Менинг Қуръонни ёд олишга иштиёқим баланд. Аллоҳнинг амри билан ёд олишга ҳаракатни бошладим. Тез кунларда рамазон ойи ҳам кириб келади. Ҳаммага маълумки, рамазонда таровиҳ намозларида хатми Қуръон ўқилади. Шунда мен ўша таровиҳ ва хатмларга қатнашмасдан дарсим билан машғул бўлсам бўладими? Аллоҳга шукур зеҳним яхши, шикоят қилмайман. Шунинг учун маълум бир муддатни олдимга мақсад қилиб, Қуръон ёд олиш учун белгилаб олганман. Агар рамазонда таровиҳ ва хатмларни ҳисобини олсам, мен белгилаган муддатдан ўтиб кетаяпти. Бундан ташқари яна олдимда бир қанча амалга ошириш учун белгилаб қўйган диний мақсадларим бор. Ҳазрат, ҳаққимга дуо қилишингизни сўраб қоламан. Бу ишимда Аллоҳ Ўзи ёрдамчи бўлсин ва каломини осон қилиб қалбимга жо қилсин. Келажакда динга хизмат қилишга муваффақ қилсин.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Аллоҳ таоло сизга Ўзи ёрдамчи бўлсин ва каломини осон қилиб қалбингизга жо қилсин ва сизни келажакда динга хизмат қилишга муваффақ қилсин. Таровиҳ намозида иштирок этиш ўрнига Қуръони Каримни ёдлаш мумкин.