Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ўғрини қўлини кесиш ҳукми ҳақида билдирилган фикр

20:51 / 03.08.2014 | Abu Abdulaziz | 4711
Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Мени бир танишим фикрим бўйича ўғирлик учун қўлни кесиш яхшимас, жазо жуда қаттиқ деб айтди. Мен аниқ илмим бўлмагани учун унга жавоб бера олмадим. Шу ҳақда сиздан сўрамоқчи эдим. Қўлни кесиш ҳукми Қуръонда келганми ёки ҳадисдами? Умуман шаръий ҳукмларга мана шундай фикр билдираётганларга қандай жавоб қилсак бўлади? Яқинда фарзандлик бўлгандим, исмини Одилбек қўйдик, шу фарзандимни ҳаққига ҳам дуо қилсангиз Устоз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: 38. Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу Аллоҳдан бездирувчи иқоб ўлароқ, касб қилган нарсаларига яраша жазодир. Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир. Ушбу ояти карима ва унда баён қилинган ҳукм энг кўп тортишувларга, баҳсларга ва муқоясаларга сабаб бўлган масалалардандир. Мазкур баҳс, тортишув ва муқоясалар ҳозирги кунда – Ислом душманлари Аллоҳнинг шариатига қарши ҳужумларни кўпайтирган пайтда янада авж олди. Одамлар орасида турли нотўғри фикрлар ҳам тарқалди. Ислом шариати парчаланмас, бир бутун тузумдир. Оятда ана ўша тузумда яшаб турган кишилардан ўғрилик қилганларининг қўлини кесиш ҳақида сўз кетмоқда. Исломий жамият ўз ҳукми остида яшаётган кишиларга, ким бўлишидан қатъи назар, яхши ҳаёт кечириш ҳуқуқини беради. Уларни тўғри йўлда тарбиялайди. Ижтимоий ҳаётда адолатни ўрнига қўяди. Шахсий мулкнинг ҳалол йўл билан ривожланишига эшикни кенг очиб қўяди. Жамият аъзоларининг ижтимоий таъминотини ҳам йўлга қўяди. Хулоса қилиб айтганда, кишиларни ўғриликка бошлайдиган омилларнинг олдини олади. Ана шундан кейингина ўғрининг қўлини кесишга ҳукм чиқаради. Ислом ҳар бир инсонга яхши ҳаёт кечириш ҳақ-ҳуқуқини бериши инсонларнинг яхши еб-ичиши, кийиниши, турар жойга эга бўлишида ўз аксини топади. Бу нарсага эришишнинг асосий йўли ҳар бир инсоннинг ҳалол меҳнатидир. Ислом жамияти ўз аъзоларига ҳалол меҳнат ила касб қилишга тўлиқ шароит яратиб беришга масъулдир. Фуқаронинг ҳунари бўлмаса, ҳунар ўргатади. Ҳунарини рўёбга чиқаришга имкон ёки майдон бўлмаса, ўша имкон ва майдонни яратади, иш топиб беради. Агар ушбу омилларни ишга солиб ишласа ҳам, топгани кун кечиришга етмаса ёки бошқа сабаблар туфайли ишлай олмаса, Ислом шариати бўйича, бошқа томонлардан ёрдам олади. Аввало, иқтисодий жиҳатдан ҳолати яхши бўлган яқин қариндошларидан унга нафақа жорий қилинади. Ёки бу иш яшаб турган жойидаги бой кишилар зиммасига юкланади. Бунга ҳам имкон бўлмаса, мусулмонларнинг байтул моли – хазинасидан нафақа олади. Унда ҳам етарли бўлмаса, давлат бой фуқаролардан олиб беради. Шунча ғамхўрлик ва яхшиликлари бор жамиятда одам ўғрилик қиладими? Агар шунда ҳам ўғрилик қилинса, қўлини кесишга лойиқ иш ҳисобланмайдими бу?! Ҳазрати Умари Одил розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида йўлда кетаётиб, тиланиб ўтирган қари одамни кўриб қолибдилар. – Бу ким? – деб сўрабдилар. – Бу – Фалончи яҳудий, қариб, ишга ярамай, шу ҳолга тушиб қолди, – дейишибди. Ҳазрати Умар: – Ёшлик чоғида ундан жизя олсаг-у, қариганида шу ҳолда ташлаб қўйсак, адолатдан бўлмайди, – дебдилар-да, ҳалиги яҳудийга байтул молдан нафақа белгилабдилар. Кўриниб турибдики, мазкур имтиёздан мусулмон эмаслар ҳам фойдаланадилар. Ислом жамияти ўз аъзоларини тўғри йўлда тарбия қилади. Уларнинг тарбияси иймон асосига, Аллоҳдан қўрқиш, қиёматдан умидвор бўлиш асосига қурилади. Ризқни ҳалол йўл билан топиб ейиш ҳар бир мусулмон учун вожиб эканини чуқур тушунтириб тарбия қилинади. Ўғрилик қилиш, бировнинг молини ботил йўл билан ейиш гуноҳ экани, ўғрилик қилган одам гуноҳкор бўлиши, шариат ҳукми бўйича унинг қўли кесилиши тушунтирилиб, тарбия қилинади. Ана шундан кейин ҳам ўғрилик қилганнинг қўли кесилмасинми? Исломий жамият ижтимоий адолатни ўрнига қўяди. Бу жамиятда бировнинг ҳақини бошқаси емайди, зулм йўли билан тортиб олмайди. Ҳар ким ҳалол меҳнатига яраша ҳақ олади. Унинг меҳнати капиталист ёки давлат томонидан таҳқирланмайди. Жамият мулки ҳисобланган нарсаларда ҳар бир инсоннинг тегишли ҳаққи бор, улардан фақат давлатбошилар ёки баъзи шахслар ва оилаларгина фойдаланмайди. Ислом жамияти шахсий мулкни ривожлантиришга кенг йўл очиб қўяди. Одамлар ҳалол йўл билан қанча кўп молу мулк топса, шунча яхши. Давлат улардан мол-мулкларини тортиб олмайди. Бошқа кишилар уларга ҳасад қилмайди. Мана шундай шароитда яшаб туриб ҳам, ҳалол меҳнатга ҳаракат қилмай, бировларнинг ҳақини ҳаром йўл билан олишга чўзилган қўл кесилса, арзимайдими?! Ислом жамияти ўз аъзоларининг ижтимоий таъминотларини яхшилаб, йўлга қўяди. Аввало, ночор кишиларнинг нафақасини яқин қариндошларига Аллоҳнинг олдидаги диний бурч сифатида вожиб қилади. Ота фарзандларига, эр хотинига, ака укаларига, фарзанд ота-онасига ва ҳоказо нафақа бериши шарт. Яъни бой қариндошлар ночорларига нафақа беришлари вожиб. Ўз ихтиёрлари билан беришмаса, қози ҳукм чиқариб, мажбур қилади. Фиқҳ китобларимизнинг нафақа бобида бу масалалар кенг ёритилган. Ночор инсоннинг яқин қариндоши бўлмаса, унга давлат ёрдам беради, бой мусулмонлар нафақа берадилар. Иш берувчи ишчига нафақа беради ва ҳоказо. Агар бу чоралар қўлланмаган бўлса, ўғрилик содир этган одамнинг қўлини кесишга ҳукм чиқаришга давлат ҳақли бўла олмайди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига Музайна қабиласидан бир неча йигитни бировнинг туясини ўғирлаганлари учун ушлаб, олиб келдилар. Ҳазрати Умар уларнинг қўлларини кесишга амр қилдилар. Шунда баъзилари бу йигитлар Ибн Ҳотиб ибн Балтаъа исмли кишининг йигитлари эканини, хўжайинлари уларга овқат бермагани учун туя ўғирлаб, сўйиб ейишга мажбур бўлганларини айтдилар. Ҳазрати Умар ҳукмни дарҳол бекор қилдилар. Хўжайинни чақириб келиб, койидилар, йигитларни эса ўғирланган туянинг баҳосини икки баробар тўлашга амр қилдилар. Айни чоғда, шариат ҳукмига кўра, бировни ушлаб келиб, манави ўғри экан, дейилса, дарҳол қўли кесилавермайди. Бу тадбирнинг ўзига яраша тартиб ва қоидалари бор. Буларни бир чеккадан яхшилаб тушуниб олиш керак. Аввало, ўғрилик нима – шуни билиб олайлик. Шаръий истилоҳда ўғрилик бировнинг беркитилган молини махфий суратда олишдир. «Беркитилган» деганимиз, «қаровсиз қолмаган» деган маънони англатади. Омборга қўйиб, қулфланган ёки қоровул қўйилган бўлса, мол беркитилган бўлади. Қаровсиз қолган молни ўғирлаган одамнинг қўли кесилмайди, балки бошқа чора кўрилади. Беркитилган жойдан чиқиб қолган, омборнинг эшиги очиқ қолиб, ундан кўриниб турган молдан олган одамга ёки мол бор жойга кириб-чиқиб юришига рухсат берилган одамларга нисбатан ҳам, агар молдан олсалар, бошқа чора кўрилади. Ўғрининг қўли кесилишидаги энг муҳим шартлардан бири – беркитилган жойдан ўғирланган мол Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги чорак динор қимматга эга бўлиши керак. Ундан оз бўлса, ўғрининг қўли кесилмайди. Унга бошқа чора кўрилади. Энди қўли кесилиши лозим бўлган ўғрига бу жиноят қандай тарзда собит бўлади? Яъни қозихона «Бу одамнинг айбдор – жиноятчилиги собит бўлди, қўли кесилсин», деб қачон ҳукм чиқара олади? Ўғрилик собит бўлиши аввало ўғрининг шахсий эътирофи ила бўлади. У эътироф қилганидан сўнг, юқоридаги шартлар текшириб чиқилади. Тўғри келса, яна бир бор ўғридан бу ишни тушуниб қилган-қилмагани сўралади. Ана шундан сўнг ҳукм чиқарилади. Яна ўғрилик икки адолатли кишининг гувоҳлиги билан ҳам собит бўлади. Гувоҳ адолатли бўлиши жуда муҳим. Яъни умрида ҳеч қачон шариатга хилоф қилмаган, ёлғон гапирмаган, аввал гувоҳлиги нотўғри чиқмаган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам қозилар гувоҳларнинг гувоҳлигини қабул қилишдан олдин уларнинг кимлигини ўрганиб чиқадилар. Жамиятдаги эътиборли кишилардан уларнинг поклиги, адолати ҳақида маълумот олади. Сўнгра гувоҳлигини қабул қилади. Мазкур шартларда озгина шубҳа туғилса, қўл кесиш бекор қилинади. Агар ўғрилик шубҳасиз собит бўлса, ўғрининг ўнг қўли билаги билан кафтини бирлаштириб турувчи бўғиндан кесилади. Исломнинг бу ҳукмига қарши чиқувчилар, «Бу жазо инсонпарварлик руҳига тўғри келмайди, ўғри қанчалик миқдорда ўғрилик қилган бўлса ҳам, қўлини кесмасдан, қамаш керак», – дейишади. Неча юз йиллардан буён бу тадбирларини жорий ҳам қилмоқдалар. Аммо йилдан-йилга, ойдан-ойга, кундан-кунга ўғрилик кўпайиб бормоқда. Майда ўғрилар учун қамоқхона жазо эмас, балки малака ошириш курси, ўғрилик ишини янада чуқурроқ эгаллаш мактаби бўлиб қолди. Қамоқдан ўзидан кўра тажрибали шахслардан тажриба ўрганиб чиқиб, аввалгисидан каттароқ ўғрилик қилмоқдалар. Бу мантиқсиз ҳолат етти ёшдан етмиш ёшгача – ҳамманинг истеҳзосига сабаб бўлмоқда. Исломий жазо бўлмиш қўл кесиш эса энг самарали омил ҳисобланади. Исломда жиноятнинг олдини олишга, таг-томири билан йўқотишга ҳаракат қилинади. Шунинг учун ҳам тайин қилинган жазолар нафақат тан жазоси, балки руҳий, маънавий ва тарбиявий жазо ҳам ҳисобланади. Бу маънода Исломда кўзда тутилган жазолар жиноятчи нимани кўзлаб жиноят қилса, уни аввало ўшандан маҳрум қилишга ўтилади. Мисол учун, меросга тезроқ етиш учун мерос қолдирувчининг ўлимига сабаб бўлган меросхўр аввал меросдан маҳрум қилинади, кейин бошқа чоралар кўрилади. Ўғрилик қилган одам бу ишга осонлик билан молу мулкка эга бўлиш мақсадида қўл уради. Унга молу мулк топишни қийинлаштириш учун қўли кесилади. Қолаверса, бошқа жазо чоралари каби, бу жазо ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга. Жазо ҳукми кўпчилик халқни тўплаб туриб ижро этилади. Кўпчиликнинг ичида шарманда бўлган ва танасида жиноятининг белгиси қолган шахс иккинчи бор бу ишга қўл урмайди. Энг муҳими – ҳукмни ижро этиш пайтида ҳозир бўлганлар ҳам ўрнак олиб, шу каби шарманда бўлмаслик учун ўғриликдан тийиладилар. Бу ҳукмнинг ижро этилишидан кўра, унинг ҳайбати кўпчиликни жиноятдан ушлаб туриши эътиборга сазовордир. «Ўғрининг қўли кесилади», деган ҳукм чиқиши биланоқ кўпчилик ўзидан-ўзи қуйилиб қолади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида ушбу ояти карима нозил бўлганидан сўнг уч-тўрт кишининг қўли кесилиши билан ҳеч ким ўғрилик қилмай қўйган. 39. Ким зулмидан кейин тавба этса ва ислоҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қиладир. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. Гуноҳ қилган банда тавбага шошилмоғи лозим. Аммо бу ояти каримага чуқурроқ назар соладиган бўлсак, унда: «...тавба этса ва ислоҳ қилса…» – дейилмоқда. Мусулмон одам учун ёмонликдан қайтишнинг ўзи кифоя қилмас экан. Ёмонликдан қайтиш билан бирга, яхшилик амалларни қилиши ҳам зарур экан. Чунки ёмонликни қилмай қўйиб, юраверса, орада бўшлиқ пайдо бўлади ва бу бўшлиқ уни яна ёмонликка қайтариши мумкин. Шунинг учун ҳам яхшилик қилиш тавбани қабул этиш шартларига қўшилмоқда. Ўғриликка қўл урган одам афсус ила тавба қилиб, тавбанинг шартларига риоя этса, Аллоҳ таоло ҳузурида албатта, унинг тавбаси қабулдир. Аммо у қўлга тушиб, иши қозихонага етса, унга нисбатан чора қўлланиши шарт. Бу ерда уни кечириб бўлмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бир одам қимматбаҳо ридосини бошига қўйиб, ухлаб ётганда, бошқа бир шахс астагина ридони ўғирлайди. Аммо бир оз ўтиб, қўлга тушади. Ридонинг эгаси уни ушлаб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб боради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғрининг қўлини кесишга амр қиладилар. Шунда ридонинг эгаси раҳм қилиб: – Майли, мен розиман, битта ридо учун қўли кесилиб кетмасин, – дейди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: – Шу гапингни уни менинг олдимга олиб келмай туриб айтганингда, бўлар эди. Аммо энди мумкин эмас, – дейдилар. Ўғирланган мол эгаси ўғрининг айбини кечиб юбора олмаганидек, ҳоким ҳам, ким бўлишидан қатъи назар, кечиб юбора олмайди. Мадинаи Мунавварада бир аёл ўғрилик қилиб, қўлга тушади. Унинг қариндош-уруғлари бундан қаттиқ ташвишланадилар. Агар қўли кесилса, бутун уруғимизга ор бўлади, деб қайғурадилар. Маслаҳатлашиб, «Усома ибн Зайд Пайғамбаримизнинг эркаси, уни ишга солайлик, кечириб юборсалар ажаб эмас», – дейишади. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу воситачилик қиладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ ғазабланадилар ва масжидда жамоат намозидан сўнг хутба қилиб: «Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг ҳаддидан бўлмиш бир ҳадда менга воситачи қўясизлар! Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам қўлини кесаман! Сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишига сабаб ҳам оддий одамга ҳаддни жорий этиб, обрўлига жорий этмаслик эди», – дедилар («Ҳадд» деганда шаръий жазо тушунилади).

Топ рейтинг www.uz Openstat