Ассаламу алайкум! Илмларингиз зиёда бўлсин. Операция сабабли 6 кун намоз ўқий олмадим. 6 кунлик қазо қилган намозимни фақат фарзларини ўқийманми? Бомдод намозиничи? Жавоб учун раҳмат.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Кимга намоз фарз бўлса-ю, уни вақтида адо этмаса, қазосини ўқиши лозим бўлади. Намозни қасдан тарк қилгани учун қаттиқ гуноҳкор бўлади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир. «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган. Муслимнинг ривоятида: «Қачон бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаганда ўқиб олсин. Зеро, Аллоҳ: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», дейди», дейилган». Биринчи ривоятда оятдан далил сифатида иқтибос келтириб, унинг оятлиги ҳақида тўхталинмагани унинг оятлиги маълум ва машҳур бўлгани ва гапни қисқа қилиш эътиборидандир. Имом Муслимнинг ривоятида эса иқтибоснинг оятдан эканлиги очиқ-ойдин айтилмоқда. Ушбу ъадисда намозни унутган ёки ухлаб қолган одам намозни қазо қилиши лозимлиги таъкидланмоқда. Шариатда узр ҳисобланган ушбу икки ҳолатда ҳам намозни қазо қилиш шарт бўлганидан кейин, қасдан қолдирган кишига уни қазо қилиш албатта лозиму лобуддир. Қазони кечиктирмаслик керак. Имкон қадар тезроқ бажаришга ҳаракат қилиш лозим. Тирикчилик, зарурий юмушлар ва бошқа ҳожатлар узр бўла олади. Қазони жамоат бўлиб ўқиш мумкин. Шарти – жамоат бўлмоқчи бўлган кишилар айнан бир вақтнинг наозини қазо қилишлари керак. Ўша кунги Бомдоднинг суннатидан бошқа суннатлар қазо қилинмайди. Агар қазо қилинадиган намозлар ададини билиб бўлмайдиган даражада кўп бўлиб кетса, зиммасидагини адо қилганига кўнгли тўлгунча қазо ўқийди. Бунда киши ўзига осон бўлиши учун аввалги ўқимаган намозини ва охирги ўқимаган намозини тайин қилиб олиб, ўшанга қараб ўқийверади “.энг охирги қолдирган намозимнинг қазосини ният қилдим” дейди Қуёш чиқаётганда, қиёмга келганда ва ботаётганда қазо намози ўқилмайди. Бундан бошқа барча вақтларда қазо намоз ўқиш мумкин.