Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Каффорат

11:52 / 02.03.2016 | sayora | 6290

Ассалому алайкум! Кўз, қулоқ, қўл, тил ёки оёқ зиносини қилган киши учун каффорат борми? Ёки чин қалбидан тавба қилиб, ўша ишни умуман бошқа қилмасдан, надомат чекиб ҳамиша истиғфор айтиб юрса кифоями?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

Тавбанинг турлари:

1. «Иноба тавбаси» – Аллоҳ таолонинг қудратидан қўрқиб қилинган тавба. 2. «Истижоба тавбаси» – Аллоҳ таолонинг яқинлигидан уялиб қилинган тавба. 3. «Фосид тавба» – фақат тил билан қилинган тавба. 4. «Саҳиҳ тавба» – банданинг гуноҳ қилиши билан дарҳол ўзини билиб, ундан қайтиши. 5. «Насуҳ тавба». Араб тилидаги «насуҳ» сўзи «холис», «жазм», «содиқ», «насиҳат қилувчи» маъноларини англатади. Демак, «тавбатан насуҳан» бирикмаси «холис тавба», «жазм тавба», «содиқ тавба», «насиҳатга тавба» маъноларини англатади. Аллоҳ таоло бундай деб буюради:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحًا

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар!» (Таҳрим сураси, 8-оят). Насуҳ тавбанинг шаръий маъноси ҳақида кўпгина фикрлар ривоят қилинган. Жумладан, ҳазрати Умардан: «Тавбаи насуҳ нима?» деб сўралганда, «Кишининг ёмон ишдан қайтиб, сўнг унга абадий қайрилмаслигидир», деб жавоб берганлар. Журжоний: «Насуҳ тавба олдинги гуноҳга қайтмасликка мустаҳкам азму қарор қилишдир», деган. Таҳонавий : «Насуҳ тавба қалб амалларидан бўлиб, қалбни гуноҳлардан тозалашдан иборатдир. Унинг аломати банда маъсиятни ёмон кўриши ва қабиҳ санаши ҳамда ҳеч хотирига келтирмаслигидир», деган. Тавба ва унинг шартлари ҳақида имом Нававий қуйидагиларни айтади: «Ҳар бир гуноҳдан тавба қилиш вожибдир. Агар қилинган гуноҳ банда билан Аллоҳ таолонинг орасидаги иш бўлса, одам боласининг ҳаққига боғлиқ бўлмаса, тавбанинг тўғри бўлиши учун уч шарт бордир: 1. Маъсиятдан бутунлай ажраб чиқиш. 2. Уни қилгани учун надомат қилиш. 3. Абадул-абад уни қайтармасликка азму қарор қилиш. Ушбу шартлардан бирортаси бўлмаса, тавба тўғри бўлмайди. Агар қилинган гуноҳ одам боласининг ҳаққига боғлиқ бўлса, тўртинчи шарт – ўша одамнинг ҳаққидан қутулиш зиёда қилинади. Ҳақ молу мулк ёки шунга ўхшаш нарса бўлса, уни эгасига қайтарилади. Ҳақ шаръий жазога лойиқ иш бўлса, ўзини жазога тутиб беради ёки ҳақ эгасидан афв қилишини сўрайди. Агар ҳақ ғийбат каби маънавий нарсаларда бўлса, мазлумдан ҳаққини ҳалол қилишини илтимос қилади. Албатта, бунда тавба учун қилинаётган иш аввалгисидан кўра катта зарар келтирмаслиги шарт. Барча гуноҳлардан тавба қилиш вожибдир. Агар баъзисидан тавба қилса, ўша гуноҳдан қилган тавбаси тўғри бўлади. Қолган гуноҳлари тураверади. Тавба аслини олганда, олий мақомлардан биридир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг энг суюкли бандалари бўлмиш набийлар ва расуллар ҳам тавбани лозим тутганлар. Шайтон алайҳилаъна тавба қилмай, тавқи лаънатга учради. Одам алайҳиссалом тавба билан мукаррамликка эришдилар. Аллоҳ таоло набийларнинг тавбалари ҳақида шундай деб марҳамат қилади:

وَإِذْ يَرْفَعُ إِبْرَاهِيمُ الْقَوَاعِدَ مِنَ الْبَيْتِ وَإِسْمَاعِيلُ رَبَّنَا تَقَبَّلْ مِنَّا إِنَّكَ أَنتَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ ۝ رَبَّنَا وَاجْعَلْنَا مُسْلِمَيْنِ لَكَ وَمِن ذُرِّيَّتِنَا أُمَّةً مُّسْلِمَةً لَّكَ وَأَرِنَا مَنَاسِكَنَا وَتُبْ عَلَيْنَآ إِنَّكَ أَنتَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ

«Иброҳим билан Исмоил: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи Зотсан», деб Байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла. «Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимизни ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли Зотсан» (Бақара сураси, 127-128-оятлар). Аллоҳ таоло солиҳ мўминларнинг сифатларини баён қилар экан, энг аввало уларнинг тавба қилувчилар эканини зикр қилади:

التَّائِبُونَ الْعَابِدُونَ الْحَامِدُونَ السَّائِحُونَ الرَّاكِعُونَ السَّاجِدونَ الآمِرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَالنَّاهُونَ عَنِ الْمُنكَرِ وَالْحَافِظُونَ لِحُدُودِ اللّهِ وَبَشِّرِ الْمُؤْمِنِينَ

«Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер!» (Тавба сураси, 112-оят). Бу ояти каримада мўмин кишининг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда, агар уларда бу сифатлар мавжуд бўлса, мўминлик шарафига эришадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берадиган хушхабарга ҳақли бўладилар. Чунки улар билиб-билмай содир этган ҳамма гуноҳларидан тавба қилиб қайтадилар. Гуноҳларига чин қалбдан афсус-надомат чекадилар ва уни иккинчи қайта такрорламайдилар. Аслини олганда, билиб-билмай қилинган гуноҳлар учун истиғфор айтиш иймоннинг етук аломатидир.(“Хислатли ҳикматлар шарҳи” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat