Ассаламу алайкум! Террорчилар ҳақидаги саволни ўқиб, “Жиҳодни ер юзида ҳамма мусулмонларга битта халифа бўлсагина фақат ўшанинг эълон қилишга ҳаққи бор. Қолган бирор кимсанинг ҳаққи йўқ” деб тушундим. Фикрим тўғрими?
2-агар инсон бирон бирор суннат амалини суннатлигини билмаган ҳолда қилса, унга савоб бўладими? Ҳамма ҳам суннат амалларини 100 фоиз билмайди, лекин ҳар куни бир неча суннат амалини қилиши мумкин.
Ва алайкум ассалом! Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Очиқ хат” номли китобини ўқинг.
2-бир амалдан савоб ҳосил бўлиши учун биринчидан шариатга мувофиқ бўлиши, иккинчидан холис Аллоҳ учун бўлиши шарт қилинади. Одат билан ибодатнинг орасидаги фарқ, ният қилишдадир. Барча одат қилинган яхши амалларни ибодат деб қилса, савоб олади, ният қилмаса савоб олмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ҳадисларида : “Ким эҳтисоб қилса”, яъни ўша қилган амалидан савобни умид қилса деганлар. Демак амални ўзини қилиш кифоя қилмай, ундан савобни ҳам умид қилинади. Таҳонавий роҳматуллоҳи алайҳ “Хутубот”ларида бир ҳикояни келтиради. Унда : “Бир улуғ зот янги уй қурган шогирдининг уйига меҳмонга келиб, девордаги ёруғлик тушиб турадиган туйнукни кўриб “Бу туйнукни нега қўйдингиз” деди. Шогирд “Ёруғлик тушиб турсин деган ниятда қўйдим” деб жавоб берди. Устоз “Афсус, меҳнат ва ҳаражат. Агар “Намоз вақти кирганини ва Азонни эшитиш учун” деб ният қилганингда, модомики туйнук ўз жойида турар экан ниятинга яраша савобга ҳам эга бўлар эдинг ёруғлик ҳам тушар эди” деган экан”. Валлоҳу аълам.