдаги икки дўкон ва ундан ташқари республикамизда ишлаб турган яна еттита дўконларимизни ташкил қилишдан асосий мақсад, сиз айтган “китобфурушлар”нинг олиб-сотарлик фаолиятлари ва баъзи ҳолларда ҳаддан ташқари қиммат нархларни тартибга солиш эди. Бу мақсад анча амалга ҳам ошди, Аллоҳга шукр. Лекин афсуски, баъзи ҳолатларнинг муолажаси тўлиқ амалга ошмади. Хусусан, бизнинг дўконларда баъзи китобларнинг камайиб кетиши ёки тугаб қолиш ҳолатида нархларни қимматлаб кетишининг олдини олишга муваффақ бўлинмади. Тажриба шуни кўрсатаяпдики, бу муаммонинг бирдан-бир ечими дўконларимизда китобнинг етарли миқдорда бўлиши экан. Китобларни доимий сотувда, етарли миқдорда бўлиши эса бизнинг иродамиздан ташқари бўлиб, расмий талабларга боғлиқдир. Энди Сиз кўтарган иккинчи масалага, яъни Ҳазратнинг янги китобларига келсак, уларнинг сотувга чиқиши ҳам ўша талаблар билан боғлиқ бўлиб, ўтган душанба куни, 13-апрелдагина чекланган миқдордаги китоблар дўконларга чиқарилди. Шунинг учун сиз мурожаат қилган муддатда улар сотувда бўлмаган. Афсуски, миқдорнинг чекланганлиги, янги китоблар узоқ муддат кутилгани ва Ҳазратимнинг вафотлари китобларнинг тезда сотилиб кетишига сабаб бўлди. Бу китоблар дўконларимизда ҳар бир харидорга икки нусхадан ортиқ берилмаса ҳам, деярли икки-уч кунда тугади. Шунингдек, бу китоблар дўконимизнинг республикадаги филиалларига ҳам тақсимлаб берилган. Водий ва Самарқанддаги дўконларда янги китоблар ҳозирча бор. Дўкон ходимларини тартибга чақириш масаласига келсак, Аллоҳ ҳохласа, албатта тартибга чақирамиз. Сиз юқорида зикр қилинган ҳолатни билмаганингиз учун шу фикрга келган бўлсангиз керак деб ўйлайман. Ҳар ҳолда, мулоҳазангиз учун яна бир бор ташаккур. Дуоларингиздан умидвормиз! Аллоҳ барчамизни Ўз ҳидоятида бардавом қилсин, зулмдан асрасин! Исмоил Муҳаммад Содиқ

Топ рейтинг www.uz Openstat