Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қандай йўл тутиш керак?

16:54 / 13.02.2015 | D.M | 4623
Уйда жанжал чиқса, хотин эрнинг хонадонини “дўзах” деса, қилган ишини миннат қилса, эр хотинини тинчлантирсаю, у тинчланмаса, ҳар хил бўлмағур гапларни гапираверса, хотинга ҳатто ўз ота-онасининг гапи ўтмаса. Бундай вазиятда нима қилиш керак? Эрни бу аёл билан яшаши жоизми?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

"Бахтиёр оила" китобини ўқишингиз керак. Унда оила учун зарур бўлган кўп гаплар жамланган. Ҳозирча ўша китобдан сиз сўраган масалани юборамиз. Ўзим ёзган китобни ҳар бир одамга алоҳида керак жойини юбориб туришимга мени мажбур қилманглар. Ахир мен бошқа ёзилмаган гапларни ёзишим, айтилмаган гапларни айтишим керак! Бош кўтариш содир бўлганда Эр-хотин орасидаги ўзаро муомалаларда содир бўладиган тушунмовчиликлар ва майда жанжаллар «Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши» сифатида ўтиб кетавериши мумкин. Аммо, иш жиддийлашиб, икки тарафдан бирининг бош кўтариши, яъни оилада ўзига юклатилган вазифаларни бажармаслик ҳолати юз берса, оиланинг бирлигига ҳақиқий таҳдид солинган бўлади. Энди жиддий чоралар кўриш зарур бўлиб қолади. Ушбу ҳолат, ҳақиқатда ҳам, жиддий бўлганлиги учун уни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда муолажа қилган. 1. Аёл томонидан бош кўтариш содир бўлгандаги ҳолатнинг муолажаси. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Беписандликларидан хавф қилинган(аёл)ларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар сизга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ Алий ва Кабийрдир» (34-оят). Беш қўл баробар эмас, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак? Уларга ҳолатларига қараб, муомала қилинади. Биринчи босқичда, итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида унга ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат самара бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. Агар фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқа чора кўрилади. Иккинчи босқич ҳижрон, бирга ётмаслик, гаплашмасликдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирлидир. Чунки бу масалада аёллар жуда ҳассос бўладилар. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйиши кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Ҳали инсофларини йўқотмаган бўлсалар, ўзларига келишларига, хатоларини тузатишларига сабаб бўлади. Аммо, бу чора ҳам таъсир қилмаса, аёл буткул инсофини ютиб, итоатсизликда, исёнда давом этаверса, бу унинг яхшилик билан йўлга кирмаслигининг аломатидир. Энди унга нисбатан янада таъсирчанроқ чора – ўзини билмаганларга қилинадиган муомала қўлланилади. «Беписандликларидан хавф қилинган(аёл)ларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг». Аммо, уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмайди. Ўтган аҳли солиҳ уламоларнинг бирларидан ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси сўралганида: «Мисвок ёки бирор бармоғи билан туртиш», – деганлар. Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра ал-Қушайрий розияллоҳу анҳу: «Ё Расулаллоҳ, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Набий алайҳиссалом: «Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», – деганлар. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» – деганлар. Бунга ўхшаш ҳадислар кўп. Кўриниб турибдики, ояти каримадаги уришга берилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир. Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсир чан, шошқалоқ бўлади. Сал нарса баҳонасида эрига нис батан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мум-кин. Аммо, кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди, юқорида саналган чора-тадбирларни ҳам қўллаш шарт бўлмайди. «Агар сизга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг». Бу нарса оилани мустаҳкамлашга омил бўладиган ишдир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик омилидир. Агар ким бу кўрсатмаларга юрмаса, ўзидан кўрсин. Чунки: «Албатта, Аллоҳ Алий ва Кабийрдир». Ушбу ояти карима охирги пайтларда кўпгина тортишувларга сабаб бўлди. Бу тортишувлар мусулмонлар билан мусулмонлар ўртасида ҳам, мусулмонлар билан бошқалар ўртасида ҳам бўлди. Баъзи чаласовод кишилар ғарбда яшаб туриб, аёлларни уриб туриш керак, деб, ушбу оятни далил қилиб келтирдилар. Ҳаттоки, уришни қандай амалга ошириш йўлларини баён қилганлари ҳам бўлди. Бу гапдан хабардор бўлган ғарбдаги инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш фаоллари Исломга ва Қуръони Каримга қарши норозилик билдира бошладилар ҳамда ўз жамиятларига аёлларга «душман» бўлган «зулм»га қарши чора-тадбирлар кўриш чақириқлари билан чиқдилар. Уларда Исломда аёл кишини аёл бўлганлиги учун вақти-вақти билан калтаклаб туриш керак, деганга ўхшаш тушунча пайдо бўлган эди. Аммо ояти каримадаги ҳақиқий маъно ва унга воқеъликда қандай амал қилиниши суриштирилмас эди. Аввало, бу оятдаги «уриш» фарз ҳам эмас, вожиб ҳам, суннат ҳам, мундуб ҳам, мустаҳаб ҳам эмас. Бу «уриш» дўқ-пўписа маъносида, холос. Амалда эса, деярли йўқ. Иккинчидан, бу ерда эр-хотин орасидаги мазкур ноқулай ҳолатни бартараф қилиш учун уришдан бошқа чора кўриш мумкин эмас, деган гап йўқ. Айтай лик, эр ўзига қарши бош кўтарган, беодоблик қилган аёлига насиҳат қилди, жойини бошқа қилиб олиб, ҳижрон ҳам қилди. Бас, шундан кейин хотинини уришни истамаса, гуноҳкор бўладими? Албатта, гуноҳкор бўлмайди. Агар у аёлни калтаклашдан бошқа ярашиш чорасини кўрса, гуноҳкор бўладими? Мисол учун, аёлининг бошини силаб, яхши гаплар айтиб, ярашиб олса, Қуръони Каримга қарши чиққан бўладими? Аввал таъкидланганидек, уламоларимиз бу оятдаги уришни «Мисвок билан ёки кўрсаткич бармоқ билан туртиш», деб таъвил қилганлар. Кўпчилик эса: «Берилган ушбу изндан фойдалангандан кўра фойдаланмаган яхшироқ», деганлар. Бунинг устига, кўплаб ҳадисларда эрларга аёлларини урмаслик таъкид билан тайинланган. Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ўз аёлини қулни калтаклагандек калтакламасин. Кейин (ўша) куннинг охирида яқинлик қил(гиси келиб қол)иши ҳам бор», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар. Ушбу ҳадиси шариф юқорида ўрганган оятимиздаги «уриш»дан мурод, қаттиқ уриш эмаслигига улкан далилдир. Агар оятда қаттиқ уриш қасд қилинганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демас эдилар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эр ўз хотинини калтакламаслиги кераклигини уқтирмоқдалар. Хотинга ўзига яраша муомала қилиш лозим. Уни уриб-калтаклашдан олдин, кейинги бўладиган алоқа ва муомалаларни ҳам бир ўйлаб қўйиш керак. Хотин қул эмаски, уни хоҳлаган вақтда калтаклаб, хоҳлаган вақтда ишлатаверилса. Ҳатто қулни ҳам калтаклаш яхши эмас. Хотинни калтаклашдан олдин уни қўйнида олиб ётишини ҳам, кўзи-кўзига тушишини ҳам бир ўйлаб қўйиш лозим бўлади. Уламоларимиз «Хотинни қаттиқ калтаклаш ҳаромдир» деган ҳукмни мана шу ҳадисдан олганлар. Мазкур чораларни қўллаш билан оилавий муаммолар батамом ҳал бўлиб қолмайди. Баъзида булар ҳам наф бермаслиги мумкин. Ундай ҳолатда нима қилиш кераклигини кейинги оят баён қилади: «Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, у(эр)нинг аҳлидан бир ҳакам ва бу (хотин)нинг аҳлидан бир ҳакам юборинг. Агар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ у(эр-хотин)ларнинг орасини мувофиқлаштирур. Албатта, Аллоҳ Алийм ва Хобийрдир» («Нисо» сураси, 35-оят). Бу ояти каримада келишмовчилик ҳам эр, ҳам хотин томонидан чиққан пайтда кўриладиган чора ҳақида гап кетмоқда. Бу ҳолатда оиланинг сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи қолмаган бўлади. Энди, бошқалар аралашиб бўлса ҳам, оилани сақлаб қолишга уринилади. «Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, у(эр)нинг аҳлидан бир ҳакам ва бу(хотин)нинг аҳлидан бир ҳакам юборинг». Эр ўзи рози бўлган қариндошини, хотин ҳам ўзи рози бўлган бир қариндошини ҳакамликка тайин қиладилар. Розилик кейинчалик ҳакамлар чиқарган ҳукмга ҳам рози бўлишлари учун керак бўлади. Албатта, ҳакамлар ақлли, тажрибали, турмушнинг пасту баландидан хабардор кишилар бўлиши лозим. Табиийки, икковлари ҳам Аллоҳдан қўрққан ҳолда, адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишлари керак. Ҳакамларнинг асосий вазифаси эр-хотин орасини ислоҳ қилишдир. Шунинг учун ҳам ояти каримада: «Агар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ у(эр-хотин)ларнинг орасини мувофиқлаштирур» деб, ҳакамларга ислоҳчилик нисбати берилмокда. Худди шу тушунчадан келиб чиқиб, баъзи уламолар: «Ҳакамларга фақат яраштириш, ислоҳ қилиш ҳуқуқи берилган», дейдилар. Бошқалари эса: «Ҳолатни ўргангач, ислоҳ қилишнинг иложи йўқлигига амин бўлишса, эру хотинни ажратиб қўйишга ҳам ҳақлари бор, шунингдек, уларга тегишли жазо чораларини, мол-мулкка оид масалаларни ҳам ҳал қилишади», дейдилар. Ҳазрати Усмон ибн Аффон Зиннурайн розияллоҳу анҳунинг ўз халифалик вақтларида худди шу ояти каримага амал қилиб иш юритилганлиги тафсир китобларимизда нақл қилинади: Ақийл ибн Аби Толиб деган киши Фотима бинти Утба ибн Робийъага уйланган эди. Аёл: «Сен менга сабр қилсанг, мен сенга нафақа бераман», – деган эди. Эри кўчадан келса: «Утба ибн Робийъа ва Шайба ибн Робийъалар қаерда?» – деб сўрарди. Бир куни эри: «Дўзахга кирсанг, сенинг чап томонингда бўлишади», – деб жавоб қилди. Хотин кийимларини кийиб, халифа – ҳазрати Усмон ҳузурига бориб, бўлган воқеани айтди. Ҳазрати Усмон кулдилар-да, Абдуллоҳ ибн Аббос билан Муовия ибн Абу Суфёнларни чақириб, ҳакам этиб тайинладилар ва уларга: «Агар яраштиришни истасангиз, яраштиринг, ажратишни истасангиз, ажратинглар», – дедилар. Албатта, ҳакамлар ўзларининг инсоний чекланган илмлари ва имконлари доирасида ҳукм чиқарадилар. Қолгани эса, ҳар бир нарсани ўзининг чексиз илми ила билувчи ва ҳар бир ишдан хабардор Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола. «Бир эр ва хотин Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига келишди. Икковларининг ҳар бири билан бирга бир тўпдан одам бор эди. Бас, Али уларга эрнинг аҳлидан бир ҳакам, хотиннинг аҳлидан бир ҳакам чиқаришга амр қилди. Кейин ҳакамларга: «Икковингиз вазифангиз нима эканини биласизми? Агар жамлашни раво кўрсангиз, қилинг. Агар ажратишни раво кўрсангиз, қилинг», – деди. Аёл: «Зараримга бўлса ҳам, фойдамга бўлса ҳам Аллоҳнинг ҳукмига розиман», – деди. Эр эса: «Ажратиш бўлса, рози эмасман», – деди. Шунда Али розияллоҳу анҳу: «Ёлғон айтибсан! Аллоҳга қасамки, ҳатто у (аёл) иқрор бўлган нарсага иқрор бўлмасанг, бўлмайди!» – деди!» Имом Шофеъий ривоят қилган. Демак, ҳакамлар иш бошлашидан олдин эр-хотин ўз розиликларини тўлиқ изҳор этишлари керак. Ҳакамлар эр-хотин орасини ажратиш ҳаққига ҳам эгалар. Лекин ҳакамлар кўпинча эр-хотинни яраштириб қўйишга ҳаракат қиладилар. Албатта, бу иш таъсирли чиқади. Чунки ҳакамлар қариндошлардан бўладилар. Улардан ҳар бири ўз қариндошининг оиласи бузилишини истамайди. Фақат ночор ҳолатлардагина ажратишга қарор қилишлари мумкин. Ҳозирги воқеълигимизда маҳалла қўмиталарининг ҳакамлик қилишлари одат бўлган. Бу ҳам яхши иш. Улар ҳам оилаларнинг бузилишидан кўра ярашиб кетишининг ташвишини қиладилар. Шунингдек, маҳкамалар ҳам. Буларнинг ҳаммаси эр-хотинни яраштириб қўйиш чораларини кўрганлари яхши.

Топ рейтинг www.uz Openstat